Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Пахтакор-79». Тўлаган Исоқов ва Дмитрий Аннинг хотиралари

«Пахтакор»нинг фожиадан олдинги таркиби
Бугун ўзбек футболи тарихидаги энг мудҳиш сана. 1979 йилда «Пахтакор» Минск йўлида авиаҳалокатга учраганди. Қирқ олти йил ўтган бўлса-да, бир футбол мухлиси учун унутиш иложсиз бўлган воқеа, ҳалигича бу фожиага гувоҳ бўлган кишилар ўша дардни қайта-қайта ҳис қилиши шубҳасиз.
Ишонмасангиз, бугун бир айланиб Боткин қабристонига боринг – бугунги давр учун бироз бегона бўлган манзарага гувоҳ бўласиз. Бир-бирини танимайдиган инсонлар бир мақсад учун ташриф буюришади, умумий танишлари, аниқроғи, суюклиларини хотирлашади, бир-бирларига ҳамдард бўлишади. Риё йўқ, расмга олиб, интернетга қўйиш-ку хаёлларига ҳам келмайди, чунки тасаввурда улар анча эски даврга кўчиб бўлишган, ўша «Пахтакор» йигитларини бирма-бир кўз олдидан ўтказаётган бўлишади.
Қарангки, бу ҳалокатдан 46 йил ўтган бўлса, ўша рейсда учганларнинг энг ёши каттаси ҳам шу ёшда бўлган экан. Қайсидир маънода бир авлод даври ўтибди аллақачон.
***
Сергей Покатилов 1975 йилда оғир жароҳат олади. Аммо унинг иродаси ва қатъийлиги ортга чекинишга йўл қўймайди ҳамда орадан уч йил ўтиб, 1978 йилги чемпионатнинг иккинчи даврасида асосий таркибдаги ўрнини қайтариб олади. 28 ёшда эди.
Тошкентга келишидан олдин шифокорлар Юрий Загуменнихнинг ҳаётини базўр сақлаб қолишганди. Аммо бу ҳаёт ногиронлик тамғаси остида ўтиши кераклиги қатъий талаб қилинади. Футболчининг ақл бовар қилмас иродаси натижасида у катта футболга қайтади. 32 ёшда бўлган.
Владимир Макаров футбол ўйнашни Душанбеда бошлаган, «Пахтакор»га ҳар жиҳатдан мос келганди, у жамоавий футболчи эди ва бу жамоадошлари билан тезда тил топишида ва жамоанинг ажралмас бўлаги бўлиб қолишида муҳим аҳамият касб этганди. У ҳам 32 ёш.
Олим Аширов фожиа куни 24 ёш бўлган, у «Пахтакор»га 17 ёшида келганди ва ҳимоя марказидан жой олганди. Амплуасига қарамай, у ҳужумга ҳам тез-тез қўшилар, бир неча муҳим голлар муаллифига айланганди.
Николай Куликов футболдаги илк қадамларини Москвада қўйган, 1974 йилда эса Ўзбекистонга келиб, «Хонқа», «Янгиер» каби жамоаларда ўзини кўрсатган. 1977 йилда «Пахтакор»га таклиф қилинади ва жамоанинг олий лигага қайтишида ҳисса қўшади.
Равил Агишев футболчи сифатида Бухорода тарбия топади, 16 ёшида «Пахтакор»нинг ўринбосарлар таркибида майдонга туша бошлайди. 1978 йилдан асосий таркиб ўйинларида майдонга тушган. Эндигина 20 ёшга тўлганди.
Шуҳрат Эшбўтаев 1978 йилги ўринбосарлар таркибидаги сермаҳсул ўйинлари орқали мураббийлар назарига тушганди. Асосий таркибда ҳам йўқолиб қолмади, асосан захирадан майдонга тушганига қарамай, учта гол муаллифига айланганди. У ҳам 20 ёш.
