Ўзбекистон | 07:36
2705
3 дақиқада ўқилади

Наркологик касалликка йўлиққан маҳкумларга меҳнат терапияси қўлланиши мумкин

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган, наркологик касалликка (сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандлик) йўлиққан шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

Фото: Getty Images

Тегишли ҳужжат лойиҳасига кўра, тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланган ҳукм қилинган шахсларнинг жисмоний ҳолати ҳисобга олинган ҳолда, шунингдек тиббий кўрсатмаларга мувофиқ уларга нисбатан меҳнат терапияси қўлланиши мумкин.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланган ҳукм қилинган шахслар жазони ижро этиш муассасаларининг қабул бўлимида шифокор-нарколог ёки шифокор-психиатр томонидан рўйхатга олинади ва 3 кун ичида ташхис қўйилади ҳамда мажбурий даволашнинг давомийлиги белгиланади.

Жазони ижро этиш колонияларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари жазони ижро этиш тизимининг ихтисослаштирилган муассасалари томонидан амалга оширилади.

Манзил-колонияларида сақланаётган маҳкумларнинг тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари умумий асосда соғлиқни сақлаш тизимининг мажбурий даволаш учун мўлжалланган наркология муассасаларида амалга оширилади.

Наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволаш давомийлиги олти ойдан кам бўлмаслиги ҳамда ўн саккиз ойдан ошмаслиги керак.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўллашга ҳукм қилинган шахсларни текшириш ва даволаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган стандартлар ва клиник баённомаларга мувофиқ амалга оширилади.

Стационар даволаниш учун ётқизилган алкоголизм билан касалланган беморларнинг наркологик стационар бўлимидаги минимал даволаниш муддати қирқ беш кундан, гиёҳванд ёки заҳарвандларни эса олтмиш кундан кам бўлмаслиги лозим.

Ҳар бир беморга стационар беморнинг тиббий картаси (касаллик тарихи) тўлдирилади, унга бемор тўғрисидаги барча зарурий маълумотлар киритилади.

Жазони ижро этиш муассаса тиббий комиссиясига даволаш-профилактика ёрдамини кўрсатиш бўлими бошлиғи раислик қилади, комиссия таркибига шифокор-нарколог (ёки шифокор-психиатр) ҳамда шифокор-терапевтлари киради.

Жазони ўташ мобайнида наркологик касалликдан мажбурий даволаш курсини тугалламаган маҳкум озод этилган тақдирда, жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти у яшайдиган манзилдаги наркология муассасаси ҳамда ички ишлар органларини маҳкумни озод этилганлиги тўғрисида низом иловасига мувофиқ шаклда қуйидаги муддатларда хабардор қилинади:

суд тайинлаган жазо муддатини ўтаб бўлганлиги муносабати билан озод этилаётганлиги тўғрисида – ўн кун олдин;
жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш, жазони енгилроғи билан алмаштириш, амнистия акти ёки афв этиш муносабати билан озод этилганлиги тўғрисида – уч кун муддат ичида.

Бунда тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланган ҳукм қилинган шахснинг тиббий амбулатор картасидан кўчирма ҳам юборилади. Хабарноманинг бир нусхаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Тиббиёт бўлимига юборилади.

Мавзуга оид