Спорт | 12:31 / 20.06.2025
14505
11 дақиқада ўқилади

«Интер Майами» Мессининг шедеври билан камбэк қилди, «ПСЖ»да сенсацион мағлубият

Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 2-тур ўйинлари бошланди. Ўйинлардаги голлар ва гуруҳлардаги вазият.

Фото: Reuters

А гуруҳи

«Интер Майами» (АҚШ) – «Порту» (Португалия) 2:1
Голлар:
Сеговия (47), Лионел Месси (54) – Саму (пен, 8)
«Интер Майами»: Оскар Устари, Максимилиано Фалкон, Ноа Аллен, Йен Фрей (Фафа, 79), Марсело (Томас Авилес, 63), Тадео Алленде (Алба, 79), Серхио Бускетс, Бенжамин Кремаши, Теласко Сеговия (Редондо, 55), Лионел Месси, Луис Суарес.
«Порту»: Рамуш, Фернандеш (Боргес, 70), Педро, Маркано (Дениз, 87), Мариу, Варела (Гомес, 7), Вейга (Стефан, 59), Моура (Отавио, 87), Виейра, Мора, Саму.

«Интер Майами» яна муаммога дуч келди ва иккинчи ўйинда ҳам дарвозасига пеналти белгиланди. «Ал-Аҳли»га қарши ўйинда қутқарган 38 ёшли Устари яна қаҳрамонлик кўрсатишга яқин эди, аммо у Саму Агехованинг зарбаси йўналишини топган бўлса-да, тўп унинг қўлига тегиб ўтиб кетди. Тезкор голдан кейин «Порту» рақиб олдинга ўтишидан фойдаланиб, хавфли қарши ҳужумлар уюштиришда давом этди.

Айниқса португалиялик 18 ёшли Родригу Мора майдонда яққол ажралиб турди. У товони билан паслар берди, чиройли дриблинглар ишлатди, Варелани қулай вазиятга чиқарди (тўп устунга борди), ўзи ҳам хавфли зарба йўллади (тўпни дарвоза чизиғи устида Фалкон тўхтатиб қолди). У ўйинни персонал бенефисига айлантириб, Мессини сояда қолдира бошлади. Лекин Лео жавоб голи урилиши учун қаттиқ тер тўкди: майдон марказида тўпни эгаллаб олиб, жарима майдони ичидаги Суаресга ажойиб узатма берди, аммо ҳужумчи «Порту» дарвозабони Клаудиу Рамуш билан яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади.

Иккинчи бўлимни эса Хавиер Маскерано жамоаси идеал бошлади. Ҳужум Бускетснинг майдон марказидан қанотга тўп узатиши билан бошланди, ҳужумга қўшилган Вейгандт қанотдан жарима майдони марказидаги Сеговияни топди, венесуэлалик ҳавбек тўпни тўхтатмасдан дарвоза тўрига йўналтирди. «Интер» ўйинни кучайтиришда давом этди, рақиб футболчилари эса бу дақиқаларни жуда ишончсиз ўтказди. Мессини фақат қўполлик билан тўхтатишди. Бу эса жарима зарбаларига олиб келди. Леонинг аввалига 30 метрдан йўллаган зарбаси бироз хато кетди, жарима майдони чизиғи яқинидаги фол эса унинг юқори бурчакка йўллаган аниқ зарбаси билан якунланди. Аргентиналик футболчининг Флорида жамоасидаги 50-голи оддий гол бўлмаслиги ҳам керак эди.

«Порту» нокдаундан ўзига кела олмади, зарбалар бўйича 14:6 ҳисобидаги устунлик португалларга битта ҳам очко келтира олмади.

Шу билан бирга, океан орти вакиллари ҳисобдаги устунликни сақлаб қолиш учун сўнгги дақиқаларда матонат кўрсатишига тўғри келди. Жумладан, жароҳатдан энди қайтган Жорди Албани майдонга ташлаш орқали. Унинг тажрибаси ва Месси билан ўзаро тушуниши — гуруҳ босқичи финишида жамоага асқатиши тайин. Икки ўйинда тўрт очко жамғарган «Интер Майами»ни энди 24 июн куни сўнгги турда гуруҳ пешқадами «Палмейрас»га қарши ўйинда дуранг ҳам қониқтиради. Бу ҳолда «Порту»нинг «Ал-Аҳли» билан ўйини қуруқ расмиятчиликка айланади.

