Жаҳон | 10:00
1000
4 дақиқада ўқилади

ОАВ: Оқ уй Конгрессга камроқ махфий маълумотни тақдим этмоқчи

Трамп маъмурияти ОАВда АҚШнинг Эронга берган зарбалари муваффақиятини баҳолаш ҳақидаги мақолалардан сўнг кўпроқ махфийликни истаяпти, деб ёзади Axios портали.

Фото: ANDREW CABALLERO-REYNOLDS/AFP/Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти АҚШ разведкасининг Эрондаги ядровий объектларга зарбалари оқибатлари ҳақидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларига сизиб чиққанидан кейин Конгресс билан махфий маълумотлар алмашинувини чеклашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 25 июн, чоршанба куни Американинг Axios нашри Оқ уйдаги исми ошкор этилмаган тўрт нафар суҳбатдошига таяниб хабар берди.

Axios'га кўра, бу Трамп маъмурияти анъанавий тарзда АҚШ Конгресси билан махфий маълумотларни алмашиш учун фойдаланадиган ёпиқ CAPNET тизимида маълумотларни жойлаштиришга тегишли. Оқ уй расмийларининг таъкидлашича, эртаси куни эрталаб АҚШ разведкаси Эронга қилинган ҳаво ҳужумларининг муваффақияти ҳақидаги маълумот CAPNET'га юкланганидан сўнг, ушбу ҳужжатдан парчалар CNN ва The New York Times каби оммавий ахборот воситалари томонидан нашр этилган.

«Тасаввур қилинг: биз CAPNET'га маълумот жойлаштирганимиздан сўнг, у [оммавий ахборот воситаларига] сизиб чиқади», — деб иқтибос келтиради Axios Оқ уйнинг номи ошкор этилмаган расмийсидан. «Буни яна қилиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ».

Порталга бошқа манбанинг айтишича, сизиб чиққандан кейин Вашингтон «маълумотларни ошкор қилганларга уруш эълон қилишга» қарор қилган. Унинг сўзларига кўра, Федерал тергов бюроси (ФТБ) аллақачон воқеа ҳолатларини текширишга киришган, Пентагон разведка ҳамжамияти эса махфий маълумотларнинг тарқалиши устидан назоратни кучайтириш йўлларини изламоқда.

Оқ уй 22 июнга ўтар кечаси АҚШнинг Эрон ядровий дастури объектларига ҳаво ҳужумлари натижасида етказилган зарарни баҳолаш ҳақидаги ОАВ нашрларини танқид қилди. CNN ва The New York Times АҚШ разведкасидаги манбаларига таянган ҳолда Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги объектлардаги зарар асосан ердаги тузилмаларга етказилганини, уранни бойитиш учун зарур бўлган реакторлар эса зарар кўрмаганини ёзган.

Доналд Трамп ва унинг матбуот котиби Кэролайн Ливитт операция муваффақиятини шубҳа остига олган оммавий ахборот воситаларини танқид ва ҳақорат қилди. Улар бундай нашрларни АҚШ президенти ва Эронда жанговар миссияларни бажарган учувчиларни обрўсизлантиришга уриниш деб атади. Ливитт ОАВ разведка ҳисоботини тўғридан тўғри Америка разведка ҳамжамиятининг аъзосидан олганини тан олди, лекин уни «паст даражадаги аноним омадсиз шахс» деб атади.

Axios манбалари, ўз навбатида, эълон қилинган ҳисобот сунъий йўлдош тасвирлари таҳлилига асосланганини ва АҚШнинг 18 разведка идорасидан фақат бирининг дастлабки маълумотларини тақдим этганини таъкидлади.

25 июн куни НАТОнинг Ҳаагадаги саммитида сўзга чиққан Доналд Трамп яна бир бор Америка ҳаво ҳужумлари Эрон ядро салоҳиятининг «бутунлай йўқ қилинишига» олиб келганини таъкидлади. «Улар узоқ вақт давомида бомба ясай олмайди», деб ишонтирди АҚШ президенти. Шу билан бирга, сиёсатчи Теҳрон ядровий дастурини қайта тикласа, янги зарбалар бериш билан таҳдид қилган.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) раҳбари Рафаэл Гросси аввалроқ Яқин Шарқ давлати тегишли билим ва ресурсларга эга эканини таъкидлаган эди. Бироқ, у АҚШ зарбалари Эронни ядро қуролини яратиш имконидан қанчалик орқага қайтариши мумкинлигини баҳолашдан бош тортди.

Мавзуга оид