Ўзбекистон | 15:21
3817
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 70 млрд долларга яқинлашди

1-чорак якунлари бўйича, умумий ташқи қарз 68,4 млрд долларни ташкил этди. Шундан 35,8 млрд доллари – давлат ташқи қарзи, 32,6 млрд доллари – корпоратив ташқи қарзлардан иборат. Умумий ташқи қарз қолдиғи бир йил ичида 14,9 млрд долларга ошди. Чораклик жорий операциялар ҳисобининг манфий салдоси 160,7 млн долларгача (йиллик нисбатда 13 баробарга) қисқарди.

Фото: REUTERS

2025 йил 1-чорак якуний бўйича Ўзбекистон Республикасининг умумий ташқи қарзи 68,4 млрд долларни ташкил қилди.

Шундан 35,8 млрд доллари – давлат ташқи қарзи, 32,6 млрд доллари –корпоратив ташқи қарзлардир. Бу – Марказий банк ҳисоботида келтириб ўтилган.

Январ-март ойларида умумий ташқи қарз қолдиғи 4,3 млрд долларга ошган. Бунда, давлат ташқи қарзи 1,9 млрд долларга, корпоратив ташқи қарз 2,4 млрд долларга кўпайган.

2024 йил 4-чораги (+3,9 млрд доллар) билан таққослаганда, ташқи қарз жамғариш тезлашганини кўриш мумкин.

Умумий ташқи қарз қолдиғининг ўсиши йиллик нисбатда (2024 йил 1-чорагига таққослаганда) 14,9 млрд долларни ташкил этди. Шундан 6,2 млрд доллари – давлат, 8,7 млрд доллари корпоратив ташқи қарздан иборат.

Маълумот учун: корпоратив ташқи қарз таркибида хусусий сектор ва давлат иштирокидаги корхоналар томонидан давлат кафолатисиз жалб этилган ташқи қарзлар акс эттирилади.

Жорий операциялар ҳисоби узоқ йиллик минимумни қайд этди

1-чоракда жорий операциялар ҳисобидаги манфий салдо 160,7 млн долларгача қисқарди. Таққослаш учун, 2024 йилнинг илк чорагида бу кўрсаткич 2,1 млрд доллар бўлган.

Савдо балансининг манфий салдоси эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга қисқариб, 2,6 млрд долларни ташкил қилди. Бу – экспорт ҳажмининг юқори суръатларда ўсиши шароитида, импортнинг деярли ўзгаришсиз сақланиб қолиши билан изоҳланади.

Хусусан, жами экспорт ҳажми 22 фоизга ошиб, қарийб 8 млрд долларни ташкил қилган бўлса, жами импорт ҳажми 10,5 млрд доллар атрофида шаклланди.

2025 йилнинг I чораги давомида Ўзбекистонга келиб тушган халқаро пул ўтказмалар ҳажмининг ўсиши бирламчи ва иккиламчи даромадлар баланси ижобий салдо (мос равишда 148,9 млн ва 2,2 млрд доллар) билан шаклланишига сабаб бўлди.

Жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги тўғридан тўғри, портфел ва бошқа инвестициялар жалб қилиниши ҳисобига молиялаштирилди. Жумладан, 2025 йилнинг I чораги давомида Ўзбекистонга тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг соф киритилиши 2024 йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 2 баробарга ўсиб, 752,3 млн долларга тенг бўлди.

Портфел инвестицияларнинг соф жалб қилиниши асосан халқаро облигациялар билан боғлиқ операциялар ҳисобига, 1,5 млрд долларни ташкил қилди.

Юқоридаги таркибий омиллар ҳисобига 2025 йилнинг I чораги якуни бўйича молиявий ҳисоб манфий салдоси 791,1 млн долларни ташкил этди.

Мавзуга оид