Ўзбекистон | 08:11 / 18.03.2020
44686
5 дақиқада ўқилади

Коронавирус таъсири: Урганч шаҳри бозорларидаги вазият

15 март куни Ўзбекистонда коронавирус аниқлангани расман эълон қилинди. Натижада, бу хабар келтириб чиқарган ваҳима ортидан бирламчи истеъмол товарларига бўлган талаб ошди. Одамлар савдо-сотиқ тўхтатилиши мумкин, нархлар кўтарилиб кетади деган ҳадик билан бозорларга ёпирилишди. Бу эса нархларга ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмади.

15-16 март кунлари Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳри бозорларида ун, картошка ва ўсимлик ёғи каби биринчи даражали маҳсулотларни кўп миқдорда сотиб олиш ҳолатлари кузатилган. Оқибатда, уларнинг харид нархлари бироз кўтарилган.

Табиийки, дастлаб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан таклиф қилинган арзон маҳсулотлар сотилиб кетган. Мисол учун, айни пайтда улгуржи савдо шохобчаларида фақат Қозоғистон уни бор. 25 килограммли қопдагиси 80-90 минг сўмдан, 50 килограммли қопдагиси 175-190 минг сўмдан сотилмоқда. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар таклиф қиладиган 125-130 минг сўмли (50 кг) ун савдода йўқ. Чакана савдода маҳаллий ун 3000 – 3500 сўмдан, Қозоғистон уни 4000-4500 сўмдан таклиф қилиняпти.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг улгуржи савдо базаларида картошканинг бозори чаққон. Бу ерда савдогарлар бир кило картошкани 3000-3200 сўмдан сотишмоқда. Пиёзнинг бир килоси 2000 сўмдан таклиф қилинмоқда.

Нархлар устидан қатъий назорат ўрнатилгани кўриниб турибди. Картошка ва пиёзнинг нархи қоғозга ёзиб осиб қўйилган. Улгуржи савдо базаларида тадбиркорлар картошка ва пиёзни кўп миқдорда олиб кетишаётганини кўриш мумкин.

Урганч марказий деҳқон бозорида харидорлар кўп, аммо ваҳима қиладиган даражадаги навбатлар йўқ. Картошка майда ёки йириклигига қараб 3500-4500 сўмдан сотилмоқда. Пиёз ҳам сифати ва туридан келиб чиқиб 2500-3500 сўмга сотиляпти.

Ўсимлик ёғи билан боғлиқ вазият унники билан ўхшаш. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар таклиф қиладиган пахта ёғи савдода қолмаган. Бухородан келтирилаётган пахта ёғининг нархи 8100 сўмдан, Намангандан келтирилаётгани 10000 сўмдан бошланади. Хориждан келтирилаётган кунгабоқар ёғининг энг арзони 10000 сўм.

Нон расталаридаги нархлар ўзгармаган. Қолипли нон 1250-1500 сўм атрофида сотилмоқда.

Урганч шаҳридаги марказий деҳқон бозори ҳудудида арзонлаштирилган товар ва маҳсулотларнинг ярмаркасини ташкил қилиш мақсадида расталар қурилмоқда.

Супермаркет ва гипермаркетларда вазият тинчиб қолган, узун навбатлар йўқ, расталар маҳсулотларга тўла. 15-16 март кунги савдоларда асосан биринчи даражали гигиеник воситалар, нам салфеткалар, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар таклиф қилаётган арзон нархдаги совунлар ва бошқа товарлар сотилиб кетган. Қимматроқ бўлса-да, расталарда уларнинг хориждан келтирилган муқобиллари бор.

Коронавирус билан боғлиқ шароитда ниқоб, антисептик гель ва исириққа бўлган талаб кескин ошиб кетган. Урганч шаҳридаги кўплаб дорихоналарда заводда чиқарилган тиббий ниқоблар, антисептик геллар тугаб қолган. Баъзи дорихоналар қўлда докадан (марля) тикилган ниқобларни 2500-3500 сўмдан сотишмоқда. Улар ҳам савдога чиқиши билан тезда тугаб қоляпти. Исириқ захиралари йўқ ёки жуда оз қолган.

Шаҳардаги тикувчилик цехлари докадан ниқоб тикиб, дорихоналарга тарқатишмоқда. Агар тикувчилик бизнесингиз бўлса, бу иш билан шуғулланишнинг айни пайти. Нархини қандай белгилаш эса виждонингизга ҳавола.

Бундан ташқари, уй шароитида ҳам оддий докадан тўрт қават қилиб ниқоб тикиб олса бўлади, қийин эмас. Фақат ундан фойдаланганда ҳар икки соатда алмаштириб туриш, ишлатилганини совунли сувда яхшилаб ювиб, дазмоллаш талаб қилинади.

Вирусологлар маълумотига кўра, исириқ ҳеч қандай вирусга, хусусан коронавирусга ҳам таъсир қилмайди. Унинг таркибидаги фитонцид фақат бактерия ва микробларга қарши самара беради. Шу туфайли, исириқ тутатишнинг коронавирусга қарши фойдаси йўқ. Ваҳимали вазиятдан фойдаланиб, исириқ нархини осмонга чиқариб юборганларнинг комига тушиб қолманг

Бундан ташқари, турли антибиотик дориларни ғамлаб олиш ҳам шартмас. Уларнинг вирусларга, хусусан коронавирусга қарши ҳеч қандай самараси йўқ.

Карантин даврида осойишталикни таъминлаш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси, Давлат солиқ бошқармаси озиқ-овқат ва бирламчи истеъмол маҳсулотлари нархларини қатъий назоратга олгани айтилмоқда. Айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан нархларнинг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик учун Департаментнинг ҳудудий бўлимлари, солиқ инспекциялари, Департамент вилоят бошқармаси ва вилоят Давлат солиқ бошқармасида нархларнинг ўзгариши устидан назорат қилиш бўйича махсус ишчи гуруҳлари ташкил этилди.

Агар сиз озиқ-овқат ва бирламчи истеъмол маҳсулотлари нархларининг асоссиз оширилишига дуч келсангиз,  Департаментнинг Хоразм вилоят  бошқармасининг 62- 228-50-20, вилоят  ДСБнинг 62-223-10-10 «ишонч рақами» ёки қисқа 1198 рақамли Колл-марказга мурожаат қилишингиз мумкин.

Коронавирусга қарши эълон қилинган карантин, боғчалар ва мактабларнинг ёпилиши – бу жиддий чора-тадбирлар ҳисобланади. Бундай шароитда шифокорлар ва мутахассислар кўрсатмаларига оғишмай амал қилишни тавсия этамиз. Энг муҳими ваҳимага берилманг, бунинг оқибатлари коронавирусдан ҳам хавфлидир.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид