Ўзбекистон | 14:31 / 04.07.2025
4545
2 дақиқада ўқилади

Тошкент метросининг 13 та бекатида вестибюлнинг бир томонидаги касса ёпилди

Ҳозир метрополитен мижозларининг атиги 6-7 фоизи QR-кодли чипталардан фойдаланмоқда. Нақд шаклда тўлов қилувчи йўловчилар сони энг кам бўлган 13 та бекатда вестибюлнинг бир томонидаги касса ёпилди.

Тошкент метросининг 13 та бекатида вестибюлнинг бир томонидаги касса ёпилди. Бунга аксарият йўловчилар нақдсиз шаклда тўлов қилишга ўтгани сабаб бўлди. Бу ҳақда «Тошкент метрополитени» хабар бермоқда.

Биттадан кассалар ёпилган бекатлар қуйидагилар: Мирзо Улуғбек, Халқлар дўстлиги, Пахтакор, Ҳамид Олимжон, Пушкин, Дўстлик, Тошкент, Ойбек, Тинчлик, Шаҳристон, Бодомзор, Минор, Абдулла Қодирий.

Узоқ давом этган кузатув ва ўрганишлар натижаларига кўра, айни шу бекатларда кассадан чипта харид қилиш кўрсаткичи кескин камайгани аниқланган. Шу боис, нақд пул кўринишида тўловни амалга оширувчи йўловчилар сони кам бўлган метро бекатларида кассалардан бирини ёпишга қарор қилинган.

Таъкидланишича, йўловчилар касса ёпилган вестибюлларда автоматлаштирилган тўлов турларининг бошқа усуллари орқали тўлов қилиш имкониятига эга (АТТО карталари, банк карталари, турли мобил иловалар, кафт орқали ва бошқа тўлов усуллари).

«Тошкент метрополитени» йўловчиларига қулайлик яратиш ҳамда касса олдидаги тирбандликларни камайтириш мақсадида метродан фойдаланишда йўл ҳақини тўлашнинг 10 дан ортиқ тури мавжуд. Жумладан, QR-кодли бир марталик чипталар 3000 сўмни ташкил қилса, бошқа тўлов усуллари 1700 сўм ва ундан ҳам арзон... Ҳозирги вақтга келиб йўловчиларнинг кам сонли қисми нақд пул кўришида, яъни кассадан QR-кодли чипта ҳарид қилиб йўл ҳақини тўламоқда. Рақамларга қарайдиган бўлсак, илгари бир марталик QR-кодли чипталардан метро йўловчиларининг 45-50% фойдаланган бўлса, ҳозирги вақтга келиб 6-7% ни ташкил қилмоқда», дейилади хабарда.

Мавзуга оид