Саида Мирзиёева Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик жараёни ҳақида маълумот берди
Президент ёрдамчиси ЖСТга аъзо бўлиш йўлида 2024 йилда катта қадамлар ташланганини айтиб, эришилган ютуқларни санаб ўтди. “Тез орада ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлиш учун жорий йилда ҳам биз шу суръатда давом этамиз”, деди у.

Мирзиёева ЖСТ бош директори Оконжо Ивеала билан (2024 йил, сентябр)
Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлида ўтган йили катта қадам ташлади, бу йил ҳам ишлар шу суръатда давом эттирилади, дея маълум қилди президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева.
“Ўтган йили ЖСТ Ишчи гуруҳи иккита муҳим йиғилиш ўтказди. Бу бизга аъзоликнинг асосий ҳужжати – Ишчи гуруҳ Ҳисоботи лойиҳасини тайёрлашга киришишга имкон берди. Шунингдек, АҚШ, Хитой ва Япония каби 15 та мамлакат билан икки томонлама музокаралар якунланди. Натижада Ўзбекистон ҳисобида 23 та имзоланган битим бор.
Қисқа вақт ичида бизнесни ва рақобатни янада шаффоф қилиш учун 20 та муҳим қонун қабул қилинди.
Тез орада Ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлиш учун жорий йилда ҳам биз шу суръатда давом этамиз. Бу мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириши ҳамда ўзбек бизнесининг минтақавий ва глобал қўшилган қиймат занжирларига кириб боришини таъминлаши лозим.
ЖСТга аъзолик ва давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг якуний мақсади – шубҳасиз, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, унга муносиб иш ўринларини яратиш ва иқтисодиёт бошқарувини самаралироқ тизимга ўтказишдир”, – дея ёзди Мирзиёева ўз Telegram-каналида.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишнинг талабларидан бири 1 январдан бошлаб бажарилди: экспортчиларнинг транспорт харажатларини компенсация қилиш тўхтатилди, уларга фойда солиғи ва айланмадан солиқ бўйича берилган имтиёзлар бекор қилинди.
Мавзуга оид

10:51
S&P Global Ratings Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги прогнозини «ижобий» даражага яхшилади

20:52 / 18.05.2025
Япониядаги кўргазмада Ўзбекистон павилони юз минглаб меҳмонлар эътиборини тортди — Саида Мирзиёева

20:35 / 16.05.2025
Саида Мирзиёева АҚШ Сенати аъзолари ва бизнес вакиллари билан учрашди

21:05 / 14.05.2025