Жаҳон | 12:49
1238
2 дақиқада ўқилади

АҚШ сенаторлари Украинага 55 млрд доллар ажратишни таклиф қилди

Республикачилар ва Демократик партиялар сенаторлари Украинага икки йил давомида 54,6 миллиард доллар ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди. Ёрдамнинг учдан бир қисми музлатилган Россия активларидан олинган даромадлар ҳисобидан молиялаштирилиши таклиф қилинмоқда.

Фото: REUTERS

31 июл, пайшанба куни АҚШнинг Республикачилар ва Демократик партияларидан сенаторлари Украинага келгуси икки йил давомида, жумладан, музлатилган Россия активлари ҳисобидан 54,6 миллиард доллар ёрдам ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди.

Ташаббусни Демократик партиядан Ташқи ишлар қўмитасида вакил бўлган демократ Жинн Шейхин ва республикачи Лиза Меркауски таклиф қилган. Режага кўра, сарфланган барча маблағларнинг учдан бир қисми (18,2 миллиард доллар) Россиянинг мусодара қилинган активлари ва европалик шерикларга қурол сотишдан тушган даромадлардан тушади. Бундан ташқари, дастурни амалга ошириш учун АҚШнинг Украинада ноёб металларни қазиб олишдан оладиган маблағларидан фойдаланиш таклиф қилинмоқда.

Қонун лойиҳаси нафақат Украинага тўғридан тўғри ҳарбий ёрдам, балки Америка ҳарбий арсеналларини тўлдириш учун ҳам харажатларни назарда тутади. Бундан ташқари, маблағнинг катта қисми украиналикларга юборилган эски тизимлар ўрнини босадиган янги қуролларни сотиб олишга сарфланади. Қонун лойиҳаси, шунингдек, АҚШ президентига Украинага қурол етказиб беришни Конгресс тасдиғисиз маъқуллаш имконини беради.

Бироқ, The New York Times таъкидлаганидек, ҳозирча фақат бир неча республикачилар қўшимча маблағ ажратишни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирган. Улар орасида сенатор Митч Макконнел ҳам бор, у Трампнинг Россияга қарши янги санкциялар ва шерикларига қарши иккиламчи санкцияларни кўриб чиқиш режаларини ҳам маъқуллади.

Мавзуга оид