«Палмейрас» (Бразилия) – «Ал Аҳли» (Миср) 2:0
Голлар:
Али (автогол, 49), Лопес (59)
«Палмейрас»: Вевертон, Жиай, Гомес, Мурило, Пикерес, Риос, Морено (Мартинес, 67), Эштеван (Вандерлан, 76), Рафа Вейга (Маурисио, 46), Торрес (Паулинью, 76), Роке (Лопес, 46).
«Ал Аҳли»: Ал Шенавий, Яхё (Ҳусайн Шаҳат, 87), Иброҳим, Дари (Аҳмад Рамазон, 62), Ҳени, Муҳаммад Али, Аттия, Ҳамди Фазий (Муҳаммад Магди, 62), Трезеге (Бенчарки, 62), Абу Али (Градишар, 62), Зизо.
Огоҳлантиришлар: Вейга (39), Фазий (42), Жиай (43), Яхё (45+3), Пикерес (73), Аттия (79), Риос (90+5)

Ўйиннинг 37-дақиқасидаги эпизод барчасини ўзгартириб юбориши мумкин эди, бразиллар жамоаси яримҳимоячиси Вейга рақибга қарши хавфли ўйнади ва ҳакам унга қизил карточка кўрсатди. Аммо видеотакрордан кейин қарорини ўзгартириб, карточка рангини сариққа ўзгартирди. «Палмейрас» бош мураббийи Абел Феррейра ушбу футболчисини танаффусда захирага олди. Иккинчи бўлим бошида Морено стандарт вазият ижро этди, араблар жамоаси ҳимоячиси Абу Али эса тўпни ўз жамоаси дарвозасига киритиб юборди. Бироз ўтиб танаффусда Вейганинг ўрнига тушган Маурисио мураббий ишончини оқлади ва танаффусда ўйинга қўшилган яна бир футболчи Лопесни дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқарди, ҳужумчи аниқ зарба берди ва амалда ўйин тақдирини ҳал қилди.

Кейин Ист-Ратефордда кучли ёмғир бошланди ва ўйин фавқулодда ҳолат туфайли 40 дақиқага тўхтаб қолди: томошабинларга стадионни тарк этиш ва бошпана топиш тавсия этилди. Бу клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати бошланганидан буён учинчи бор табиат ҳодисаси туфайли ўйин тўхтатилиши бўлмоқда. Ўйин давом эттирилганида футболчиларда ўйнаш учун хоҳиш ҳам қолмаганди ва трибуналарга қайтган мухлислар бошқа гол кўришмади.

КЧЖ. Б гуруҳи. 2-тур. 19 июн
«ПСЖ» — «Ботафого» 0:1
Гол:
Игор Жезус (36).
«ПСЖ» — Доннарумма, Ҳакими, Пачо, Бералдо, Эрнандес (Мендеш, 55), Маюлу (Руис, 55), Витиня, Заир-Эмери (Невеш, 56), Дуэ (Ли Кан Ин, 79), Кварацхелия, Рамуш (Барколя, 55).
«Ботафаго» — Виктор, Жаир, Барбоза, Теллес (Куябано, 68), Грегоре, Фрейтас, Артур (Монторо, 77), Саварино (Серхио, 68), Аллан (Нютон, 86), Игор Жесус.
Огоҳлантиришлар: Грегоре (57), Куябано (89).

«ПСЖ» 2-турда «Ботафого» билан учрашди. Чемпионлар лигаси ғолиби ғалаба қозонганида 1/8 финал йўлланмасини ҳал қилган бўларди. Аммо ўйин кутилмаган сценарийда ўтди.

Парижликлар устози Луис Энрике «Атлетико» билан ўйиндагига қараганда тўрт алмаштириш амалга оширди. «Ботафого»га қарши ўйинда Лукас Бералдо, Лукас Эрнандес, Уоррен Заир-Эмери ва Сенни Маюлу илк дақиқалардан ҳаракат қилди. Аммо жамоа ўзаги ўзгармаганди. Ва бу «ПСЖ» ўйин услуби сақланиб қолишини таъминларди. Аммо биринчи бўлимда ақл бовар қилмас воқеалар содир бўлди. «ПСЖ» 2023/2024 йиллар мавсумидаги ўйинларини ёдга солиб юборди: жамоа тўпга эгалик қилиш бўйича улкан устунликка эришди (75 фоизга 25 фоиз), аммо ҳужумда кескинлик юзага келтирилмади. Ўшанда жамоани бундай ўйин учун беаёв танқид қилишарди. Бу ўйиннинг илк 45 дақиқаси давомида французлар атиги бир марта дарвоза соҳасига тўғри борган зарба йўллашди.

