Жамият | 20:07
7557
7 дақиқада ўқилади

“Ўрмонда ёғоч кесишга ишга оламиз деб алдаб, урушга жўнатишди” – Россия армиясига ёлланган йигит ҳикояси

Ота-онасига ёлғиз ўғил бўлган 25 ёшли йигит Россия армиясига ёлланиб, Суджа шаҳри яқинида ҳарбий хизматчиларга озиқ-овқат етказиб бериш билан шуғулланган. У бу ишни ўрмон оралаб пиёда бажарган. Оёғидан совуқ ўтиб, юролмай қолган йигит маълум муддат даволангач, Курск вилоятидаги ҳарбий лагердан қочиб, Ўзбекистонга қайтишга муваффақ бўлган.

Фото: РИА Новости

Россия армиясига ёлланиб, Украинага қарши урушда қатнашган ўзбекистонлик йигит жиноий жазога тортилди.

Kun.uz танишган суд ҳукмида келтирилишича, 2000 йилда туғилган Қ.С. 2024 йил 15 октябрда ишлаб пул топиш мақсадида Россияга борган. Қурилиш фирмаларидаги ишлар маъқул келмагач, Telegram’даги “Ростов работа” гуруҳидан иш излаб кўрган. Ўрмонда дарахт кесиш билан боғлиқ ишга таклиф берилган эълонни кўриб, ундаги телефон рақамига қўнғироқ қилган. Бу унинг учун Россия армиясига ёлланишдаги илк қадам бўлган.

Қ.С. иш таклифига асосан 2024 йил 29 октябр куни Ростов-на-Дону шаҳрига етиб борган. Уни кутиб олганлар тўғри Россия армияси сафида хизмат қилувчиларни қабул қилиш пунктига олиб боришган. Йигит пунктда Россия қуролли кучлари сафида хизмат қилиш учун бир йилга шартнома имзолаган.

Сўнгра Қ.С. Новочеркасск шаҳридаги ҳарбий қисмга бориб, ҳарбий хизматчилар билан бирга жанговар тайёргарликдан ўтган. Шундан сўнг у “Ахмад сила” ҳарбий полки, “Вагнер” ҳарбий компанияси ва Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари билан бирга Курск области, “Большое Солдатское” қишлоғидаги фронт позицияларини қўриқлаган.

Қ.С. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган ва уни дарахт кесишга ишга оламиз дея алдаб шартнома туздиришганини маълум қилган.

2024 йилнинг 15 октябр куни маҳалладошимнинг таклифига асосан Россиянинг Липецк вилоятига қурилиш фирмасида ишлаш учун бордим. Ишга кириш учун 2 ойдан ортиқ вақт кетишини билиб, Telegram’даги каналлардан иш изладим. “Ростов работа” деган каналдаги ўрмонда ёғоч кесиш иши маъқул бўлди. Кўрсатилган телефон рақамга қўнғироқ қилдим. Завод Ростов-на-Дону шаҳрида эканини, ойлик 150 минг рубллигини, иш ўрмон ичида бўлишини, ётиш ва овқатланиш ҳам завод ҳисобидан эканини айтишди. Ушбу таклиф менга мақул бўлиб, Ростов-на-Дону шаҳрига етиб бордим.

Авакс” фирмасининг маъмурий биносига олиб боришиб, тиббий кўрикдан ўтказишда ва ишга қабул қилишларини айтишди. Меҳнат шартномаси тузишга киришдик. Кейинчалик билишимча, мени алдаб, шартнома асосида оддий аскар сифатида Россия қуролли кучларига ҳарбий хизматга қабул қилишган экан.

2024 йил 30 октябр куни фирма вакиллари бизни ҳарбий полигонга олиб боришди. Мен билан жами 60 нафар шахс бирга келди. Уларнинг 4 нафари Ўзбекистон фуқароси эди. Полигон маъмурий биносида ҳарбий хизматчи бизни урушга “ўз хоҳишимиз билан келганимиз” учун табриклади ҳамда Украинага қарши урушда иштирок этишимизни маълум қилди. Норозиларга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши айтиб, огоҳлантиришди. Норозилар бўлса ҳам ҳеч ким айтишга журъат этолмади”, деган йигит ўз кўрсатмасида.

