Жаҳон | 15:45 / 27.05.2025
2000
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларни АҚШ билан биргаликда қўлламоқчи

Кая Каллас Москвага «тинчлик истагини ривожлантириши» учун босим ўтказишга чақирди. Аввалроқ Доналд Трамп Путинни «ақлдан озган» деб атаган эди.

Фото: EPA-ELTA / OLIVIER HOSLET

Европа Иттифоқи ҳамкорлари, жумладан, АҚШ билан келишилган ҳолда Россияга қарши санкцияларни қўллаш ниятида. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас 26 май, душанба куни Брюсселда бўлиб ўтган ташқи ишлар вазирларининг учрашуви чоғида маълум қилди: «Биз Россияга босим ўтказишимиз керак, шунда у ерда ҳам тинчликка интилиш пайдо бўлади», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради журналистлар.

Сиёсатчининг сўзларига кўра, Европа томони бунга тайёр ва бошқа халқаро ҳамкорлар ҳам ундан ўрнак олишига умид қилмоқда. Шу билан бирга, Каллас Россия армиясининг яқинда Киевга берган зарбаларини «мутлақо даҳшатли» деб атади ва шу тариқа Москва Украинага босим ўтказмоқда, деган тахминни илгари сурди.

Бир кун олдин ҳам Кая Каллас Россияга босимни кучайтиришга чақирганди. «Кечаги ҳужумлар Россиянинг Украинада янада азоб-уқубат ва вайронагарчиликка интилаётганидан далолат беради. Бегуноҳ қурбонлар, ярадорлар ва ҳалок бўлганлар орасида болаларни кўриш шокка солади. Менинг ўй-хаёлларим бугун мана шу оилаларда. Бу урушни тўхтатиш учун Россияга энг кучли халқаро босим керак», — деб ёзди у ижтимоий тармоқда.

Аввалроқ Володимир Зеленский Украина шаҳарларига уюштирилган оммавий ҳужумлар фонида Россияга қарши янги санкциялар қўллашга чақирган эди. «Россиянинг ҳар бир бундай террорчилик зарбаси янги санкциялар учун етарли сабабдир. Россия бу урушни чўзмоқда ва ҳар куни одамларни ўлдиришда давом этмоқда», деб ёзди мамлакат президенти Telegramʼда.

Мавзуга оид