Ўзбекистон | 10:03 / 04.07.2025
1598
2 дақиқада ўқилади

Покистон Термизда "қуруқлик порти"ни ташкил этиши мумкин

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон денгиз ишлари вазири Муҳаммад Жунаид Анвар Чаудри билан учрашди.

Фото: Дунё

Музокаралар чоғида икки томонлама соҳавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари – денгиз ва қуруқлик портларида терминаллар ташкил этиш, транспорт-логистика йўналишида янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонларнинг барча йўналишда ўзаро муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор эканлиги, ҳамкорликда янги бозорларга кириб бориши уларнинг глобал иқтисодиётдаги улуши мустаҳкамланишига хизмат қилиши, бунда денгиз ва қуруқлик транспорт-логистикаси тармоғи муҳим ўрин тутиши эътироф этилди.

Покистон денгиз портларининг Осиё, Европа ва Африка ўртасидаги глобал логистика занжирларидаги муҳим геостратегик бўғин эканлиги инобатга олиниб, бу ерда Ўзбекистон юклари учун махсус терминал очиш масаласи кўриб чиқилди.

Покистон денгиз ишлари вазири мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаб, ўзбекистонлик тадбиркорларни денгиз портларида офф-док терминал, сақлаш ва божхона омборлари каби инфратузилмаларни биргаликда бошқаришга чақирди.

Шунингдек, Термиз шаҳридаги "Айритом" эркин савдо ҳудудида покистонлик ҳамкорлар билан биргаликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан "қуруқлик порти" – логистика марказини ташкил этиш лойиҳаси хусусида фикр алмашилди.

Суҳбат чоғида транспорт-логистика соҳасидаги манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида қўшма "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш ташаббуси муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, иқтисодий дипломатия йўналишидаги ҳамкорлик масалалари, жумладан балиқчилик, денгиз маҳсулотлари етиштириш ва денгиз сувини тузсизлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига эътибор қаратилди.

Ушбу масалалар юзасидан икки мамлакат мутасадди вазирликлари ўртасида мулоқотни давом эттириш, онлайн музокаралар уюштириш ва ўзаро ташрифларни амалга ошириш бўйича келишиб олинди.

Мавзуга оид