Жаҳон | 08:10
2795
3 дақиқада ўқилади

Зеленский: Россия Украинанинг қишга тайёргарлигини бузишга уринмоқда

Россия яна Украинанинг энергетика секторига ва тинч аҳолига ҳужум қилди, деди Зеленский. Уиткофф Москвага ташриф буюрган куни у Россияга тегишли босим ўтказишга ва уни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга мажбур қилишга чақирди.

Фото: IDA MARIE ODGAARD/AFP

Украина президенти Володимир Зеленский Россияни мамлакатнинг яқинлашиб келаётган иситиш мавсумига тайёргарлигини бузишга уринишда айблади. Россия кучлари Одесса вилояти жанубидаги Новоселское қишлоғидаги газ станциясига зарба бериб, юзлаб оилаларни газсиз қолдирди, деди Украина раҳбари Telegramʼда.

«Бу бизнинг иситиш мавсумига тайёргарлигимизга атайлаб қилинган ҳужум, Россиянинг энергетика соҳасига қилган ҳар бир ҳужуми каби мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат бўлди», деди у. Бундан ташқари, россияликлар Днипропетровск вилоятидаги электр тармоқларига ҳужум қилди, Херсондаги одамларни дронлардан нишонга олди, Харкив ва Донецк вилоятларида шахсий уйларни ўққа тутди, деди Зеленский. Шунингдек, у Россиянинг Запорижжя вилоятидаги дам олиш марказига берган зарбаси натижасида икки киши ҳалок бўлганини маълум қилди. «Бу зарбада ҳарбий маъно йўқ. Қўрқитиш учун фақат шафқатсизлик», — дея қўшимча қилди у.

АҚШ махсус элчиси Стивен Уиткоффнинг Москвага ташрифи куни эълон қилинган постида Украина президенти ўз мамлакатига қарши уруш бошлаган Москвага босимни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. «Ҳозирда АҚШ, Европа ва "еттилик" арсеналидаги барча дастакларни кучайтириш жуда муҳим, бу сулҳ ҳақиқатан ҳам дарҳол юз бериши учун керак. Украина сиёсий иродани кўряпти, шерикларимиз, Америка ва ёрдам берган барчанинг саъй-ҳаракатларини қадрлайди. Ва биз керакли қарорларга ишонамиз», — деди Зеленский.

Аввалроқ Стивен Уиткофф Россия раҳбарияти билан музокаралар ўтказиш учун бешинчи ташрифи билан Москвага келди. Махсус элчининг Россияга ташрифи ҳақида аввалроқ россиялик ҳамкасби Владимир Путинга Украинадаги урушни тугатиш чораларини кўриш учун 10 кун муҳлат берган АҚШ президенти Доналд Трамп эълон қилган эди. Унинг сўзларига кўра, Москва Уиткоффни «кўришни хоҳлаган». «Улар уни учрашувга таклиф қилди. Демак, бундан нима чиқишини кўрамиз», — деганди Трамп. 

Мавзуга оид