Ховос тумани собиқ ҳокими қамалди
2020-2023 йиллар Сирдарё вилоятининг Ховос туманига ҳокимлик қилган Учқун Камолов озодликдан маҳрум қилинди. У ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ер бериш тартибини бузиш каби жиноятларда айбланган. Суд ҳукмида собиқ ҳоким давлат манфаатларига бир неча млрд сўмлик зарар етказилишига сабабчи бўлгани келтирилган.

Фото: Ховос тумани ҳокимлиги
Ховос тумани собиқ ҳокими Учқун Камолов жиноий жазога тортилгани, 2023 йил 18 сентябр куни қамоққа олингани маълум бўлди. Kun.uz суд ҳужжатлари билан танишди.
Суд ҳукмида келтирилишича, Учқун Камолов Ховос тумани ҳокими лавозимида ишлаган даврида давлат ва жамият манфаатларига катта миқдорда зарар етказилишига сабабчи бўлган.
Собиқ ҳоким бир вақтнинг ўзида Ховос туман ҳокимлиги қошидаги Ер участкалари бериш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия раиси ҳисобланган. У Ховос туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича собиқ ўринбосари Б.Бердиёров ҳамда Ховос тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими собиқ бошлиғи М.Комилов билан тил бириктириб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни қонунчиликка зид равишда тадбиркорлик субъектлари эгалигига бериб юборган.
Жумладан, Учқун Камолов ерларни ноқонуний бериш бўйича 4 та ҳолатда 144 гектар суғориладиган экин майдонини балиқчилик, қум-шағал қазиб олиш, боғдорчилик йўналишлари бўйича фойдаланишга бериб юборган. Бунинг оқибатида давлат манфаатларига 8 млрд 856 млн сўм зарар етказилишига сабабчи бўлган.
Суд ҳукмида Учқун Камолов ўз хизмат вазифаларини қасддан бажармагани ортидан 3 та ҳолатда айрим тадбиркорлик субъектларига ажратилган экин майдонларининг унумдор қатлами ковлаб олиниши оқибатида давлат манфаатларига 6 млрд 352 млн сўм зарар етказилишига ҳам сабабчи бўлгани келтириб ўтилган.
Ховос туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича собиқ ўринбосари Б.Бердиёров ҳамда Ховос тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими собиқ бошлиғи М.Комилов ЖИБ Оқолтин туман судининг 2022 йил 15 ноябрдаги ҳукми билан судланган.
Учқун Камолов ЖИБ Сардоба туман судининг 2024 йил 25 мартдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди, 205-моддаси 2-қисми “а” банди ҳамда 208-моддасида келтирилган жиноятларни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 181 млн 500 минг сўм жарима жазоси тайинланган. Собиқ ҳоким қамоқда сақланган 6 ой 7 кун жазодан чегирилиб, жарима 150 млн 645 минг сўмга туширилган.
Сирдарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2025 йил 9 январдаги ҳукми билан биринчи инстанция судининг ҳукми бекор қилинган. Янги ҳукм билан Учқун Камоловга 3 йил мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 99 млн сўм жарима ҳамда 3 йил 5 ой 23 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Сирдарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2025 йил 30 майдаги ажрими билан кассация инстанциясининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Учқун Камолов 2020 йил 14 апрелда Ховос тумани ҳокими лавозимига тайинланган. У 2023 йил август ойида ими-жимида ишдан олинган ҳамда лавозимдан кетиш сабаби очиқланмаганди.