Ўзбекистон | 18:33
484
2 дақиқада ўқилади

Айрим оилаларга мактабгача таълим хизмати учун моддий ёрдам тўлаш тартиби белгиланди

Моддий ёрдам Камбағал оилалар реестрига киритилган ва расмий банд бўлган ёлғиз она ёки отага ижтимоий шартнома асосида тўланади.

Фото: Kun.uz

Ҳукумат қарори билан «Камбағал оилалар реестрига киритилган расмий банд бўлган ёлғиз ота ва оналарга фарзанди учун мактабгача таълим хизматидан фойдаланиш учун моддий ёрдам тўлаш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Қарорга кўра, моддий ёрдам Камбағал оилалар реестрига киритилган ва расмий банд бўлган ёлғиз она ёки отага ижтимоий шартнома асосида тўланади.

Бунда уларнинг мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётган 3 ёшгача бўлган фарзанд(лар)ига БҲМ 1,5 бараваригача миқдорда тўлаб берилади.

Моддий ёрдам қонуний вакилнинг 3 ёшгача бўлган фақат 1 нафар фарзанди (болалар эгизак бўлса, эгизакларнинг ҳар бири) учун берилади.

Моддий ёрдам олиш учун қонуний вакил «Инсон» марказлари, Давлат хизматлари марказларига бевосита келган ҳолда ёки ижтимоий ходим ёхуд «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими, шунингдек, ЯИДХП (my.gov.uz) орқали ариза билан мурожаат қилади.

Аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

- қонуний вакилнинг фуқаролик биометрик паспорти маълумотлари;

- 3 ёшгача бўлган фарзанд(лар)ининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси(лари) маълумотлари;

- мобил телефони рақами;

- АТ «Халқ банки» банкида очилган банк картаси маълумотлари.

Моддий ёрдам ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасигача қонуний вакилнинг ижтимоий картасига, агар у мавжуд бўлмаса, «Халқ банки»да очилган банк картасига ўтказиб берилади.

Мавзуга оид