Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент 92 минг битирувчини ишга жойлаштиришни буюрди
Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда давлат раҳбари ҳозир банд бўлмаган 92 минг битирувчини ишга жойлаштириш ва қўшимча иш ўринларини яратиш йўналишларини кўрсатиб ўтди.
Қайд қилинишича, 20 минг нафар битирувчи магистратура ва иккинчи мутахассислик билан қамраб олинади. Яна 20 минг нафар битирувчини 10 мингга яқин корхонадаги стаж талаб қилмайдиган иш ўринларига жойлаштириш мумкин.
Ҳар бир вилоятда бизнес-инкубаторлар ташкил қилиб, уларда тадбиркорлик стартаплари, маркетинг, дизайн, АТ хизматлари орқали 15-20 минг битирувчини банд қилиш топширилди.
Кимё, энергетика, геология, автосаноат, металлургия, фармацевтика тармоқларида 10 минг муҳандис, технолог, оператор, стандартлаш, сифат назорати, молия, иқтисодиёт йўналиши битирувчиларини ишга жойлаш имконияти борлиги айтилди.
Шунингдек, тўқимачилик, чарм, электротехника, қурилиш материаллари, озиқ-овқат каби маҳаллий саноат тармоқларида 5-7 минг битирувчини доимий иш билан таъминлаш мумкин.
Мутасаддиларга 6 минг битирувчини транспорт, логистика, йўл, қурилиш, коммунал соҳалар билан қамраб олиш, педагогика, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя, маданият, санъат соҳалари муассасалари ва ўқув марказларида 10 минг битирувчини ишли қилиш топширилди.
Яна 30 минг битирувчига бизнесини йўлга қўйишга кўмаклашилади.
Давлатимиз раҳбари уюшмаган ёшлар билан ишлаш масаласига тўхталиб ўтди.
Шундан 115 минг нафарининг бандлигини таъминлаш масаласи вазирлик, вилоят ва туман раҳбарлари томонидан ҳал қилинмоқда. 52 минг тарбияси оғир ёшлар ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан оталиққа олингани ҳам натижасини кўрсатди.
Шу билан бирга, қолган 5,5 минг ишсиз, 31 минг тарбияси оғир ёшлар ва ўқишдан четлатилган 3 минг талаба билан тизимли ишлаб, ҳаётда ўз йўлини топиши учун ёрдам бериш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддиларга ҳокимлар, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан биргаликда 9 минг уюшмаган ва ўқишдан четлатилган ёшни тадбиркорлик, хорижий тил ва замонавий касбларга ўргатиб, ишли қилиш топширилди.
Масъуллар олдига 31 минг тарбияси оғир ёшларни касб ва тил тўгараклари, спорт мусобақалари, ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларига жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди.
Мавзуга оид

22:00 / 08.08.2025
Тошкентда бу йил 374 км электр тармоғи, 11 та нимстанция ва 62 та трансформатор янгиланади

16:31 / 08.08.2025
Энди «бешталик»даги олийгоҳларга киролмаган абитуриентда олтинчи имконият ҳам пайдо бўлади

15:57 / 08.08.2025
Олийгоҳлар тайёрлаётган кадрлар билан иш берувчилар талаби ўртасида фарқ катта – президент

14:21 / 08.08.2025