Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Коронавирусни қандай енгиш мумкин: самарали 5 стратегия
Коронавирус бутун дунё бўйлаб тарқалиб, мисли кўрилмаган ваҳима қўзғатди: ҳар куни минглаб янги инфекцияланиш ҳолатлари ва юзлаб ўлим ҳақидаги ҳисоботлар янграмоқда.

Фото: Getty Images
Кўпгина шаҳарлар ва баъзан бутун бошли давлатлар карантинга олинмоқда; парвозлар, муҳим халқаро тадбирлар, спорт мусобақалари ва мусиқа фестиваллари бекор қилинган.
Сўнгги ҳафталарда Европа инфекциянинг янги марказига айланди, дунёнинг бошқа минтақаларида эса — Лотин Америкаси, АҚШ ва Яқин Шарқда бу ҳолатлар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда.
25 март ҳолатига вирус 21 мингдан ортиқ киши ҳаётига зомин бўлган ва дунё бўйлаб 471 минг инсон вирусдан зарарланган, 114 мингдан ортиқ киши соғайиб кетган. Шунга қарамай, баъзи мамлакатлар ушбу вирус тарқалишини енгишга муваффақ бўлишди.
Осиёнинг баъзи мамлакатлари, янги вирус пайдо бўлган Хитой давлатига географик жиҳатдан яқин бўлишига қарамай, Covid-19 эпидемияси авж олишига тўсқинлик қилишди.
«Эпидемияни олдини олиш чораларини кўришга муваффақ бўлган давлатлар мавжуд ва менимча, биз улардан намуна олишимиз керак», — деб ҳисоблайди Жон Ҳопкинс университети профессори, эпидемиолог Толберт Ньенсва BBC билан суҳбатда.
«Мен фақатгина бошқа демократик давлатларда татбиқ этилиши қийин бўлган қатъий карантин чораларини кўргандан сўнг юқтириб олишлар сони кескин тушиб кетган Хитой давлати ҳақида гапирмаяпман. Бир қатор бошқа мамлакатлар ҳам вирусга қарши ўз усулларини ишлаб чиқишди ва улар ҳам бирдек самарали бўлди», — дейди профессор.

GETTY IMAGES
Масалан, Хитойга қўшни ва 23 млн аҳолига эга бўлган Тайванда коронавирус билан касалланишнинг атиги 235 ҳолати ва иккита ўлим кузатилди.
Ҳонгконг аҳолиси 7,5 миллион кишини ташкил этади ва у Хитой билан қуруқликда чегарадош, вирус Хитойдан кейин илк бор шу давлатда аниқланди, аммо икки ой ичида бу ерда фақатгина 411 юқтириш ҳолати ва тўртта ўлим тасдиқланди. Шу билан бирга, сўнгги кунларда беморлар сони яна ўсишни бошлаган ва янги назорат чоралари жорий қилинган.
Узоқ бўлмаган Японияда (120 миллион киши) 1300 киши янги вирусни юқтирган, Жанубий Корея эса ушбу ташхисга эга бўлган 9241 бемор ҳақида хабар қилмоқда, аммо сўнгги ҳафталарда инфекциянинг тарқалиш даражаси ва ўлим ҳоллари сезиларли даражада камайган.
Профессор Ньенсванинг сўзларига кўра, ушбу мамлакатлар коронавирус тарқалишини муваффақиятли тўхтатиб қолишди, чунки улар тезкор ҳаракат қилиб, янги назорат усулларини қўллашди.
Энг самарали усуллар қайсилар?
1. Текширинг, текширинг ва яна текширинг!

