Жаҳон | 14:09 / 16.06.2025
4039
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған: Исроил Ғазодаги геноциддан эътиборни чалғитмоқчи

Туркия президенти Кувайт амири билан телефон орқали мулоқот қилди.

Фото: Omar Ashtawy/APA Images

Исроил Эронга ҳужум қилиб, Ғазода амалга ошираётган геноциддан эътиборни чалғитмоқчи.

Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Кувайт амири Мишал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабаҳ билан телефон орқали мулоқотда маълум қилди, дея хабар беради Туркия президентининг алоқа бошқармаси.

Давлат раҳбари Тел-Авивнинг бундай ниятларига чек қўйиш зарурлигини таъкидлади. Томонлар Исроил ва Эрон ўртасидаги можаро, минтақавий ва халқаро муаммоларни муҳокама қилди.

Президент Эрдўған Исроилнинг Эронга қарши ҳужумлари билан бошланган можаро минтақа хавфсизлигига катта хавф туғдираётганини қайд этди. Туркия давлати раҳбари минтақада янги уруш бошланишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.

Туркия раҳбари Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу бошқаруви глобал барқарорлик ва хавфсизлик учун муаммога айланганини қайд этди.

Туркия давлати раҳбари Исроил ҳужумлари, жумладан, Эрон ва АҚШ ўртасидаги Эрон ядро дастури бўйича музокаралар жараёнига путур етказаётганига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, бу музокаралар келишмовчиликларни бартараф этишнинг ягона йўли.

Президент Эрдўған Туркия ва Кувайт Исроилнинг Ғазодаги геноциди ва минтақадаги тажовузини кескин қоралаганини эслатди.

Мавзуга оид