Кўчмас мулк | 19:29
1243
4 дақиқада ўқилади

Депутатлар реновация тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқди. Унда нималар назарда тутилган?

Реновация лойиҳаси ҳокимликлар, ўша ҳудудда яшаётган аҳоли ва хусусий инвесторлар томонидан илгари сурилиши мумкин бўлади. Бунда мулкдорларнинг камида 80 фоизининг нотариал тасдиқланган розилиги олиниши шарт. Адлия вазири ўринбосари қурилиш ва бузиш ишлари мулкдорнинг 100 фоиз розилиги билангина амалга оширилиши мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, қонун лойиҳасида қурилишнинг максимал муддати икки йил этиб белгиланяпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 5 август куни бўлиб ўтган йиғилишида “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Адлия вазири ўринбосари Маҳмуд Истамовга кўра, ушбу ҳужжат эскирган турар жой фондини янгилаш ва замонавий ҳамда энергия самарадор шаҳар муҳитини яратиш учун ҳуқуқий база яратади. Шу пайтгача мамлакат бўйлаб кўплаб реновация лойиҳалари амалга оширилган бўлса-да, ушбу жараёнларни тартибга соладиган ва унинг хусусиятларини ўзида ифода этадиган алоҳида қонун мавжуд бўлмаган.

Фото: Қонунчилик палатаси

“Бу жараёнлар умумий қоидаларни акс эттирувчи қонунлар ва кодекслар, хусусан, Фуқаролик кодекси, Шаҳарсозлик кодекси, Ер кодекси ва бошқа қонун ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келиняпти. Махсус қонун ҳужжатининг мавжуд эмаслиги бир қатор ҳолларда мулкдорлар ҳуқуқларининг поймол этилишига ҳам олиб келмоқда”, деди Истамов.

Вазир ўринбосарининг қўшимча қилишича, кўп квартирали уй-жойлар фонди жиддий янгиланишга муҳтож.

“Республика бўйича жами 42 мингдан ортиқ кўп қаватли уйлар мавжуд бўлиб, уларнинг қарийб 17 мингтаси икки-уч қаватли уйлардир. Шундан 343 таси ҳатто фойдаланиш муддатидан ўтган, техник жиҳатдан авария ҳолатида бўлиб, ҳозирги талабларга мутлақо жавоб бермайди. Жумладан, электр, газ, сув таъминоти тизимлари эскирган. Баъзиларининг ҳатто оқова сув тармоғи ҳам йўқ”, деди у.

Реновация қайси ҳудудда амалга оширилади?

Қонун лойиҳасида қайси ҳудудлар реновация қилинишига доир аниқ мезонлар белгиланяпти. Бунда қуйидаги омиллар асос қилиб олинади:

  • ҳудуднинг бош режада реновация ҳудуди сифатида эътироф этилган бўлиши;
  • уй-жойлар яшаш учун бутунлай яроқсиз ёки авария ҳолатида бўлиши;
  • ҳудуд аҳолисининг ижтимоий ҳаётига жиддий таъсир қиладиган ҳолатлар мавжудлиги.

Бундан ташқари, реновация лойиҳасини ҳокимликлар, ўша ҳудудда яшаётган аҳоли ва хусусий инвесторлар таклиф қилиши мумкин бўлади. Бунда мулкдорларнинг камида 80 фоизининг нотариал тасдиқланган розилиги шарт.

Адлия вазири ўринбосари мулкдор 100 фоиз рози қилинмаса, ҳеч қандай қурилиш ва бузиш ишлари амалга оширилмаслигини таъкидлади. 

Ҳар бир мулкдор учун уч хил компенсация шакли назарда тутилади:

  • реновация ҳудудининг ўзида қуриладиган янги кўп қаватли уйдан турар ёки нотурар жой бериш;
  • бошқа ҳудуддан жой бериш;
  • уйнинг бозор баҳосига тенг миқдорда пул тўлаш.

Қурилиш даврида фуқаро вақтинча ижара уйда яшаса, ижара харажатлари тўлиқ қоплаб берилади ҳамда ҳар бир мулкдорга ўзининг мулки бозор қийматининг қўшимча 12 фоизи миқдорида бир марталик товон пули тўланади.

Шунингдек, қонун лойиҳасида қурилиш муддати 2 йил этиб белгиланмоқда. Агар қурувчи икки йилда қуриб улгурмаса, кечиккан ҳар бир кун учун мулкдорга мулк қийматининг 0,5 фоиз миқдорида пеня тўлайди. Бундан ташқари мулкдорларга ҳам лойиҳада улушдорлик асосида иштирок этиш ҳуқуқи берилади.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда депутатлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид