Ўзбекистон | 13:40 / 24.05.2025
928
2 дақиқада ўқилади

Испания банки Ўзбекистонда лойиҳаларни молиялаштиришга қизиқиш билдирмоқда

Ўзбекистон элчиcи Фаррух Турсунов Santander банк ижрочи директори Игнасио Салдивар билан музокара ўтказди.

Фото: AP

Мулоқот чоғида Ўзбекистон-Испания икки томонлама иқтисодий ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболлари ва ўзаро шерикликнинг аниқ йўналишлари хусусида фикр алмашилди.

Томонлар ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар. Ўзбекистонда испан компанияларининг бозорга кириб келишига кўмаклашувчи, ўзаро манфаатли инвестицияларни рағбатлантириш ва бизнесни ривожлантириш имконини берувчи BancoSantander филиалини очиш таклифи билдирилди.

Банк хизматлари ва тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон банклари учун тўғридан тўғри кредитлаш ва кредит линияларини очиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Бундай ҳамкорлик йирик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча ресурслар тақдим этади ҳамда кичик ва ўрта бизнес учун молиявий воситалардан фойдаланиш имкониятини оширади.

Музокаралар чоғида йирик инфратузилма ва саноат объектларини лойиҳавий молиялаштириш жиҳатлари ҳамда энергетика соҳасидаги инновацион ечимларга эътибор қаратилди.

Хусусан, Испания банки бир қатор муҳим лойиҳаларни молиялаштиришга катта қизиқиш билдирган. Улар орасида Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОГМК) ва Ўзбекистоннинг Solar Nature МЧЖ компанияси билан ҳамкорликда қуёш фотоэлектр станцияси лойиҳасини амалга ошириш дастури бор.

Музокаралар икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, ҳамкорликнинг янги форматларини ишлаб чиқиш, ушбу вазифаларни амалга ошириш бўйича кейинги қадамлар учун экспертлар даражасида маслаҳатлашувларни давом эттириш бўйича келишувлар билан якунланди.

Мавзуга оид