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), шунингдек, BBC’га маслаҳат берувчи мутахассислар эрта ташхисни вирус тарқалиши олдини олишнинг асосий омили деб ҳисоблашади.
«Қанча одам вирусни юқтиргани номаълум бўлса, унинг ҳақиқий ҳаракатланиш кўламини тушуниб етиш ёки тегишли чораларни кўриш қийин бўлади», — дейди Ньенсва.
АҚШнинг Темпл университети эпидемиологи, профессор Крис Жонсон ҳам бу мулоҳазага қўшилади.
Унинг фикрига кўра, айнан шу стратегия инфекцияланишни жиддий равишда камайтиришга ёрдам берган: текширишни маъқул кўрган мамлакатларда юқтириш ҳолатлари камайди, аммо буни устувор деб билмаган давлатларда янги коронавирус билан касалланиш кескин ошди.
«Жанубий Корея ҳукумати кунига тахминан 10 минг кишини синовдан ўтказди, бу шуни англатадики, улар икки кун ичида таҳлилдан ўтказган инсонлар сони АҚШнинг бир ойлик текширувлари йиғиндисидан ҳам кўп», — деди профессор Жонсон BBC билан суҳбатда.
ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесуснинг таъкидлашича, коронавирус белгилари бўлган ҳар бир кишидан таҳлил олиш пандемияни бостиришнинг калитидир.
«Барча мамлакатлар учун оддий маслаҳат берамиз — текширинг, текширинг, текширинг, — деди у яқинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида. — Барча мамлакатлар барча шубҳали ҳолатларни текшириш имкониятига эга бўлиши керак — пандемия билан кўзлар юмуқ ҳолда курашиб бўлмайди.
Шунингдек, у таҳлиллар фақат оғир ва кўзга ташланиб турган аломатлари бўлган одамлардан олинишига қарши чиқди: бу каби маълумотлар тўлиқ статистикани олиш учун етарли бўлмайди. Бундан ташқари, аниқ кўриниб турмаган аломатларга эга бўлган ёки касалликни енгил шаклда ўтказаётган одамлар вирусни тарқатишда давом этишади.
2. Касалларни изоляция қилиш

Getty Images
«Жанубий Корея ва Хитой ўз фуқароларини кузатиб бориш, синовдан ўтказиш ва карантинга олишни ажойиб тарзда уддалади», — деди профессор Крис Жонсон.
Синов нафақат касалларни изоляция қилиш ва вирус тарқалишининг олдини олишга ёрдам беради, балки эрта босқичда бўлиши мумкин бўлган ва ҳозирги кунга қадар симптомлари кўзга ташланмаган янги беморларни аниқлашга ёрдам беради, дейди мутахассис.
Унинг сўзларига кўра, Хитой маъмурлари келажакда вирус ўчоғига айланиши мумкин бўлган ҳудудларга нисбатан «супер-огоҳлик» намойиш этишган, эҳтимол, бу зарарланишлар сонини сезиларли даражада камайтиришга ёрдам берган.
«Юқори ҳароратли одамлар махсус «ҳарорат клиникаларига» юборилади ва у ерда Covid-19 таҳлилидан ўтказилади. Агар ушбу вирус аниқланса, улар ўз оила аъзоларига юқтирмасликлари учун «карантинли меҳмонхоналарда» изоляция қилинади», — дейди профессор Жонсон.
Тайван, Сингапур ва Ҳонгконг бошқача ёндашди: улар ҳар қандай потенциал хавфли ҳолатга нисбатан уй изоляцияси жорий қилишди ва карантин қоидаларини бузганларга 3 минг доллардан ортиқ жарима солинди.
Бироқ, биринчи ва иккинчи ҳолатда ҳам асосийси юқтирган одамларни аниқлаш ва эҳтимолий касалларни кузатиш, деб таъкидлайди профессор Ньенсва.
Масалан, Тайван ва Сингапурда расмийлар касал ким билан алоқада бўлганлигини кузатиш учун турли усулларга мурожаат қилишади — у билан оддий суҳбатдан тортиб ички хавфсизлик камераларини текшириш ёки транспорт харажатлари тўловларигача.
«12 март куни Ҳонгконгда коронавирус инфекциясига шубҳа қилинган 445та ҳолат аниқланди ва улар ушбу тасдиқланган ҳолатлар билан алоқада бўлганлар орасидан эҳтимолий беморларни ажратиб олиш учун 14,900та лаборатория текширувларини ўтказишди — улардан 19тасида жавоб ижобий чиқди», — дейди профессор.
3. Тайёргарлик ва тезкор чоралар