Владимир Собировни ўша пайтларда Хоразмнинг «Хонқа» жамоасининг бош мураббийи Сергей Доценко тавсия қилганди. «Пахтакор»да ҳам у йўқолиб қолмайди, аста-секин асосий таркибга кириб бораётганди. 21 ёш.
Сирожиддин Бозоров атиги 18 ёш бўлган, балки Минскда ўзининг асосий таркибдаги илк учрашувини ўтказиши мумкин эди.
Виктор Чуркин 28 ёшли ҳужумчи, 1976 йилда таркибга қўшилган ва асосий таркибнинг барқарор ўйинчиларидан бирига айланди.
Константин Баканов «Пахтакор»даги илк ўйинини 1972 йилда, 18 ёшида ўтказганди. Истеъдодли футболчи, футбол мактабида унинг илк устози «Пахтакор»нинг 60-йиллардаги ҳимоячиси Акмал Азизхўжаев эди.
Александр Корченов жамоа етакчиларидан бири, қийин вазиятларда ўзида куч топиш ва жамоани олдинга бошлаш қобилиятига эга эди. У «Пахтакор» таркибида 200 га яқин ўйинда майдонга тушган. Ёши 30 да бўлган.
Михаил Ан бутун мамлакатда тан олинган, ном қозонган футболчи эди. У собиқ иттифоқ ёшлар жамоасига жалб этилганди ва жамоа сардори сифатида Европа чемпионатида зафар қучганди. 26 ёш.
Владимир Фёдоров «Пахтакор»да ўйнаган ўйинчилар орасида терма жамоага энг кўп жалб қилинган футболчи эди. Тошкентликлар 1-лигага тушиб кетганида ҳам, Лобановский уни термага чақиришни тўхтатмаганди. 23 ёш.
Идгай Тезитдинов (46 ёш) футболчиликни тугатгач, мураббийлик соҳасида ишлай бошлади ва нимадир уни «Пахтакор»га доим тортарди. У жамоага қайтди ва иккинчи мураббий сифатида ишлай бошлади. Шунингдек, жамоа администратори Мансур Толибжонов ва врач Владимир Чумаков ўша мудҳиш авиаҳалокат қурбонига айланганди.
Бир неча йил олдин россиялик журналист Игор Рабинер Ўзбекистонга ташриф буюрган ва ўша фожиани ўз танасидан ўтказган инсонлар билан суҳбатлашиб, мақола тайёрлаганди. Қуйида «Пахтакор 79» аъзоларидан бири бўлган ва сафар ўйинига олиб кетилмагани учун омон қолган Тўлаган Исоқов, шунингдек, Михаил Аннинг ўғли Дмитрий Аннинг хотираларини ўқишингиз мумкин.
«Икки марта ўзимни ўлдирмоқчи бўлганман» (Тўлаган Исоқов)

1979 йилнинг 27 майи менинг иккинчи туғилган куним бўлган. Ўша куни «Пахтакор» Москвада «Динамо»га қарши ўйнаган ва рақибнинг Автоген лақабли ҳимоячиси Александр Новиков мени оғир жароҳатлаганди. Ўйиндаги оддий ҳолат, атайлаб қилган деб ўйламайман. Аммо Новиковдан жиддий жаҳлим чиққанди. Ўшандаёқ қасос режаларини туза бошлаган, жавоб ўйинида албатта ҳеч қачон эсдан чиқмайдиган қилиб сабоқ беришни ният қилгандим. Аммо қарангки, ўша жароҳат менинг ҳаётимни сақлаб қолди. Сабаби, 11 августга қадар тикланиб улгурмадим ва ўша мудҳиш рейсга чиқмадим.
Ўша йилнинг 16 ноябр куни «Динамо» иккинчи давра ўйини учун Тошкентга келди. Мамлакатдаги ҳамма клублардан йиғилган янги «Пахтакор» иштирокини давом эттираётган, лекин мен ҳали бирор марта ҳам майдонга тушмагандим. Ўша ҳалокатдан кейин умуман футболни якунлаш ҳақида ўйлаб юргандим.
