Жаҳон | 12:35 / 04.06.2025
1981
2 дақиқада ўқилади

«Челси»ни сотишдан тушган пул: Лондон Абрамовичга суд билан таҳдид қилмоқда

Британия ҳукумати Роман Абрамовичнинг 2022 йилда «Челси» футбол клубини сотишдан олган маблағларини Украинага ўтказиш учун суддан фойдаланишга ҳаракат қилиши мумкин.

Фото: AP

Британия ҳукумати россиялик олигарх Роман Абрамовичга «Челси» футбол клубини сотишдан тушган музлатилган маблағларни Украинага ўтказишни истамагани учун судга бериш билан таҳдид қилди. 3 июн, сешанба куни Британия ОАВ молия вазири Рэйчел Ривз ва ташқи ишлар вазири Дэвид Лэммининг сўзларидан иқтибос келтирган: "Биз жаноб Абрамович билан ҳали келишувга эриша олмаганимиздан чуқур афсусдамиз".

Уларга кўра, Лондон Абрамовичнинг санкциялар остидаги 2,5 миллиард фунт стерлинг (деярли 3 миллиард евро эквиваленти) пулини Россия босқинидан жабр кўрган украиналикларга ёрдам бериш учун ишлатмоқчи.

«Музокаралар учун эшик очиқлигича қолса-да, агар керак бўлса, Украинадаги муҳтожлар бу даромадлардан имкон қадар тезроқ фойдаланиши учун биз буни суд орқали амалга оширишга тўлиқ тайёрмиз», — дейилади баёнотда.

Reuters таъкидлаганидек, Лондон ҳукумати ва Роман Абрамович ўртасида пулдан қандай фойдаланиш борасида келишмовчиликлар туфайли «Челси»нинг сотувидан тушган маблағлар Британия банк ҳисобрақамида музлатиб қўйилган. Британия расмийлари пул фақат Россия ҳарбий агрессиясидан жабр кўрган Украинада сарфланишини таъкидламоқда. Абрамович буни «Украинадаги уруш қурбонларининг барчаси», шу жумладан Россиядагиларга ҳам топширишни истайди.

Мавзуга оид