Иқтисодиёт | 17:11
6630
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон АҚШдан пахта импорт қилмоқчи

Ўзбекистон расмийлари АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва АҚШ Пахта ассоциацияси билан GSM-102 дастури доирасида Америка пахтаси импортини йўлга қўйиш борасида музокара ўтказмоқда. Бу дастур импортёрларга АҚШ маҳсулотларини сотиб олиш учун Америка ҳукуматининг кафолати остида қарз олиш имконини беради.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги делегацияси 23–29 июл кунлари АҚШга ташриф буюрди. Ташриф доирасида 25 та маҳаллий тўқимачилик корхонаси Ню Йоркдаги “Texworld NYC”, “Apparel Sourcing USA” ва “Home Textiles Sourcing Expo” халқаро кўргазмаларида қатнашди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Кўргазмалар доирасида Bunzl plc, Levi Strauss & Co., PVH Corp., G-III Apparel Group, Kontoor Brands, American Eagle Outfitters, Tapestry Inc., Macy’s, American Apparel & Footwear Association (AAFA), United States Fashion Industry Association (USFIA), Oritain ва бошқа етакчи компаниялар билан музокаралар олиб борилди.

Учрашувларда Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларини АҚШ бозорига чиқариш ва sourcing механизми асосида буюртмалар жойлаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Шунингдек, ИССВ вакиллари АҚШ Савдо вазирлиги билан учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо тўсиқларини камайтириш ва инвестицияларни фаоллаштириш бўйича механизмни ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон маҳсулотларини, жумладан тўқимачилик, қурилиш материаллари, электр техникаси ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Amazon, Walmart, Whole Foods Market, Bloomingdale’s ва The Home Depot каби йирик савдо тармоқларида жойлаштириш имкониятлари ҳам алоҳида муҳокама қилинди.

АҚШ Савдо вазирлиги ҳузуридаги CLDP (Савдо ҳуқуқини ривожлантириш дастури) вакиллари билан бўлган музокараларда ўзбекистонлик компаниялар учун АҚШ стандартларига мос сертификатлаш ва қадоқлаш бўйича вебинар ва семинарлар ташкил этишга келишиб олинди.

АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва АҚШ Пахта ассоциацияси билан учрашувда GSM-102 дастури доирасида Ўзбекистонга АҚШ пахтасини етказиб бериш, кредит лимитини ошириш ва “Made from U.S. Cotton” ташаббусини ишга тушириш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумот учун, GSM-102 дастури импортёр-давлатларга АҚШ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан кафолатланган кредит асосида сотиб олиш имконини беради.

Май ойида Ўзсаноатқурилишбанк берган хабарга кўра, АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу дастурнинг Ўзбекистондаги илк иштирокчиси сифатида СҚБни танлаган. Икки томон савдони молиялаштиришга қаратилган кредит линияларига кафолатлар тақдим этиш бўйича ҳамкорлик ўрнатган.

Мавзуга оид