Жаҳон | 09:59 / 21.07.2025
1183
2 дақиқада ўқилади

Полша яна бир бор ўз фуқароларини Россияга саёҳат қилмасликка чақирди

Россия Федерациясидаги консулликларнинг ёпилиши муносабати билан республика фуқароларига ёрдам кўрсатиш имконияти қисқартирилди, дея огоҳлантирди Варшава.

Фото: Getty Images

Калининграддаги консуллик ёпилгач, Полша Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқароларига Россияга саёҳат қилмаслик тавсиясини эслатди. «Ташқи ишлар вазирлиги уруш ва Полшанинг Россия Федерацияси расмийлари томонидан дўст бўлмаган давлат сифатида тан олиниши муносабати билан Россияга саёҳат қилишни тавсия этмайди», — деб хабар қилди Полша ТИВ X ижтимоий тармоғида.

Идора сайтида таъкидланишича, Санкт-Петербург ва Калининграддаги бош консулликлар ёпилганлиги сабабли «Полша фуқароларига тўғридан тўғри консуллик ёрдами кўрсатиш имкониятлари тобора чекланиб бормоқда ва бунинг учун жуда узоқдаги консуллик идораларига бориш зарурати туғилиши» мумкин.

«Хавфсизлик билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашганда, чегаралар ёпилган ёки бошқа кутилмаган ҳолатлар юз берган тақдирда, эвакуация қилиш анча қийинроқ ёки ҳатто имконсиз бўлиши мумкин», — дея огоҳлантирди Полша ТИВ.

Варшава Украинада уруш бошлангани ва Полша Россия Федерацияси томонидан «дўст бўлмаган давлат» деб тан олинганидан кейин фуқароларга Россияга саёҳат қилишдан бош тортишни тавсия қилган. 2025 йил июл ойида Россия Ташқи ишлар вазирлиги Краковдаги Россия Бош консуллигининг ёпилишига жавобан Полшанинг Калининграддаги бош консуллиги ёпилишини эълон қилди. Аввалроқ Полшанинг Санкт-Петербургдаги бош консуллиги ёпилган эди.

Мавзуга оид