Ўзбекистон | 09:03
1436
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Миср Султон Сайфиддин Қутуз ҳақида филм яратиши мумкин

Миср давлат кутубхонасида "Султон Сайфиддин Қутуз тарихидаги янги саҳифалар" мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Фото: "Дунё" АА

Анжуманни очиб берган Ўзбекистон элчиси Мансур Қиличев, Миср давлат кутубхонаси фонди директори, элчи Ризо ал-Тоифий ҳамда ўзбек ва инглиз тилларида ёзилган "Сайфиддин Қутуз – cўнгги зарба" номли китоб муаллифи Бекзод Абдиримов бу каби тадбирларнинг икки биродар давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашдаги муҳим аҳамиятини таъкидлади.

Ўзбекистон ва Мисрдан тарихчилар, ёзувчилар ҳамда санъат соҳаси вакиллари қатнашган тадбирда икки давлат халқлари ўртасидаги асрлар давомидаги тарихий алоқаларга муҳокама қилинди.

Ислом дунёси тарихидаги қаҳрамон сиймолардан бири – Қутуз Хоразмшоҳлар давлати ҳудудида, кўҳна Хоразмда туғилган. Ёшлигида она ватанини тарк этган Султон Сайфиддин Миср султони даражасига етиб, 1260 йилда Айн Жолут жангида мўғулларга қарши ҳал қилувчи ғалабага эришди ҳамда Миср ва ислом оламининг катта қисмини муқаррар қирғиндан сақлаб қолди.

Таъкидланганидек, Амударё бўйларидан Нил водийси юрагигача бўлган бу ғайриоддий ҳаёт йўли Марказий Осиё ва Яқин Шарқ ўртасидаги чуқур тарихий боғлиқликни яққол намоён этади.

Анжуманда Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги муносабатлар биргина тарихий шахс билан чекланиб қолмаслиги, асрлар давомида олимлар, савдогарлар, талабалар ва давлат арбоблари икки минтақа ўртасида қатнаб, билим ва қадриятлар алмашинуви орқали ҳар икки цивилизацияни бойитгани қайд этилди. Аҳмад Ал-Фарғоний, Мисрда ҳукм сурган Тулунийлар, Ихшидийлар, Хоразмшоҳлар ва Мамлуклар давридан тортиб, Ал-Азҳар ва Нақшбандия анъаналаригача — икки халқни ўзаро ҳурмат ва умумий тақдир уйғунлиги боғлаб турган.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон ва Миср киноижодкорлари томонидан Султон Сайфиддин Қутуз ҳақида бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратиш бўйича ташаббусни илгари сурди. Бундай лойиҳалар икки халқ ўртасидаги минг йиллик дўстликни бугунги ва келажак авлодларга етказишда муҳим восита бўлади.

Мавзуга оид