Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ўзбекнефтгаз” бензин нархини 2 фоизга пасайтирганини эълон қилди. Иқтисодчи буни манипуляция деб ҳисоблаяпти
Жаҳон бозорларида нефт сезиларли арзонлашганига қарамай, Ўзбекистонда бензин нархлари янги рекордларни янгилаяпти. Иқтисодчи Отабек Бакиров шундай шароитда худди пахта нархини жаҳондаги нархлар билан боғлаган каби, АИ-92 бензини нархини ҳам Brent нефти нархига боғлаб қўйишга чақирди.

Фото: Autostrada
11 август куни “Ўзбекнефтгаз” компанияси “АИ-92 бензини нархи арзонлаштирилди” деган сарлавҳали баёнот тарқатди.
Баёнотда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилган АИ-92 русумли автобензиннинг биржа савдоларидаги бошланғич нархи тоннасига 12 млн 881 минг сўмдан 12 млн 628 минг сўмгача ёки 2 фоизга туширилгани айтилган.
“Бу, ўз навбатида, 1 литр АИ-92 маркадаги автобензиннинг биржадаги бошланғич нархи 9 400 сўм дегани”, дейилади компания хабарида.
“Ўзбекнефтгаз” юқори октанли ёқилғи нархларини босқичма-босқич пасайтириш ишлари давом эттирилишини билдирган.
“Чалғитувчи рақам”
Товар-хомашё биржаси 11 август кунги савдолар ҳақида ҳали ахборот бермади. 8 августдаги савдолар бўйича бугун жойланган ахборотга кўра, жума куни биржада АИ-92 бензинининг ўртача нархи бир кун олдингидан 2 фоизга ошиб, 13 млн 314 минг сўмга етган. Бу – нарх рекорди яна бир бор янгиланганини кўрсатади.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг эътибор қаратишича, биржада АИ-92 август ойи бошидан бери 4,7 фоизга қимматлаган. Бу маркадаги бензин баҳоси очиқ эълон қилина бошлаган 2024 йил 4 ноябрдан буён эса нархлар 12,6 фоизга ошган. Бу даврда Brent типидаги олий навли нефт нархи 22,4 фоизга арзонлаган, доллар курси эса деярли ўзгармаган.
Шунингдек, Бакиров бир қатор омиллар сабаб АИ-92 бензини баҳоси “Ўзбекнефтгаз” эълон қилгани каби ҳар бир литри учун 9 400 сўм эмас, балки ундан анча қимматроқ бўлади, деб ҳисоблаяпти. Бунда иқтисодчи бензин биржада литрлаб эмас, тонналаб сотилиши, транспорт харажатлари, истеъмол солиғи, АЁҚШларнинг ички чиқимлари ва фойдаси каби омиллар сабаб нарх 10 600 сўм атрофида шаклланишини прогноз қилди ва расмийлар айтаётган 9400 сўмни чалғитувчи рақам деб атади.
Жаҳонда нефт нархи пасаймоқда
“Ўзбекнефтгаз” бундан аввал 2024 йил 22 октябр куни Бухоро НҚЗда ишлаб чиқариладиган АИ-92 бензини нархи тоннасига 11 млн 538 минг сўм деб белгиланганини хабар қилган.
Ўша куни жаҳонда нефтнинг Brent маркаси 1 баррели 76 доллардан сотилган. Ҳозир эса нархлар 65 долларгача арзонлашган. Май ойида нархлар 56 долларгача ҳам пасайганди.
Шу тариқа, 2024 йилнинг 22 октябридан 2025 йилнинг августигача Ўзбекистонда АИ-92 бензиннинг ишлаб чиқарувчи белгилаган баҳоси тоннасига 9,4 фоизга ошган. Бу даврда жаҳон бозоридаги Brent маркали нефт эса, аксинча, 14 фоизга арзонлашган.
Импортга қарамлик
2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонда 576 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (676 минг тонна) 100 минг тоннага ёки 14,8 фоизга кам.
Ички бозордаги тақчилликни қоплаш учун импорт ҳажми ошиб боряпти. Масалан, 2024 йилда Ўзбекистонга 568 млн долларлик нефт ва нефт маҳсулотлари олиб кирилган ва ўсиш 2023 йилга нисбатан 70,5 фоизни ташкил этган. 2025 йилнинг январ-июн ойлари давомида эса импорт ҳажми 277 млн доллар бўлган.
Қўшни мамлакатларда нархлар қандай?
Globalpetrolprices.com сайти маълумотларига кўра, 4 август ҳолати бўйича юқори сифатли 1 литр бензин нархи АҚШ долларига тақрибан олинганда Туркманистонда 0,43 доллар, Қозоғистонда 0,45 доллар, Россияда 0,77 доллар, Қирғизистонда 0,86 доллар, Афғонистонда 0,92 долларни ташкил этган.
Тожикистондаги нархлар бўйича маълумотлар берилмаган. Ўзбекистонда эса 1 доллардан қимматроқ экани қайд этилган.
Нархларни солиштирганда кўриш мумкинки, Ўзбекистонда бензин нархи Туркманистон ва Қозоғистонга нисбатан 2 баробар қимматроқ. Мамлакатда бензин нархи АҚШдаги нархдан (0,93 доллар) ҳам юқори.
Бензин нархини қандай тушириш мумкин?
Отабек Бакиров ҳозирги вазиятда нархларни қуйидаги чоралар билангина пасайтириш мумкин деб ҳисоблайди:
“Биринчидан, 92 бензиннинг биржага чиқарилиш базавий баҳоси Brent типидаги нефт нархи формуласига мажбурий боғланиши даркор. Бу қоида ҳар икки йирик ишлаб чиқарувчи монополист “Ўзбекнефтгаз” ва ҳалигача монополист деб эълон қилинмаган Saneg'га қўлланиши зарур, токи ҳар иккисининг бозордаги улуши 40 фоиздан пастга тушмагунча. Нима учун фермерларга хом пахта базавий нархи пахта толасининг глобал нархига боғланишини тўғри деб билган ҳукумат бензинни нефт нархига боғлашга келганда энергетикларга истисно қилиши керак? Агар 92 бензин нархини Brent'га қатъий боғлаганимизда, ҳозир базавий нарх биржада 12,6 млн сўм эмас, 8,9 млн сўм бўларди, 92 бензин литри 10 700-11 000 сўм эмас, 7700-8000 сўмдан ошмасди.
Иккинчидан, биржадаги савдоларда 92 бензин учун 5 фоизлик спред ва 5 тонналик лот тикланиши зарур.
Учинчидан, буни яна ва яна такрорлашдан чарчамаймиз, ёқилғи импорти каналларидаги транспорт, логистика ва омборларгача бўлган монополист ва олигархларга хизмат қилаётган сунъий тўсиқ ва ғовлар аввал тўлиқ инвентаризация қилиниши, кейин таг-томири билан бекор қилиниши зарур”.
Мавзуга оид

10:30
«Ўзбекнефтгаз» Аи-92 бензин нархи арзонлаштирилгани ҳақида хабар берди

10:00 / 10.08.2025
Sea Breeze'га рухсат, чорасиз мактаблар ва ёпиқ бюджет — ҳафта дайжести

20:16 / 09.08.2025
Тошкентда свет ўчмаслиги учун яна 1,8 триллион сўм ажратилади

17:43 / 09.08.2025