Жаҳон | 10:25
2522
2 дақиқада ўқилади

Нидерландия Қрим татарларининг депортациясини геноцид деб тан олди

Нидерландия парламенти депутатлардан бирининг петициясини қўллаб-қувватлади, унда 1944 йилда СССР ҳукуматининг Қрим татарлари депортацияси геноцид деб тан олинган. Бунгача яна олти давлат худди шундай қарор қабул қилган.

Фото: AP

19 июн, пайшанба куни Нидерландия парламентининг қуйи палатаси Вакиллар палатаси аъзоси Дерк Бойсвикнинг Қрим татарларининг 1944 йилда Совет Иттифоқи томонидан депортация қилиниши геноцид деб тан олинган петициясини қўллаб-қувватлади. Парламент сайтида эълон қилинган янгиланишлар шундан далолат беради. Нидерландиядан ташқари Қрим татарларининг депортацияси аввалроқ Болтиқбўйи уч давлати, шунингдек, Канада, Полша ва Чехия парламентлари томонидан геноцид деб тан олинган эди.

Қўллаб-қувватланган петицияда, шунингдек, 2014 йилда Қрим Россия томонидан қўшиб олинганидан бери кўплаб Қрим татарлари асоссиз равишда қамоққа ташлангани, қийноққа солингани ёки ғойиб бўлгани, бу «катта эҳтимол билан Россия Қрим татарларига қарши геноцид сиёсатини давом эттирганини англатади» дейилади.

Нидерландия Вакиллар палатаси «Қрим татарларининг 1944 йилдаги оммавий депортацияси замонавий стандартлар бўйича геноцид деб тан олингани ҳақидаги ўз позициясини билдиради ва уни қоралайди», шунингдек, ҳукуматдан Қрим татарларининг геноциди тан олиниши мумкинми ёки йўқлигини аниқлашни сўрайди, дейилади парламент ҳужжатида.

Мавзуга оид