Ўйин тугагач отамнинг қатъий илтимосига биноан Новиковнинг олдига бордим ва уйга таклиф қилдим.
«Отам сен билан учрашмоқчи», – дедим. «Динамо» эртаси куни учиб кетиши керак, шунинг учун бунинг иложи бор эди. Уйга келдик. Отам дарҳол Александрга тўн кийдирди. Новиков ҳайрон.
«Отам ҳаётимни сақлаб қолганинг учун миннатдорчилик билдиряпти», – дея тушунтирдим мен.
Ўтирдик, озгина ичдик, у пайтларда бусиз иложи йўқ эди. Ош қилдик. Бизда ошнинг 28 тури бор, отам Фарғона водийсида туғилган, фарғонача ош қилиб берди.
Ўша мавсум бошларида, апрел ойида бўлажак чемпион «Спартак» билан ўйнаган эдик. Эсимда, ўйин Москвада эмас, негадир бошқа шаҳарда бўлиб ўтганди. 1:1 ҳисобида тугаган. «Спартак»дан Олег Романцев гол урган, биздан мен. Майдонда ҳам у билан қарама-қарши бўлганмиз – у қанот ҳимоячиси, мен эса қанот ҳужумчиси эдим. Ўша гол менинг футболдаги охирги голим бўлиб қолди. Ўша куни тўп сурган 13 «пахтакорчи»дан атиги 4 нафари тўрт ой ўтиб Минскка учмади ва тирик қолганди.
Жамоа сардори Михаил Ан ҳам ўшанда жароҳатда эди, аммо шунчаки йигитларга далда бўлиб туриш учун самолётга ўтирганди. Авиаҳалокатдан олдин биз қаторасига 4 ўйинда ғалаба қозонгандик – асосий мақсад бу серияни давом эттириш эди. Ан ажойиб йигит эди, майдонни жуда яхши кўрарди.
Ёдимда, фаолиятини энди бошлаган пайтларда танаффусда бутсасини улоқтириб, «бунақа иссиқда қандай футбол ўйнаш мумкин?» деб жиғибийрон бўлганди. Лекин кейин кўникиб кетди, мамлакатда у каби техникали футболчилар бармоқ билан санарли бўлган – Володя Гуцаев, Давид Капиани... Ан деярли юлдуз эди, аммо негадир терма жамоага чақиришавермасди.
Фёдоров ҳам зўр футболчи, Ан билан ёшлар ўртасида Европа чемпиони бўлишган. Терма жамоага ҳам мунтазам чақирилар, Монреалдаги 1976 йилги олимпиадада бронза медал ҳам олган. Бутун таркиб киевликлардан ташкил топган ва фақат у. Аммо «Пахтакор»га жуда содиқ эди. Ахир айнан уни киевликларга қўшиш бежиз эмасди, «Динамо»га жуда кўп чақиришган. Унга кўп айтишган – бу ерда нима бор сенга, Киевга ўт, чемпион бўласан, Европа кубокларида ўйнайсан?
«Пахтакор» чемпион бўлмагунча бу ердан кетмайман», – дерди доим у.
Ростан ҳам кетмади.
Мен ҳам Ан каби йигитларга қўшилиб, Минскка учишим мумкинмиди? Ҳа. Яна омадим келганди.
8 август куни «Пахтакор» уйда «Заря» устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Мен ўйиндан кейин кийим алмаштириш хонасига кириб, болаларни табрикладим, 9 август куни эса Москвага, машҳур жарроҳ Зоя Мироновада даволаниш учун учдим. Амалиётни Тошкентда қилишганди, Миронова мени кўриб шундай деди: – Наҳотки сизларда ҳам шунақа кучли жарроҳлар бор? Зўр ҳаммаси. Даволаниш ҳам шунақа ўтсинми?
