Ўзбекистон | 12:27 / 21.07.2025
894
2 дақиқада ўқилади

Манама ва Тошкент ўртасида ҳаво қатнови йўлга қўйилиши мумкин

Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев бошчилигидаги мамлакат делегациясининг Манама шаҳрига ташрифи доирасида "Ўзбекистон – Баҳрайн" халқаро туризм форуми ўтказилди.

Фото: "Дунё" АА

Мамлакат элчихонаси (қароргоҳи Ар-Риёз шаҳрида жойлашган) кўмагида ташкил этилган мазкур тадбир Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини араб мамлакатларида тарғиб қилиш ва туризм соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун самарали майдон вазифасини ўтади.

Форумда икки мамлакатнинг вазирлик ва идоралари, сайёҳлик компаниялари, авиаташувчилар, савдо-саноат палаталари ҳамда ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди. 

Форум доирасида "Ўзбекистон - Ипак йўли дурдонаси" тақдимоти ўтказилди. Унда тарихий-маданий мерос, сайёҳлик йўналишлари, шунингдек, зиёрат, тиббиёт, гастрономия ва экологик туризм соҳаларидаги янги имкониятлар кенг кўламда намойиш этилди. 

Ўзбекистондаги ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси объектлари ва инфратузилмани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси аъзолари Баҳрайн туризм вазири Фатима Ал-Сайрафий билан алоҳида учрашув ўтказди. Учрашув давомида томонлар сайёҳлик соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар. Сайёҳлар алмашинувини ошириш, виза тартибларини соддалаштириш, Манама ва Тошкент ўртасида ҳаво қатновини йўлга қўйиш, шунингдек, икки мамлакатнинг сайёҳлик брендларини тарғиб қилишга қаратилган қўшма тадбирларни уюштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Баҳрайн томони Ўзбекистондаги машҳур ислом алломалари ва арбоблари билан боғлиқ муқаддас қадамжолар ҳамда тарихий обидаларга юқори даражада қизиқиш билдирди. Шу муносабат билан, зиёрат туризмини ривожлантиришга ва "Табаррук зиёрат" платформасини Баҳрайн сайёҳлари ва туроператорлари орасида тарғиб этиш масалаларига алоҳида урғу берилди.

Мавзуга оид