Жамият | 18:43 / 07.08.2025
3109
3 дақиқада ўқилади

Яккасаройда меҳмонхона қурилиши бўйича суд давом этмоқда

Тўқимачи маҳалласидаги 5 қаватли меҳмонхона қурилиши маҳаллий аҳоли норозилиги туфайли судда кўрилмоқда. Навбатдаги суд мажлисида даъвогар объектда жойлашган дарахтлар тақдирини сўроқ остига олди. Судя вазиятга баҳо бериш учун Тошкент шаҳар экология бошқармаси мутахассисини жалб қилишга қарор қилди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

8 июн куни Яккасарой тумани Тўқимачи маҳалласидаги баҳсли меҳмонхона қурилиши ҳақида ёзган эдик. Ўшанда Тошкент туманлараро маъмурий судининг судяси Олим Шамсиев қурилишни вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида ажрим чиқарганди. Шундан маълум муддат ўтиб, ишни кўриш судя Босит Комиловга ўтди. 6 август куни навбатдаги суд мажлисида томонларнинг қўшимчалари тингланди. Дастлаб судя ОАВнинг суддаги иштирокини ўртага қўйди.

Томонлардан “Toshneftgazishchita’minot” МЧЖ (хусусий компания)нинг манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Марат Ҳайитов тасвирга олишга рухсат бермасликни сўради. Унинг айтишича, меҳмонхона лойиҳаси оммага ошкор бўлиб қолиши мумкин. Судя Босит Комилов бу тижорий сир бўлмаслигини маълум қилиб, тасвирга рухсат берди.

Шундан кейин Ҳайитов судга фуқаро Санобар Раҳимованинг даъво аризаси муддати ўтганини ва уни бекор қилишни билдирди. Унинг фикрларига жавобан Раҳимованинг адвокати Фаррух Сайфуллаев ҳудудни ўраш апрел ойининг аввалида бошланганини, шундан кейин даъво аризаси киритилганини таъкидлади.

Суд давомида Марат Ҳайитов қурилиш май ойидан бери тўхтаб турганини айтиб, судга Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 98-моддаси билан дастлабки ҳимоя чораси (қурилишни тўхтатиш)ни бекор қилиш бўйича илтимоснома киритди. Даъвогар эса бунга қарши чиқиб, қурилиш учун 5 мингга яқин аҳоли яшайдиган маҳалланинг розилиги олинмагани ҳақида гапирди.

Суд давомида даъвогар Санобар Раҳимова объект атрофида жойлашган дарахтлар ўрнини автотураргоҳ эгаллаши бўйича хавотирлари борлигини билдирди.

3 та дарахт ҳовлининг ичида, 9 таси ташқарида. Ҳозир улар турибди. Лекин автотураргоҳ қурса, уларни олиб ташлайди”, – дейди Раҳимова.

Даъвогар билан келган маҳалла вакили ҳам бир нечта дарахт қуриб қолганини қўшимча қилди. Судя Босит Комилов Тошкент экология бошқармасидан мутахассис чақириб, вазиятни ўрганиш керак деб ҳисоблади. Шу туфайли суд муҳокамаси қолдирилди.

Мавзуга оид