Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда 7 бола чўкиши икки ой давомида турли кунларда рўй берган
Бош прокуратура аниқлик киритди – етти ҳолат ҳам алоҳида жой ва кунларда бўлган, вафот этганлар сони икки эмас, бир нафар бўлган.

Фото: Kun.uz
Ўзбекистон Бош прокуратураси 12 июл куни оммавий ахборот воситаларида Тошкент шаҳрида бир бассейнда етти бола чўкиб кетгани, шундан икки нафари вафот этгани ҳақида тарқалган хабар юзасидан аниқлик киритди.
Аниқланишича, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига жорий йилнинг 12 май кунидан 10 июл кунига қадар Тошкент шаҳрининг турли ҳудудлардаги яшаш манзилларидан 7 нафар вояга етмаган бола чўкиши билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушган.
Шундан 4 нафар болага даволанишдан сўнг яшаш манзилларига рухсат берилган, 2 нафар вояга етмаган бола даволанмоқда, шундан 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.
Шунингдек, 1 нафар бола қаровсиз қолгани оқибатида хонадондаги бассейнга тушиб кетиб, вафот этган. Тиббий муассасага олиб борилган вақтда унда биологик ўлим қайд этилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бунгача «Миллий» телеканали жума куни «Миллар» кўрсатувида Тошкентда уй бассейнларида чўкиб кетган етти нафар бола Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келингани ҳақида хабар берилганди. Репортажда бу ҳолатлар қайси вақт оралиғида рўй берганига ойдинлик киритилмаган.
Марказ болалар реаниматологи Алишер Мустақимов икки нафар бола жонсиз ҳолда олиб келингани, беш нафари жонлантириш бўлимига ётқизилгани – уларнинг барчаси кома ҳолатида бўлганини айтиб ўтган. Уч-етти кундан кейин уч нафари ўзига келган, икки нафари ўта оғир аҳволда, кома ҳолатида қолмоқда, деган шифокор.
Унинг сўзларига кўра, болалардан бирига 40 дақиқа давомида реанимация муолажалари ўтказилган, шундан сўнг боланинг юраги ура бошлаган.
«Умид ҳар доим қолади, лекин узоқ вақт давомида гипоксия ҳолатида бўлгандан сўнг, бирор нарса дейиш қийин. Аксарият ҳолларда омон қолган болалар ногирон бўлиб қолади», – деди Алишер Мустақимов.
Саёз уй бассейнлари болалар учун хавфлими, деган саволга шифокор шундай деди: «2, 3, 5 ёшли болаларда координация ҳали етарлича ривожланмаган, улар сувга тушиб кетганда кўтарилиши қийин, бола стресс ҳолатига тушиб қолиши мумкин, қандай туриш ёки бошини кўтаришни билмаслиги мумкин. Бола сув остида бир-икки нафас олса, ўпкасини тўлдиради ва кеч бўлиши мумкин».
Шунга кўра, чўкиб кетган болаларнинг ёши 2-5 оралиғида бўлганини тахмин қилиш мумкин.