– Агар уйда ҳам иложи бўлса, бу ерда ётмасам ҳам бўлар?
– Ўзингиз биласиз, истасангиз ётинг, истасангиз уйга кетаверинг.
«Заря» билан ўйиндан кейин йигитлар «Оқсоқол, тезроқ қайт» деб қолишганди, шуни эсладим ва уйга, рафиқамга телефон қилдим. У Спорт қўмитаси билан гаплашиб, менга уларнинг кўрсатмасини айтди:
– Қайтаверинг, эртага жамоа Минскка учар экан. Сиз улар билан бориб, ўша ердан Курганга, профессор Илизаровга борар экансиз.
Ўша пайтларда собиқ мураббийимиз Вячеслав Соловёв иттифоқ футбол федерациясида ишлар эди. Унга айтдим.
– Шундоқ ҳам мавсум охиригача ўйнай олмайсан. Олти соат учиб келдинг. Икки-уч кун Москвада дам ол, кейин кетаверасан, – деди Соловёв.
Шу билан мен қолдим. Нафақат Новиков, шунингдек, Соловёв ҳам менинг ҳаётимни қутқариб қолган бўлиб чиқяпти. Ҳалокатдан кейин Соловёвнинг хотини менга телефон қилиб, «сен иккинчи Всеволод Бобров бўлдинг» деганди. Аввалига тушунмадим. Кейин билишимча, Бобров ҳам 1950 йилда ҳалокатга учраган ҳоккей жамоаси таркибида бўлган, аммо учмаган экан.
Бош мураббий Олег Базилевич ҳам қутулиб қолган. У Сочига, рафиқасининг олдига аввалроқ учиб кетган, ўша ердан Минскка боришни режалаштирганди. У ҳам менга ўхшаб жуда қийналган, ҳеч қабул қила олмаганди. Тез-тез капитан кемани охирги бўлиб тарк этиши кераклигини, ўша куни эса капитан кемада бўлмаганини такрорларди. Ўзини айбларди. Нима ҳам қила оларди? Мавсум охиригача ишлаб, кейин кетди.
Анча кучли жамоа йиғилганди. Асосан маҳаллий тарбияланувчилар, юқори мақсадлар қўйилган. Рақобат кучли эди, «Пахтакор» аъзоси бўлиш осон иш эмасди. Ахир қаторасига тўрт ғалаба ҳам тасодиф эмас.
Ёмон томони, ҳар йили мураббий алмашарди. Мени Михаил Якушин топган. Ўзим ўйнаган 13 йилда у ва Вячеслав Соловёв жамоа учун энг яхши ишлашганди. Қанча мураббийларни кўрдим – Аркадев, Елисеев, Красницкий, Башашкин... Сўнгги мавсум олдидан Корчетков ўрнига Базилевич тайинланганди. Ўз услубини олиб киришни бошлаган, ўз вақтида Киевда Лобановский билан бирга қурилган агрессив, прессингга асосланган футболни.
Айтганча, Базилевич ва Лобановский бошқарган «Динамо»ни биз Соловёв билан 5:0 ютгандик. Мен ва Миша Ан дубл қилганмиз. Бу октябрда бўлганди, июнда Киевдаги учрашувда ҳам 1:0 га ютганмиз, ягона голни мен урганман. Бир ярим ой олдин «Ференцварош»ни енгиб, кубок эгалари кубоги соҳиби бўлган, Европа Суперкубогида эса «Бавария»ни ютган «Динамо»ни йирик ҳисобда ютганмиз. Базилевич албатта, буларни яхши эсларди, менга жуда яхши муносабатда бўлган. Ўттиз ёшимда футбол ўйнамай қўйганимда ҳам мураббийлар штабида мени олиб юрганди.
