Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Барча мавсумий касалликлар ҳам коронавирус бўлавермайди

Фото: KUN.UZ
Мақола мавзусига эътибор қаратадиган бўлсангиз бугун дунё эътиборида турган асосий масала - коронавирус инфекцияси ваҳимасига нисбатан муносабат билдирмоқчиман.
Жамиятимиздаги айрим инсонлар кундалик турмушнинг ижобий ташвишлари ва ҳаракатларини ўйлаб, ҳаётнинг бебаҳо хазинаси саналмиш – саломатлик, тиббий саводхонлик тушунчасини бироз назардан четда қолдираётанликлари аён бўлиб қолмоқда. Ишонч телефонларига бўлаётган минглаб қўнғироқларнинг мазмуни, интернет сайтларидаги кунлик маълумотлар ва баъзи асоссиз SMS хабарларни таҳлил қила туриб, бунга амин бўлиш мумкин. Кўриниб турибдики, тиббий билим саводхонлик тушунчалари бўйича ҳали кўп-кўп ишлашимиз кераклиги, тарғибот тадбирларини тизимли, мақсадга йўналтирилган тартибда ташкил этиш ҳамда унда кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш зарурлиги тўғрисида хулоса қилиш мумкин бўлади.
Коронавирус инфекцияси ер юзининг 160га яқин давлатларида қайд этилди ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қитъалараро тарқалганлигини эътиборга олиб пандемия деб белгиланди. Кузатилган нохуш эпидемик вазият инсонни саломатлигига эътиборли бўлиш кераклигини, вируслар келтириб чиқарадиган юқумли касалликларнинг нечоғлик хавфли эканлигини яна бир бор исботлаб берди.
Ҳар қандай юқумли касалликка мавсумийлик хос.
Нафас йўлларининг юқумли касалликлари асосан куз, қиш ва маълум даража баҳор фаслларида кўплаб кузатилади. Коронавирус инфекцияси бўйича дунёдаги эпидемик вазиятдан келиб чиқиб, Президентимиз томонидан белгиланган профилактик ҳамда эпидемияга қарши чора-тадбирларни Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек кенг жамоатчилик иштирокида мақсадга йўналтирилган тартибда амалга оширилаётганлиги натижасида, қолаверса мавсум ўзгариши билан бу хавф ортда қолади, коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик барқарорлик таъминланади.
Коронавирус пандемияси инсониятга қўлни тез тез ва қай тартибда ювишни, ниқоб (маска) тақиш самарасини, иммун тизимни мустаҳкамлаш учун йўналтирилган тўғри овқатланиш тартибини ўргатди, ҳар бир инсон бу ҳақида ўзига-ўзи савол берса, бунга жавоб топиши аниқ.
Вақт ўтади, ўтказилаётган профилактик ҳамда эпидемияга қарши тадбирлар ўз самарасини беради, халқ тилида айтганда инсоният коронавирус устидан ғалаба қозонади ва одамлар секин-аста касалликни ёддан чиқаради, бу табиий.
Ҳар бир мавсумда учрайдиган юқумли касалликлар бор, улар чегара билмайди, қолаверса, Ўрта Осиё давлатлари баъзи юқумли касалликларнинг табиий ўчоқлари ҳисобланади ва мавсумга қараб ушбу ўчоқларнинг фаоллашуви кузатилади.
Инсон саломатлиги боғлиқ бўлган омиллар:
– 55 % турмуш тарзи (яшаш, овқатланиш, зарарли одатлар);
– 20 % атроф-муҳит (сув, ҳаво, тупроқ);
– 15 % ирсий омиллар (қариндошлар ўртасидаги никоҳ, эрта ва кеч туғруқ);
– 10 % тиббий ёрдам (диагностика ва даволаш).
Мазкур омиллар таъсирида эса:
– носоғлом турмуш тарзи – юрак-қон томир, асаб, қандли диабет, ошқозон-ичак, таянч ҳаракат касалликлари;
– атроф-муҳит ифлосланиши – ўткир ва сурункали заҳарланиш, аллергик, нафас, онкологик, эндокрин, жигар, буйрак, ўт-тош, юқумли ва паразитар касалликлар;
– ирсий ўзгариш – туғма нуқсон, наслий касаллик, ҳомиланинг бевақт нобуд бўлиши, касалликларга мойиллик каби касалликлар келиб чиқади.
Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш жоиз, инсониятни ўйлантириб келаётган носоғлом турмуш тарзи орқали юзага келадиган касалликларга қарши курашиш бўйича асосий эътибор ва ҳаракатларимизни йўналтиришимиз керак.
Юқумли касалликлар тўғрисида сўз борганда, тиббиётда “ифлос қўллар касаллиги” деган ибора юритилади. Эволюцион таълимот нуқтаи назаридан келиб чиқиб айтадиган бўлса, инсон қўллар орқали ҳаёт давомийлиги ва ҳаракатли турмушнинг барча заруриятларини мувофиқлаштиради. Қўлларни гигеник жиҳатдан тоза тутиш, бу орқали эзгу амалларга йўналтириш инсон саломатлиги ва камолотида йўлида фақат ижобий из қолдиради.
Коронавирус ва бошқа юқумли касалликларни олдини олиш борасида соҳа олимлари, тажрибали тиббиёт ходимлари томонидан оммавий ахборот воситалари, матбуот, интернет сайтларида ва бошқа тарғибот йўналишлари орқали фойдали маслаҳатлар ва зарур тавсиялар бериб борилмоқда.
Ҳар қандай режалаштирилган иш “тилда-дилда-амалда” бўлса, кутилаётган ижобий натижага эришиш мумкин.
Агарда, ушбу босқичнинг бирор бўғинида амал қилинмаса, режалаштирилган тадбирлар самарасини бермайди.
Шундай экан, жамият ривожи йўлида вазифаларда ва берилаётган тавсияларга ҳар бир инсон амал қилиб борса, яқин йилларда Ўзбекистон дунё мамлакатлари орасида халқи бахти ҳаёт кечирадиган, соғлом жамият ва узоқ умр кўриш давомийлиги борасидаги тажрибаларини намуна қилиб кўрсатадиган даражага эришамиз деган умиддаман.
Шундай экан, биз асоссиз маълумотлар, инсонни саросимага соладиган ёлғон хабарларга эътибор бермасдан, кундалик ҳаётда соғлом турмуш тарзи кўникмаларига, шахсий гигиена қоидаларига амал қилсак, жамият ривожи ва келажак пойдевори учун фойдали ишлар билан шуғуллансак, бу орқали энг аввало ўзимизни, яқинларимизни, қўни-қўшниларимизни ва атрофдагилар саломатлигини сақлашга, асосийси соғлом жамиятни шакллантиришда катта ҳисса қўшган бўламиз.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик
осойишталик агентлиги ахборот таҳлил бўлими бошлиғи,
тиббиёт фанлари номзоди - Нуриддин Тошбоев
Мавзуга оид

17:18 / 05.07.2025
Буюк Британияда коронавируснинг янги штамми тарқалди

17:25 / 01.07.2025
ЖССТ Covid-19 қандай пайдо бўлгани ҳақида якдил хулосага келмади

00:30 / 09.06.2025
Хитойда глобал пандемияга олиб келиши мумкин бўлган янги коронавирус аниқланди

11:25 / 30.05.2025