Жаҳон | 11:50 / 04.07.2025
1297
2 дақиқада ўқилади

Германия ТИВ раҳбари Хитойни Москвага таъсир ўтказишга чақирди

Германия ташқи ишлар вазири Пекинни Украинага қарши урушни тўхтатиш учун Россияга таъсир ўтказишга чақирди. Хитой тинчлик ва хавфсизлик учун глобал масъулиятни ўз зиммасига олиши керак, деди Йоханн Вадефул.

Фото: REUTERS

Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул Пекинни Украинага қарши урушни тўхтатиш учун Россияга таъсир ўтказишга чақирди. Германия ташқи ишлар вазири 3 июл, пайшанба куни Берлинда хитойлик ҳамкасби Ван И билан учрашди.

«Мен Путиннинг уруши бизнинг хавфсизлигимизга бевосита таҳдид солаётганини аниқ айтдим», деди немис сиёсатчиси.

«Шунинг учун Россияни зарур ҳарбий материаллар билан таъминлашга халақит бериб, бу урушни олиб боришга йўл қўймаслигимиз керак», — деди у Хитойнинг Россия ҳарбий-саноат комплексини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашига ишора қилиб.

«Хитой Халқ Республикасидан Россияга бундай товарлар етиб бормаслиги ва пировардида бу урушни қўллаб-қувватлашни тўхтатиш учун ҳамма нарсани қилиш қанчалик муҳимлигини яна бир бор таъкидладим», — деди у. Пекин бу айбловларни рад этди, дея хабар беради Reuters.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида Хитой тинчлик ва хавфсизлик учун глобал масъулиятни ўз зиммасига олиши керак, дея қўшимча қилди вазир. «Энди Россия музокаралар столига ўтириши керак. Украина бунга тайёр», — дея қўшимча қилди у.

Вадефул Германия Тайван бўғозини барқарорлаштириш учун «ягона Хитой» сиёсатига амал қилишда давом этишини таъкидлади.

«Тайван ва Жануби-Хитой денгизидаги вазиятга келсак, шуни айтмоқчиманки, у ерда кескинлашув нафақат Хитой ёки Осиёга, балки бутун дунёга ва бизнинг манфаатларимизга таъсир қилади», — дея таъкидлади Германия ташқи ишлар вазири.

Мавзуга оид