Ўзбек футболи афсоналаридан бири Биродар Абдураимов ҳам 1978 йилда мураббийлар штабида бўлган. Аммо кейинги йили иккинчи лига жамоасига мураббий бўлиб кетди ва у ҳам ҳалокатдан қутулиб қолди. Худди шундай, Саша Яновскийнинг ҳам омади келган. Ўша йили у «Пахтакор»га келган ва асосий дарвозабон эди, аммо рақобатда Покатиловга ютқазиб қўйди. Натижада ўринбосарлар таркиби билан бир кун олдин Минскка учганди. Бу ҳам тақдир.
Ўша лаҳзада ҳеч ким неча киши вафот этганини билмасди. Қўрққанимиз, аслида анча кўп бўлиши мумкин эди, зеро одатда асосий таркиб ўринбосарлар билан бирга учарди. Айнан ўша куни алоҳида кетилган. Ака-ука Эшбўтаевлардан бири ўринбосарлар билан учган. Жамоа массажчиси Анатолий Дворников ва журналист Олег Якубов бирга айланиб, рейсга кеч қолишди, деган гаплар бўларди. Нотўғри, аслида улар улгурган. Шунчаки, ичиб олишгани учун бортга чиқаришмаган. Дворниковни-ку, дарҳол жамоадан ҳайдашган. Бу борада қоидалар қаттиқ эди, футболчилар ҳам агар режимни бузишса, қаттиқ жазоланишарди.
«Пахтакор ҳалокати сири» деган филм ҳам чиқди. У ердаги бир версияга кўра, самолёт қанақадир ҳарбий объект устидан учаётганда уриб туширишган. Ишонмайман. Гўёки, ўша пайтдаги Украина раҳбари Шербицкий билан Шароф Рашидов ўртасида зиддият бўлганмиш. Уларнинг оддий самолётларни уриб туширишдан бошқа иши йўқми?
Таъзия маросими орадан бир ҳафта ўтиб, 18 август куни бўлиб ўтди. 17 юк машинаси, 17 тобут. Эрталаб соат олтида аэропортда мотам митинги бўлди, кейин шаҳар бўйлаб машиналар ўтаётганда йўл бўйига икки юз мингга яқин одам чиққан. Ҳамма йиғлаганди.
Беш кишини Тошкентга, мана шу Боткин қабристонига кўмишди. Самарқандга Бозоровни кўмишга бордим, Навоийга Эшбўтаевни, Бухорога Собировни қўйдик. Албатта, жанжаллар ҳам бўлган, тобутни очмоқчи ҳам бўлишган. Лекин рухсат йўқ, аскарлар томонидан қўриқланганди. Ниманиям кўриш мумкин у ерда, ахир икки самолёт тўқнашган, қанча баландликдан қулаган.
Бозоров, 18 ёшли йигитча, умуман ўша рейсда бўлиши керакмас эди, у ўринбосарлар таркибида ўйнарди. Бир кун олдин отаси кўргани келган, туғилган куни бўлгани учун эртасига учишни раҳбарлардан сўраган. Рухсат олган...
Тиклангач, мен ўша мавсумда ҳам майдонга тушишим мумкин эди. Катта раҳбарлар ҳам, Базилевич ҳам қайтишимни илтимос қилишган. Аммо рад этдим. Бунинг иложи йўқ эди. Базага борсанг-у, у ерда шунча йил бирга йўл босиб ўтган йигитларни учратмасанг? Ухлай ҳам олмасдим, доим йигитлар тушимга киришарди. Футболни ташладим. Учишдан ҳозирчага қўрқаман, самолётга кўп чиқмайман.
Аммо мураббий бўлиб ишлашда давом этдим. Оила боқиш, ишлаш керак ахир. Базилевич кетгач, мени мураббийлар олий мактабига ўқишга жўнатишди. Ҳозиргидек қисқа ўқиш эмас, икки йил давом этган.
