Ўзбекистон | 20:53 / 27.05.2025
2397
4 дақиқада ўқилади

27 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Самарқандда бир кунда уч ўқувчи сувга чўкиб кетди, Зомин туманига сел ёпирилди, Тошкентда 800 кишини чув туширган фирма иши бўйича махсус тезкор штаб тузилди — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

800 кишини чув туширган фирма иши бўйича махсус тезкор штаб тузилди

Тошкент шаҳридаги қурувчи фирмалардан уй учун шартнома олиб, узоқ муддатга бўлиб тўлаш шарти билан харидорларга «сотиб» келган Credit House ва In Fin Story Invest МЧЖ иши бўйича тезкор махсус штаб тузилди.

Маълум қилинишича, Credit House ва In Fin Story Invest мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг «фирибгарлик» моддаси билан қўзғатилган жиноят иши ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти иш юритувига олинган.

Жиноят иши доирасида 800 нафар фуқаро жабрланувчи деб топилган бўлиб, умумий 209 миллиард 263 миллион сўм зарар аниқланган. Ишга алоқадор 5 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилинган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Қўшимча қилинишича, ҳозирда ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Рамазон Ашропов бошчилигида тегишли мутахассислар жалб этилган ҳолда махсус тезкор штаб тузилган. Тезкор штаб ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти биносида ҳар куни соат 09:00 дан 21:00 га қадар иш олиб бормоқда.

Зомин туманига сел келди

Бугун, 27 май куни Жиззах вилояти Зомин туманининг айрим ҳудудларига сел ёпирилди.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг маълум қилишича, қисқа муддатли кучли ёмғир ёғиши оқибатида сойлардан ёмғир сувларининг тўпланиб оқиши кузатилган.

Сел сувлари келиши оқибатида «Дуоба» МФЙ Қоронғусой қишлоғи ҳудудидан ўтувчи автомобил йўлининг бир қисми қум-тош массалари билан ёпилиб қолган.

Фуқаролар, аҳоли яшаш хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва чорва молларига зарар етмаган. Махсус муҳандислик техникалари ёрдамида сел оқибатларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

«Барча фуқаролардан тоғ ва тоғолди ҳудудларда ҳаракатланганда ёки дам олиш учун борилганда хавфсизлик талабларига қатъий риоя этишларини сўраймиз», — дейилади хабарда.

Пахтачида бир кунда 3 ўқувчи чўкиб кетди

Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида бир кунда уч бола сувга чўкиб ҳалок бўлди.

24 май куни Пахтачи туманидаги 6-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчилари чўмилиш мақсадида ҳудуддаги фермер даласида жойлашган ҳовузга бориб, чўкиб кетди.

Ўша куни содир бўлган яна бир ҳолатда эса тумандаги 32-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси ариққа чўкиб ҳалок бўлди.

Мактаб директорининг сўзларига кўра, ўқувчи тушдан сўнг отаси билан далага мол суғоргани борган. Молларни суғориб бўлгач отаси ортга қайтган, бола эса далада қолган. «Ариққа йиқилган, ҳушидан кетганми, ҳали биз ҳам аниқ билмаймиз. Экспертиза хулосаларига қараб аниқланади энди. Отасининг айтишига қараганда, чўкиб ўладиган ариқ бўлмаган», дейди директор.

Kun.uzʼга келиб тушган аудиода эшитилишича, кузатилган ушбу ҳолатлардан кейин Пахтачи тумани ҳокими Қаюм Хушбақов ҳудуддаги барча мактабларнинг синф раҳбарларига уйма-уй юриб, ўқувчилар ота-онасининг ёнида ёки йўқлигини текшириб чиқишни топширган.

Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот котиби Бахтигул Қаршиевага кўра, ҳолатлар дарс вақтида бўлмаган. Шунингдек, ёзги таътил бошланаётгани муносабати билан тақиқланган ҳудудларда чўмилмаслик, болаларни чўмилиш ҳавзаларига юбормаслик бўйича кафолат хатлари олинган.

Мавзуга оид