Ўзбекистон | 11:35
6718
3 дақиқада ўқилади

Мўйноқдаги конда газ сизиб чиқиши рўй берди

Айни вақтда қудуқни ликвидация қилиш ва босимни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

27 июл куни ижтимоий тармоқларда Мўйноқдаги конда бурғилаш ишлари вақтида катта миқдорда газ отилиб чиққани, атрофдаги аҳолидан уйдан чиқмаслик сўралаётгани ҳақида хабар тарқалди. Энергетика вазирлиги ҳолат юзасидан изоҳ бериб, Мўйноқдаги қудуқдан чиқаётган газ аҳоли турар жойларидан узоқда ва таркиби зарарсиз эканини маълум қилди.

2025 йил 26 июл куни Қорақалпоғистон Республикаси, Мўйноқ тумани, «Учсой» ОФЙ ҳудудида жойлашган «Мўйноқ» конида олиб борилаётган бурғилаш ишлари давомида 5000 метр чуқурликка мўлжалланган 1-сонли қудуқда 4707 метр чуқурликдан газ чиқиши кузатилди. Бу қудуқ – ушбу конда бурғилаш ишлари бошланган биринчи қудуқ ҳисобланади.

Вазирлик маълумотида қайд этилишича, газ босими кутилган даражадан юқори бўлгани сабабли, барча хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда қудуқни ликвидация қилиш ва босимни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Воқеа содир бўлган пайтдан бошлаб барча тегишли ташкилотлар – «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси бошчилигидаги Жамиятга қарашли «Очиқ нефт ва газ фаввораларини олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисмининг Марказий ҳарбийлаштирилган назорат отряди», Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, «Ўзбекгеофизика» АЖ ҳамда маҳаллий ҳокимият мутасаддилари воқеа жойида бўлиб турибди.

«Энг асосийси, ушбу қудуқ аҳоли яшаш жойидан узоқда ва газ таркибида олтингугурт йўқ бўлган тоза метан ҳисобланади. Қайд этиш жоизки, Устюрт ҳудудидаги барча конлардан олинадиган табиий газ таркибида олтингугурт учрамайди.

Маълумот учун, айни дамда ҳолатни бартараф этиш учун хизмат қилаётган ишчи ходимлар соғлиғини сақлаш, шунингдек, атроф-муҳит ва ҳайвонот оламига зарар етишининг олдини олиш мақсадида газ назорат остида ёқиб қўйилди.

Ҳеч ким тан жароҳати олмаган.

Шу сабабли одамлардан ваҳимага тушмасликларини сўраймиз», дейилади вазирлик хабарида.

Ҳолат юзасидан қўшимча ахборот берилиши айтилган.

Ҳозирча Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу борада маълумот бермади.

Мавзуга оид