Қ.С. шундан сўнг электр таъминоти билан боғлиқ ишларни билгани учун ҳарбий шийпонларга уланган электр тармоқларини созлаш ишларига жалб қилинган. 2024 йил 19 ноябрда эса ҳарбийлар уларни Курск областидаги Любастан қишлоғига олиб боришган.

Бу ҳудудда аҳоли эвакуация қилинган бўлиб, уларнинг турар жойларига жойлашдик. Фақат ҳарбий кийим-кечак ва озиқ-овқат билан таъминландик. Аммо қурол беришмади. 21 ноябр куни менга 1,3 млн рубл ойлик беришди. Пулнинг 800 минг рублини дадамга жўнатдим, қолганига ҳарбий кийим ва ҳимоя воситалари сотиб олдим.

Мазкур ҳудуд уруш ўчоғидан 50 км узоқликда жойлашган эди. 2024 йил 1 декабр куни транспорт воситасида ўрмон ичида 2 соат юриб, махфий ҳарбий полигонга етиб келдик. 14 кун ҳарбий машғулотларни ўтадик. 14 декабр куни полигон командири бўлган “Ленин” лақабли шахс мен ва 20 нафарга яқин шахсларни бошқа ҳудудга кўчиришини айтди. Транспорт воситасида 4 соатга яқин юриб, бошқа ҳарбий полигонга бордик. Бу ерда бизни автомат ва бронжилет билан таъминлашди.

2024 йил 30 декабр куни манзилимиздан 250 км узоқда жойлашган ўрмон ичидаги ҳарбий қисмга етиб бордик. 5 та ротадан иборат 500 нафарга яқин ҳарбий хизматчи Украинага қарши ҳарбий топшириқ бажаришга юборилди. Берилган топшириққа асосан Суджа шаҳрига яқин Махиновка қишлоғига жўнатилдик. “Саня” исмли рота командири билан яқин муносабат ўрнатишга эришдим ва унга ота-онамнинг ягона ўғил фарзанди эканимни айтиб, ишғолчи гуруҳга қўшмаслигини илтимос қилдим. У рози бўлди.

Ҳарбий позицияларда жойлашган ҳарбий хизматчиларга озиқ-овқат етказиб бериш билан шуғулландим. Ушбу топшириқни ўрмон оралаб пиёда юриб бажарардим. Оёғимдан совуқ ўтиши оқибатида юролмай қолдим”, деган Қ.С. судда.

Шундан сўнг у шифохонада даволанган ва 2025 йил 11 феврал куни Курск вилоятидаги махфий ҳарбий қисмга юборилган. Бироқ оёғидаги оғриқ сабабли ҳарбий тайёргарликка чиқмаган. 2025 йил 24 феврал куни Ўзбекистон элчихонасининг ишонч рақамига қўнғироқ қилган ва бўлган воқеаларни айтиб берган. Сўнгра таксичилик билан шуғулланувчи Ҳикматилло исмли Ўзбекистон фуқаросини топиб, унга ҳарбий лагер яқинига келиб туришни илтимос қилган. Шу тариқа ҳарбий лагердан қочиб чиқиб, таксида Москва шаҳрига етиб борган.

Қ.С.га элчихонада “Ватанга қайтиш гувоҳномаси” расмийлаштириб берилган ва у 2025 йил 25 феврал куни самолётда Ўзбекистонга қайтиб келган.

Суд Р.Д.ни Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (ёлланиш) билан айбли деб топди. Унга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, жазони ўташ даврида оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик, интернетдан фойдаланмаслик, назорат қилувчи орган розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ва Жиззах вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик каби қўшимча чекловлар ўрнатилди.

Аввалроқ “Вагнер”га ёлланган ўзбекистонлик жиноий жазога тортилиб, 3 йил 6 ой муддатга озодлиги чекланганди.

Мавзуга оид