Футбол федерацияси «Пахтакор» қандай ўрин олса ҳам уч йил олий лигадан тушмаслиги ҳақида қарор чиқарди. Ўшанда мен мамлакатдаги қуйи лигалардан ёшларни йиғишимиз кераклиги, у ерда истеъдодли футболчилар кўплигини айтдим. Аммо раҳбарият бошқа қарорга келди, бошқа клублардан тажрибали футболчиларни йиғиб олишди. Ҳар бир клубдан биттадан футболчи сўрашди.

Нима бўлганда ҳам, четдан келган футболчи шунчаки ўйнамайди. Табиийки, ўз шартларини айтади. Кўпчилиги масалан, машина сўраган. Уларни ҳам айблаш қийин, ҳамманинг ҳам ўз ҳаёти бор. Лекин бунақа қилиб қандай жамоа тузиш мумкин?
Ўзбекистонда «Пахтакор-79» хотирасини доим ўрнига қўйиб келишади. Ҳар йили августда хотирлаш маросими, болалар, фахрийлар иштирокида халқаро турнирлар ташкил қиламиз.
Алла Тазетдиновага ҳам қойил қолиш керак. Авиаҳалокатда вафот этган ёрдамчи мураббий Идгай Тазетдиновнинг рафиқаси. Воқеадан кейин бутун ҳаётини Алла Сергеевна «Пахтакор-79» хотираси учун бағишлади. Барча футболчиларнинг аёллари билан дўстлашиб, бир мақсад йўлида бирлаштирди, барча хотира маросимларини ташкил қилиш, филм ва китоблар чоп этилишининг бошида турди. Ҳатто воқеа содир бўлган Куриловка қишлоғидаги ёдгорлик ҳам айнан унинг сайи-ҳаракатлари билан амалга ошганди.
Ўша авария содир бўлишда айбдор бўлган диспетчерлардан бири Жуковский кейинчалик қамоқда ўзини ўлдирган, дейишади. Бу ҳақиқатдан йироқ. Берилган муддатни ўтаган, кейин ўз ажали билан вафот этган.
Мен ҳозир анча хотиржам гапириб беряпман, чунки шунча йил ўтди, кўзда ёш ҳам қолмади. Аммо ўша пайтларда қандай ҳолатда бўлганимни тасаввур ҳам қила олмайсиз. Икки марта ўзимни ўлдирмоқчи бўлганман, айтдим-ку, йигитлар тинимсиз тушимга киришарди, мен ҳам улар билан бўлгим келган. Ўзимни осишга сал қолганда, отам мени уйдан ҳайдаб солган. Тўрт девор орасида ўтиришимни истамаган. Айнан отам футбол ўйнамаслигим кераклигини айтганда, унга қулоқ солдим. Аслида жисмоний ҳолатим билан яна бир неча йил ўйнашим мумкин эди».
«Бир ўзбек ҳалокат бўлган жойга велосипедда бориб, Украина тупроғидан олиб келиб отамнинг қабри устига сепганди» (Дмитрий Ан)
«Отам ўша машъум рейсда Минскка учмаслиги лозим эди аслида. У жароҳатланганди. Шундай бўладики, у «Пахтакор»ни кузатгани аэропортга чиқади. Жамоа оддий йўловчи самолётда учаётгани учун керакли ўринлар банд қилинган, аммо биттаси бўш қолганди. Биринчидан, Олег Базилевич эртароқ учиб кетган, иккинчидан, футболчилардан бири ҳам кела олмаганди.
Ҳалигача, нега отам жамоа билан кетганини тушуна олмаймиз. Ахир у ҳам, онам ҳам самолётда учишдан қўрқар, ноқулайлик ҳис қилишарди. Жуда бир фобия эмаску, лекин қўрқув доим бўлган. Балки шунчаки йигитларни қўллаб-қувватламоқчи бўлгандир, ахир у сардор эди. Ўша «Пахтакор» эса жуда аҳил бўлган – ҳамма бир киши учун, бир киши ҳамма учун.
