АҚШ мигрантларни Ливияга депортация қилишга тайёрланмоқда
Давлат департаментининг инсон ҳуқуқлари бўйича ўтган йилги ҳисоботида Ливия қамоқхоналаридаги шароит танқид қилинган эди.

Фото: Anadolu Agency
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти биринчи марта мигрантларни Ливияга депортация қилиши мумкин. Бу ҳақда Америка ҳукуматидаги манбаларига таяниб, Reuters хабар берди.
Шимолий Африка давлатига неча киши депортация қилиниши, шунингдек, улар қайси мамлакат фуқаролари эканига ойдинлик киритилмаган.
АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги статистикасига кўра, мамлакатдан ҳозирга қадар 152 минг киши депортация қилинган. Ўтган ҳафта давлат котиби Марко Рубио Вашингтон ўз ҳудудига мигрантларни қабул қилишга тайёр давлатлар сонини ошириш устида иш олиб бораётганини тан олганди.
Олдинроқ Салвадор, Коста-Рика ва Панама Қўшма Штатлардаги ноқонуний мигрантларни қабул қилишга рози бўлганди. Шунингдек, АҚШдан депортация қилинадиган шахсларни Руанда ҳам қабул қилишга тайёрлигини билдирган. Ливия масаласида эса мигрантларни у ерга депортация қилиш анча қийин. 2011 йилда Муаммар Қаззофий ағдарилгач ва фуқаролик уруши бошлангач, мамлакат иккига бўлиниб қолган: БМТ ёрдамида шакллантирилган бош вазир Абдул Ҳамид ад-Дбейба бошчилигидаги ҳукумат Бинғозида жойлашган Ливия Вакиллар палатаси томонидан тан олинмай келинади.
2024 йилда АҚШ Давлат департаменти инсон ҳуқуқлари бўйича ўз ҳисоботида Ливия қамоқхоналаридаги шароитларни танқид қилган эди.
Аввалроқ АҚШни ўз хоҳиши билан тарк этадиган ноқонуний мигрантларга 1000 доллардан пул берилиши маълум қилинган эди. Мамлакат ички хавфсизлик вазири ноқонуний мигрантларни CBP Home иловасини ҳозироқ юклаб олиб, мустақил депортацияни амалга оширишга чақирди.
Мавзуга оид

21:45 / 23.05.2025
Трамп Европа Иттифоқига 50 фоизлик божлар жорий этиш режасини эълон қилди

20:03 / 23.05.2025
Римда АҚШ ва Эрон ўртасида ядровий дастур бўйича музокаралар бошланди

11:13 / 23.05.2025
Россиядаги кутубхоналар Трампнинг китобларини сотиб олишни бошлади

08:23 / 23.05.2025