«ПСЖ» рақибни менсимай майдонга тушгани аён бўлди. Бу эса катта хато эди. Ахир «Ботафого» – Бразилиянинг амалдаги чемпиони ва Либертадорес кубоги соҳиби ҳисобланади. Жамоа таркибидаги футболчилар ҳам катта тажрибага эга: Аллан («Наполи»нинг собиқ футболчиси), Алекс Теллес («МЮ»нинг собиқ футболчиси), Игор Жезус («Ноттингҳэм»нинг бўлажак футболчиси). «Атлетико»ни осонлик билан тор-мор этган «ПСЖ» футболчилари «Ботафого»дан бундай қаршилик кутишмаганди.

Зерикарли кечаётган биринчи бўлимда «Ботафого»нинг голи мухлисларни уйғотиб юборди. Вазият йўқ жойдан пайдо бўлди: 36-дақиқада Жефферсон Саварино жарима майдони марказидаги Игор Жезусни тўп билан таъминлади, унинг зарбаси кўнгилдагидек чиқмаганди, аммо тўп парижликлар ҳимоячиси Вилям Пачонинг оёғига тегиб, дарвоза тўрига йўл олди. Бразилиялик мухлислар голни футболчилар билан бирга нишонлашди.

«ПСЖ» футболчиларини танаффусда кийим алмаштириш хонасида оғир суҳбат кутаётганди. Жамоа 2024/2025 йиллар мавсумининг ўзида тўртта соврин ютди, ўз тарихтида илк бор Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди. Аммо рақибга нисбатан бундай енгил қарашга йўл қўйиб бўлмайди. Ва парижликлар иккинчи бўлимга тетик ҳолда чиқиб келишди. Энрике керакли сўзларни топа олгани кўриниб турарди. «ПСЖ» дарҳол олдинга ташланди, аммо «Ботафого» бунга тайёр бўлиб чиқди: жамоа ҳимояда тартибли ҳаракатланди ва қарши ҳужумларга таянди.

Вақт ўтган сари «ПСЖ» футболчиларига босим ошиб борди. 77-дақиқада футболчилар сув ичиб олиши учун қисқа танаффус берилди, бу вақтда трансляцияда Луис Энрикени кўрсатишди. «ПСЖ» устози ташвишли кўринишда ҳар бир футболчисининг олдига борар ва кичик кўрсатмалар берарди.

Танаффусдан кейин французлар яна катта куч билан олдинга ташланди ва дарвозани ишғол этди ҳам. Аммо гол муаллифи Брэдли Барколя офсайдда қолиб кетгани маълум бўлди. «Ботафого» футболчилари қолган дақиқаларда ҳимояда матонат билан туришди ва ғалабали ҳисобни сақлаб қолишди.

«Сиэтл Саундерс» — «Атлетико» 1:3
Голлар:
Руснак (50) — Барриос (11, 55), Витцел (47).
«Сиэтл» — Фрай, Калани (Минонгу, 79), Белл, Раген, Бакер-Вайтинг, Ролдан, Варгас, де ла Вега (Кент, 60), Руснак (Пауло, 79), Ротрок (А.Ролдан, 66), Мусовски (Феррейра, 60).
«Атлетико» — Облак, Лоренте, Хименес (Витцел, 65), Ле Норман, Галан, Симеоне, Барриос, Коке (Корреа, 70), де Паул (Галлаҳер, 65), Сёрлот (Гризманн, 65), Алварес (Молина, 82).
Огоҳлантиришлар: де Паул (42), Ротрок (63), Галлаҳер (77).

«Атлетико» эса биринчи турдаги йирик мағлубиятдан кейин тезда ўзига келди ва Барриос ҳамда Витцелнинг голлари эвазига мезбонлар вакилини мағлуб этди. Шу билан бирга, МЛС вакили очиқ ва ҳужумкор ўйини билан ҳайрон қолдириб, ўйин давомида мадридликларга қараганда кўпроқ зарба берди (15 га қарши 16).

Сўнгги тур арафасида «Ботафого» – «ПСЖ» ва «Атлетико» билан бир гуруҳда яққол етакчи. Бразиллар турнирдаги илк сенсация муаллифига айланишди. 1/8 финалга чиқиш учун Рио-де-Жанейро жамоасига энди 3-турда мадридликларга ютқазмаслик етарли бўлади, жамоани мағлубият ҳам кейинги босқичга олиб чиқиши мумкин.

Агар сўнгги турда «Ботафого» «Атлетико»га ютқазса, «ПСЖ» эса «Сиэтл»дан устун келса, учала жамоада ҳам 6 тадан очко бўлади. Регламентга кўра, биринчи мезон ўзаро ўйинлардаги очколар сони бўлади, кейин тўплар нисбатига қаралади.

Мавзуга оид