Фан-техника | 23:22 / 15.07.2025
5374
2 дақиқада ўқилади

Google нейротармоғи ютқазиш қўрқуви сабаб шахмат ўйнашдан бош тортди

1977 йилги Atari 2600 ўйин приставкаси дунёдаги энг кучли нейротармоқлардан бирини чекинишга мажбур қилди.

Фото: Sora

Googleʼнинг янги Gemini тил модели Atari 2600 ўйин консоли билан шахмат ўйнашдан бош тортди. Сунъий интеллект ушбу тизим олдинги гигантлар — ChatGPT ва Microsoft Copilot устидан ғалаба қозонганидан хабар топганидан кейин шундай қарорга келган.

Ноодатий турнир ташаббускори муҳандис Роберт Карузо бўлиб, у илғор сунъий интеллектларни Atari Chess’га қарши баҳсга чиқарган. OpenAI технологиялари асосида яратилган чатбот мағлубиятга учрагач, Карузо Google компаниясининг мултимодал модели имкониятларини синаб кўришга қарор қилган.

Суҳбат аввалида Gemini бўлажак баҳс борасида ўзига ишонч билдирган. Модел ўз рақиби «катта тил модели бўлмагани учун» ғалаба қозониши мумкинлигини маълум қилган. У миллионлаб юришларни ҳисоблаш қобилиятига эга ўз имкониятларини юқори баҳолаган. Бунга жавобан Карузо ундан олдин мағлубиятга учраган сунъий интеллект ҳам мақтангани ва оқибатда ютқазиб қўйганини эслатган.

Бу маълумот эса Gemini’нинг ҳаракатларини тубдан ўзгартириб юборган. Нейротармоқ ўз имкониятларини юқори баҳолаб юборганини тан олган ва унга «Atari 2600 Video Chess ўйин консолига қарши туриш жуда қийин бўлишини» билдирган. Рискларни баҳолаган сунъий интеллект «вақт нуқтаи назаридан баҳсни бекор қилиш энг самарали ва оқилона ечим» бўлишини маълум қилган.

Шундай қилиб, 1,19 мегагерц процессор ва 128 байтли тезкор хотирага эга 1977 йилги Atari 2600 ўйин приставкаси дунёдаги энг кучли нейротармоқлардан бирини чекинишга мажбур қилди.

Мавзуга оид