Жаҳон | 19:27 / 01.07.2025
6021
4 дақиқада ўқилади

Украина дронлари Ижевскка ҳужум қилди. Қурбонлар бор

«Тор» зенит-ракета тизимлари ҳамда дронлар ишлаб чиқариладиган «Купол» заводи зарба остида қолган. Уч киши ҳалок бўлиб, 30 дан ортиқ киши яраланган.

Фото: Видеодан кадр

1 июл тонгида Украина учувчисиз учоқлари мамлакат чегарасидан тахминан 1300 километр масофада жойлашган Ижевск шаҳрига ҳужум уюштирди. Ҳужум эрталабки соат тўққиздан олдинроқ кузатилган – Росавиация соат 8:50 да маҳаллий аэропортда самолётларни қабул қилиш ва учиришга тақиқ эълон қилганди (чекловлар куннинг иккинчи ярмида олиб ташланди).

Удмуртия раҳбари Александр Бречалов телеграм-каналида Ижевскдаги корхоналардан бири украин дронлари зарбасига учрагани ва ёнғин келиб чиққани ҳақида хабар қолдирган. Регион раҳбарининг сўзларига кўра, ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлган. 35 киши яраланган, шундан 10 нафари оғир аҳволда қолмоқда. Ҳуқуқ-тартибот органларига яқин ҳисобланган Mash телеграм-канали хабарида жабрланганлар орасида ёш бола ҳам борлиги ва унинг аҳволи ўртача оғирликда экани айтилган. Baza телеграм-канали зарба келиб тушган жойда харобаларни тозалаш ишлари олиб борилаётганини ёзган.

Удмуртиия раҳбари РФ президенти Владимир Путинга Ижевскда рўй берган ҳолат юзасидан ҳисобот берганини маълум қилган. Бречаловнинг сўзларига кўра, Путин қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдириб, жабрланувчилар тезда соғайиб кетишини тилаган. Президентнинг ўзи ҳозирча Ижевскка ҳужум юзасидан муносабат билдирмади.

Украинларнинг Exilenova+ телеграм-канали Ижевскдаги «Купол» электромеханик заводи ҳужумга учрагани ҳақида ёзган. Бу ҳақда Astra томонидан эълон қилинган видеоёзувда гапирган маҳаллий аҳоли вакили ҳам гапирган. Гувоҳлардан бирининг видеосида ҳужум вақтида шикастланган бинолардан бирида «Купол» ёзуви яққол кўринган. X ижтимоий тармоғининг 99Dominik_ никли фойдаланувчиси яна бир видеога қараб, геолокацияни аниқлаган – видео «Купол» заводидаги ишлаб чиқариш майдонларидан биридан бир неча юз метр масофадан туриб олинган.

«Купол» заводи – «РФ армияси учун „Тор“ зенит-ракета тизимлари ва „Гарпия-А1“ зарбдор дронларининг асосий ишлаб чиқарувчиларидан бири», – деган Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленко. Корхона «Алмаз‑Антей» концерн таркибига киради. Заводда зенит-ракета комплекслари ва дронлар Хитой двигателлари ва эҳтиёт қисмларидан йиғилади, деб хабар берган Reuters агентлиги. The Bell қайд этишича, заводга Евроиттифоқ ва АҚШ санкциялар қўллаган.

«Купол» заводига Украина хавфсизлик хизмати дронлари ҳужум қилган, деб хабар берган Украинадаги «РБК-Украина» ва Hromadske нашрлари манбалари. Уларнинг маълумотига кўра, узоқ масофага ҳаракатланувчи дронлар заводнинг ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда омборхоналарига зарба берган, корхона корпусларига камида иккита дрон келиб урилгани қайд этилган. Корхона РФ мудофаа вазирлиги буюртмаларини бажаради: «Тор» ва «Оса» зенит-ракета тизимларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган, шунингдек, «Гарпия» зарбдор дронларини ишлаб чиқаради, деган «Суспiльне» манбаси.

Украин ҳарбийлари ҳужумда такомиллаштирилган «Лютий» камикадзе дронларидан фойдаланган, деб хабар беради «Украинская правда»га алоқадор Mezha.Media, унинг журналистлари дронлардан бири учаётгани кўринган видеони ўрганиб, шундай хулосага келган. Нашрнинг қайд этишича, видеоёзувда дроннинг шассиси йўқлигини кўриш мумкин, шу туфайли журналистлар қурилмани йўлдан эмас, балки стационар катапултадан ёки махсус мобил транспорт платформасидан учиришганини тахмин қилишган.

Бу украин дронлари Удмуртияга иккинчи бор учиб келиши бўлмоқда — биринчи ҳужум 2024 йил ноябрда кузатилганди.

Украина хавфсизлик кучлари ва Украина қуролли кучлари бош штаби ҳозирча Ижевскка уюштирилган ҳужум юзасидан изоҳ бермади.

Мавзуга оид