Жаҳон | 11:58
9506
3 дақиқада ўқилади

Бу содир бўлди: АҚШ тарихда илк марта Эронга зарба берди

АҚШ Эронга зарба берди. Учта ядро объекти, хусусан, тоғ остидаги Фордо заводи ҳужумга учраган. Ҳа, АҚШ душманлик тарихида илк марта Эронга зарба берди. Шу тариқа Вашингтон Исроилнинг Эронга қарши урушига қўшилди. Ишонинг, бугундан Яқин Шарқ асло аввалгидек бўлмайди. Қуйида шу ҳақда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Фордо энди йўқ»

Исроил икки ҳафтадан буён Эрондаги ядровий объектларга зарба бераётган, лекин энг асосий нишон – тоғ остидаги Фордо заводига тегиниб бўлмаётганди. Кейин бу заводни фақат Америка «B-2» стратегик бомбардимончиси билан 13,6 тоннали бомба ташлаб портлатиши мумкинлиги муҳокама қилинди ва худди шундай бўлди: манёвр қилиши қийин, уриб тушириш нисбатан осон бўлган баҳайбат «B-2» Эрон осмонига бемалол учиб бориб тоғ остида жойлашган заводни бомбардимон қилди.

АҚШ Эроннинг учта ядровий объекти Фордо, Натанз ва Исфахонга ҳужум қилган. «Барча бомбалар ташланди», деб ёзди Трамп. Унинг сўзларига кўра, операцияда қатнашган самолётлар Эрон чегараларидан чиққан ва АҚШ базаларига қайтмоқда. «Америкалик ажойиб жангчиларимизни табриклайман. Дунёдаги ҳеч бир армия бу ишни қилолмасди, энди тинчлик вақти келди. Эрон урушни тўхтатиши лозим», деб ёзди Трамп. У кейинроқ «Фордо энди йўқ», деган постни ўз саҳифасида улашди.

Исроил бохабар қилинган

Америка нашрларининг ёзишича, Трамп маъмурияти зарбадан олдин Исроил томонини огоҳлантирган. Операция тугагач, Трамп ва Нетаняҳу телефонда гаплашди. Трамп маъмуриятига яқин FOX News'нинг ёзишича, тоғ остидаги Фордо заводига 6 та бункерга қарши ракета ташланган. Исфаҳон ва Натанздаги ядро объектларига денгиздан туриб 30 та Tomohawk учирилган.

Эрон томони Америка зарбаларини тасдиқлаб, уччала объектдаги барча ускуналар олдиндан олиб чиқиб кетилгани, Теҳрон зарбадан бохабар бўлгани ҳақида баёнот берди.

Бу АҚШ зарбаси ҳақида бирламчи маълумотлар эди. Kun.uz'дан узоқлашманг, биз кун давомида бу борадаги энг муҳим хабарларни сизга етказиб борамиз. Яна бир бор эслатмоқчиман: тармоқда, айниқса телеграм каналларда Эрон – Исроил уруши ҳақида жуда кўп фейк маълумотлар тарқалмоқда. Энг ишончли маълумотларни ўтказиб юбормаслик учун Kun.uz саҳифаларига обуна бўлинг. Биз маълумотларни текшириб кейин сизга етказамиз.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид