Жамият | 16:32 / 27.05.2025
13920
2 дақиқада ўқилади

Пахтачида бир кунда 3 ўқувчи сувга чўкиб ҳалок бўлди

Икки нафар бола фермер даласидаги ҳовузга, бири эса ариққа чўкиб вафот этган. Туман ҳокими Қаюм Хушбақов ҳудуддаги барча мактабларнинг синф раҳбарларига уйма-уй юриб, ўқувчилар ота-онасининг ёнида ёки йўқлигини текшириб чиқишни топширган.

Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида бир кунда уч бола сувга чўкиб ҳалок бўлди. Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот котиби Бахтигул Қаршиева ҳолатни Kun.uz’га тасдиқлади.

Маълум бўлишича, 24 май куни Пахтачи туманидаги 6-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчилари А.С. ва Н.М. чўмилиш мақсадида ҳудуддаги фермер даласидаги ҳовузга борган. Чўмилиш жараёнида улар ҳовузга чўкиб, вафот этган.

Ўша куни содир бўлган яна бир ҳолатда эса тумандаги 32-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Б.Н. ариққа чўкиб ҳалок бўлган.

“Тушдан сўнг отаси билан далага мол суғоргани борган. Молларни суғориб бўлгач отаси ортга қайтган, бола эса далада қолган. Ариққа йиқилган, ҳушидан кетганми, ҳали биз ҳам аниқ билмаймиз. Экспертиза хулосаларига қараб аниқланади энди. Отасининг айтишига қараганда, чўкиб ўладиган ариқ бўлмаган”, дейди мактаб директори Шерали Эшдавлатов Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Kun.uz’га келиб тушган аудиода эшитилишича, кузатилган ушбу ҳолатлардан кейин Пахтачи тумани ҳокими Қаюм Хушбақов ҳудуддаги барча мактабларнинг синф раҳбарларига уйма-уй юриб, ўқувчилар ота-онасининг ёнида ёки йўқлигини текшириб чиқишни топширган.

Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот котиби Бахтигул Қаршиевага кўра, ҳолатлар дарс вақтида бўлмаган. Шунингдек, ёзги таътил бошланаётгани муносабати билан тақиқланган ҳудудларда чўмилмаслик, болаларни чўмилиш ҳавзаларига юбормаслик бўйича кафолат хатлари олинган.

Олдинроқ Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида 14 ёшли йигит каналга чўкиб кетганди. Боланинг жасади орадан бир кун ўтгач, ФВБ ғаввослари ёрдамида сувдан олиб чиқилган.

Мавзуга оид