Бизнес | 13:24
3295
2 дақиқада ўқилади

Женнифер Лопез қандай қилиб энг бой санъаткорлардан бирига айланди?

Голливуд юлдузи Женнифер Лопезнинг умумий бойлиги қанча эканини биласизми? Тошкентда илк бор концерт бераётган дунё мега юлдузи Женнифер Лопез нафақат санъат ва шоу-бизнес вакили, балки молиявий жиҳатдан ҳам энг муваффақиятли аёллардан бири. У ушбу бойликни қўшиқчилик, кино саноати, телевидение ва тадбиркорлик ортидан топган. Лопез дунёдаги энг бой санъаткорлардан.

Фото: CNN

Forbes маълумотларига кўра, Лопез 2020 йилда тахминан 150 миллион долларга эга эди, шундан кейин у бир қатор йирик лойиҳалар бошлаган ва шартномалар тузган. 2025 йил ҳисоб-китобига кўра, унинг молиявий қудрати тахминан 400 млн долларгача етади. У йилига ўртача 40 миллион доллар даромад топади, 2012 йилда эса унинг даромади 50 миллион доллардан ошган эди.

Лопез қатнашган филмлар умумий ҳисобда 3 млрд доллардан ортиқ касса тушумларини таъминлаган. Унинг албом ва қўшиқлари 80 миллиондан ортиқ нусхада сотилган. Қўшиқчи муваффақиятли тадбиркор ҳам, масалан, у 2002 йилда ўзининг илк атир бренди – Glow by J.Lo’ни чиқариб, бозорни ларзага солган. Ушбу хушбўй атир АҚШда энг кўп сотилган ароматлардан бири, бренд эса энг муваффақиятлиларидан бўлди. 2004 йилда кийим-кечак бренди Лопезга 300 млн доллар даромад келтирди. 2012 йилга келиб, парфюм ва мода маҳсулотларининг умумий ҳажми – 2 млрд доллардан ошди.

2018 йилда санъаткор Inglot косметика компанияси билан бирга make-up коллекциясини чиқарди. 2019 йилда эса машҳур COACH компаниясининг бренд-элчиси бўлди. Гўзаллик индустриясида савдо биргина 2022 йилда 75,4 млн долларга етди. 2023 йилда Женнифер ўз брендлари сафини янада кенгайтирди, у соғлом турмуш тарзи ва ичимликлар бозорига кириб, Delola номли коктейллар брендини очди. Санъаткор катта инвестор ҳам, у соғлиқни сақлаш, ичимликлар, витаминлар ҳамда етказиб бериш тармоқларидаги компанияларга пул тиккан.

Кўнгилочар индустриядаги энг муҳим бизнес лойиҳаларидан бири эса Nuyorican Productions кинокомпаниясидир. Ушбу компания орқали Женнифер филм ва сериаллар чиқаришга бошчилик қилади. Масалан, 2019 йилда «Hustlers» фильми чиқарилиб, 100 млн доллар даромад топган. Britannica нашрининг ёзишича, Лопез хусусий тадбирлар ва концертлар учун ҳам юқори гонорар олади, масалан, унинг халқаро миқёсдаги чиқишлари соатига 1 млн доллар.

Мавзуга оид