Туризм | 18:30
1856
4 дақиқада ўқилади

Ўрта Ер денгизи узра мароқли сайр, афсонавий қалъага саёҳат: Туркиянинг Аланя шаҳридан фоторепортаж

Жазирама иссиқда денгизда чўмилиш, Ўрта Ер денгизи узра кемада саёҳат қилиш, тарихий қалъаларга сайр ҳамда барча имкониятларга эга меҳмонхона хизматидан фойдаланиш, турк ширинликларидан баҳраманд бўлиш учун энг яхши локациялардан бири бу Туркиянинг Аланя шаҳридир. 12 июн кунидан бошлаб биринчи марта Тошкент–Аланя йўналишида тўғридан тўғри рейс йўлга қўйилди. Авиаташув “Uzbekistan Airways” компанияси ва “Asialuxe Travel” туроператорининг ҳамкорлиги натижасида амалга ошди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ушбу ташаббус туристик имкониятларни кенгайтириш ва саёҳатчилар учун қулай шароитларни яратишга қаратилган.

Бунгача Asialuxe Travel туроператорининг тўғридан тўғри рейслари орқали Анталияга учиб, сўнгра машинада Аланяга бориш мумкин эди. Ушбу аҳамиятли воқеа Ўзбекистон ва Туркия ўртасида халқаро авиаташув ва туристик алмашинувни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.

Аланя – Ўртаер денгизи соҳили, Торос тоғлари этакларида жойлашган курорт маскан бўлиб, ажойиб иқлими, чўмилиш жойлари ва ривожланган туристик инфратузилмаси билан машҳур.

Аланя қалъаси

Аланяга келган турист борки, энг аввало саёҳатни яриморолчада жойлашган Аланя қалъаси билан танишишдан бошлаши аниқ.

Ўртаер денгизи тўлқинлари ювиб турган қалъа 1221 йилда Салжуқийлар султони Аловуддин Кайкубод томонидан забт этилган. Қалъанинг юқори қисмидан Клеопатра пляжи ва денгизда сузиб юрган кемаларни завқ билан кузатишингиз мумкин. 

Тарихий масжид ва тепаликдаги бозор

Салжуқийлар султони Аловуддин Кайкубод томонидан 1231 йилда қурилган тарихий масжиднинг завқи бошқача.

Эътиборимизни тортган яна бир маскан кичик бозорча бўлди. Тепаликдаги бозорда турк ҳунармандлари томонидан ишланган оёқ-кийимлару, тақинчоқлар миллий маҳсулотлар сотилар экан.

Қизил минора

Qizil Kule (Қизил минора) Аланя шаҳрининг алоҳида диққатга сазовор жойидир. XIII асрга оид бу иншоот Аланя шаҳрининг рамзи ҳисобланади ва ҳатто шаҳар гербида ҳам тасвирланган.

Минора қурилиши салжуқийлар султони Аловуддин Кайкубод ҳукмронлигининг бошида бошланган ва 1226 йилда якунланган. Султон бино қуриш учун Суриядан араб меъморини таклиф қилган. Минора 1950 йилларда қайта тикланган.

Ажойиб ғорлар

Аланянинг яна бир диққатга сазовор масканларидан бири Дамлатош ғоридир. Ғорлардаги шифобахш ҳаво кўплаб нафас йўллари касалликлари учун даво экани айтилади.

Ташқарида иссиқ ҳаво ичкарига кирсангиз муздек ва майин ҳавога алишади. Ғор ичкарисида туристлар учун махсус ўриндиқлар тайёрланган.

Мароқли денгиз саёҳати

Аланядаги саргузаштлар ичида энг эсда қоларлиси бу шубҳасиз денгиз саёҳатидир. Ўртаер денгизи узра кемада сайр давомида қалъа атрофи, шаҳарнинг ташқаридан кўринишини мароқ билан томоша қиласиз. Шунингдек саёҳат давомида бир неча марта денгизда чўмилиш имконияти ҳам берилади. Қисқа қилиб айтганда Туркиянинг Аланя шаҳрига бўлган саёҳатингиз жуда мароқли ва сермазмун ўтиши аниқ.

“Аланя бу – шунчаки курорт эмас, бу ҳиссиётлар, қуёш ва туркча меҳмондўстлик. Янги рейс минглаб ўзбекистонликлар учун дам олишни ҳамёнбоп ва ёқимли қилишига ишончимиз комил”, дейди “Asialuxe Travel” вакили.

“Авиакомпаниямиз Аланяга биринчи бўлиб рейс йўлга қўйганидан фахрланамиз. Бу катта ва машаққатли меҳнат натижасидир: рухсатномалар олишдан бошлаб экипажни тайёрлашгача. Рейс оммабоп бўлишига ва келгусида мамлакатлар ўртасида туризмнинг ривожланишига туртки бўлишига ишонамиз”, дея изоҳ берди “Uzbekistan Airways” компаниясининг вакили.

Жазирама кунларда денгиз қирғоғида сайр қилишни хоҳлаган юртдошларимизни Аланяга боришларини тавсия қиламиз. Бу йўлда сизга Аsialuxe Travel туроператори яқиндан ёрдам беради.

Сарвар Зиёев, Kun.uz

Мавзуга оид