Бундан аввал Ғарбий Африкада Эбола тарқалишининг олдини олиш билан шуғулланган профессор Ньенсванинг айтишича, вирус тарқалишини аниқлаш ва тўхтатиб қолишда энг муҳим нарса — бу инфекция аҳолининг катта қисмига етиб боргунича тезкор ҳаракат қилишдир.
Тайван ва Сингапур каби давлатлар шуни кўрсатдики, эрта ташхис қўйиш ва янги беморлар изоляцияси эпидемиянинг олдини олишда ҳал қилувчи омил бўлиши мумкин.
Яқинда «Америка шифокорлари ассоциацияси журналида» (Journal of the American Medical Association) чоп этилган мақолада Тайваннинг бу борадаги муваффақияти қисман оролнинг бундай вазиятга тайёрлиги ва 2003 йилда юқумли касалликлар тарқалиши бўйича Эпидемик назорат маркази ташкил қилгани билан изоҳланади.
Минтақада SARS тарқалишидан кейин ташкил этилган ва бир нечта тадқиқот марказлари ҳамда давлат идораларини ўз ичига олган ушбу Марказ бир қатор ўқув машғулотларини ўткизиб, назарий асосларни ва аниқ жавоб усулларини ишлаб чиқди.
«Ҳаракатга тушишга тайёр бўлиш ва уни тезкорлик билан амалга ошириш — касаллик тўсатдан тарқалишининг дастлабки босқичларида жуда муҳимдир. Европа ва АҚШ мисолида биз нафақат бу мамлакатларнинг тайёр эмаслигини кўрдик, улар жуда секин таъсир ҳам билдиришди», — дейди Ньенсва.
Январь ойи ўрталарида ушбу янги вируснинг одамдан одамга ҳаво томчилари орқали юқиши тасдиқлангунига қадар, Тайван аллақачон коронавирус тарқалиши бошланган Хитойнинг Уҳан шаҳридан келаётган барча йўловчиларни кузатишни бошлаган эди.
Ҳонгконг маъмурлари 3 январдан бошлаб барча кириш нуқталарида ҳароратни ўлчашни бошлашган ва барча сайёҳларни 14 кунлик карантинга олишган, шифокорларга яқин орада Уҳанда бўлиб қайтган ҳар бир ҳароратли ёки нафас олиш вируси инфекциясининг аломатлари кузатилган бемор ҳақида хабар бериш буюрилган.
«Ва яна, асосийси шундаки, улар буни вақтида қилишган», — дейди профессор Ньенсва.
4. Ижтимоий масофа

«Вирус тарқалиши биланоқ, чеклов чоралари ишлашдан тўхтайди», — деб тушунтиради профессор Ньенсва.
Ушбу босқичда Ҳонгконг ва Тайванда қилинганидек, аҳолини ҳимоя қилишнинг энг самарали усули — бу ижтимоий масофа меъёрларини тезда киритиш.
Ҳонгконг расмийлари январь охирида одамлар масофадан ишлаш режимига ўтишини, мактабларни ёпилиши ва барча тадбирларни бекор қилинишини эълон қилишган.
Инглиз тилида юритилувчи маҳаллий Straits Times газетасининг ёзишича, Сингапур ҳукумати мактабларни ёпмасликка қарор қилди, лекин ҳар куни ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг соғлиғини текширди ва кузатди.
5. Гигиенани тарғиб қилиш

ЖССТнинг таъкидлашича, қўлларни мунтазам ювиш ва гигиенага амал қилиш инфекцияни юқтирмасликда жуда муҳимдир.
«Осиёнинг кўплаб мамлакатлари 2003 йилда SARS тарқалишидан кейин хулоса чиқаришган. Ушбу мамлакатларда одамлар касалликка дучор бўлмаслик ва уни бировга юқтирмаслик учун гигиенага риоя қилиш кераклигини англаб етишган», — дейди шифокор.
Сингапур, Ҳонгконг ва Тайван каби мамлакатларда шундоққина кўчага ўрнатилган антибактериал гелга эга махсус диспенсер мавжуд ва уларда профилактика мақсадида ниқоб кийиш жуда оммалашган.
Ваҳоланки, ниқоблар инфекцияланишни олдини олишда унчалик самарали бўлмаса ҳам, аллақачон вирусни юқтирган одамнинг аксириш ва йўталиш орқали атрофга зарарли томчилар тарқатиши хавфини камайтиради.
Қаршиева Назокат тайёрлади
Мавзуга оид

17:18 / 05.07.2025
Буюк Британияда коронавируснинг янги штамми тарқалди

17:25 / 01.07.2025
ЖССТ Covid-19 қандай пайдо бўлгани ҳақида якдил хулосага келмади

18:37 / 20.06.2025
Ўзбекистонда 500 минг гектардан зиёд ҳудудда чигиртка тарқалгани аниқланди

00:30 / 09.06.2025