Мудҳиш хабар тарқалган куни онам билан Сочида дам олаётгандик. Мен аниқ эслай олмайман, лекин қўлида мени кўтариб уёқдан буёққа югуриб юргани элас-элас ёдимда. Болада стресс бўлганда, бунақа лаҳзаларни эслаб қолса керак. Назаримда, дарҳол меҳмонхонадан чиқиб, Тошкентга учганмиз.
Ҳамма отамнинг жуда яхши инсон бўлганини айтади. Спорт интернатида мендан юқорироқ синфда ўқиган ўртоғим бор, унинг холаси бир воқеани айтиб берганди. У Ўзбекистон велоспорт федерациясида ишлаган ва бир куни «Пахтакор» ҳам ташриф буюрган шаҳарда бўлишган. Нимадир бўлади-ю, икки кишига қайтишга чипта қолмайди ва шунда отам Владимир Фёдоров билан ўз чиптасини ўша аёлга бериб, ўзлари меҳмонхонага кетишган ва бир кун кейин учишган экан. У пайтда отам ҳам, Фёдоров ҳам ёшлар ўртасида Европа чемпиони бўлиб улгуришган, ҳамма танийдиган спорт устаси эди. Аммо ҳеч қачон кибрга берилмаган, оддий инсон бўлиб қолишган.
Отам вафот этганда мен беш ёшда эдим. Анча ёш бўлганим учун кўп нарсани хотирлай олмайман. Тошкент аэропортига онам билан жамоани кутиб олгани чиққанимиз эсимда. Улар АҚШдаги бир турнедан келишган, отамнинг қўлида Генри Киссинжер томонидан энг яхши футболчи учун берилган соврин бор эди. Ўша соврин ҳалигача уйимизда туради. Шунингдек, баъзи сафарлардан менга олиб келган ўйинчоқларни эслайман. У пайтларда онам Москвада ўқир, мен бувим билан турардим.
Синглим отамни умуман кўрмаган, у ўша йил ноябрида дунёга келган. Шундай бўлса ҳам, у отамни жуда яхши кўради. Онам 23 ёшда бўлган, аммаларим ҳатто болани олдириб ташлашни ҳам маслаҳат беришган экан. Лекин онам қатъий туриб олган. У отамни жуда яхши кўрарди, кейин ҳеч кимга турмушга чиқмади, ҳеч ким билан муносабатга ҳам киришмади.
«Пахтакор» мактабида мен Валерий Кечинов билан бир синфда ўқиганман. Ҳозир ҳам баъзида гаплашиб турамиз. Яна бир синфдошимиз Коля (Николай) Ширшов, терма жамоада узоқ йиллар ўйнади, «Пахтакор»да, «Ростов»да тўп сурди. Афсуски, вафот этди.
Олманинг тагига олма тушади, дейишади, табиийки, футболчи сифатида иқтидорим йўқ эмасди. Лекин етарлича ривожлантира олмадим. Афсуски, кўп ўйнаш насиб қилмади. Иккинчи лига жамоасида тўп сурдим, иттифоқ тарқагач, Ўзбекистон чемпионати олий лигасида «Умид» жамоасида ўйнадим. Тиззамда доимий оғриқ туфайли, бор имкониятимни ишга сола олмасдим. Жуда яхши биламан, агар бор кучингни бермасанг, натижа бўлмайди, нари борса, ўртача футболчи бўлиш мумкин.
Яқинда Қурбон Бердиев билан учрашдим, амалиёт учун ундан ўрганишим керак эди. Бакиевич аввалига мени Михаил Ан билан фамилиядош деб ўйлабди, лекин ўғли эканимни билганидан сўнг, қучоқлаб олди. Бир неча дақиқа гаплашишни дилимга туккандим, тўрт ярим соат бирга ўтирдик, чой ичдик.
Бердиев отам билан тенгдош, 1952 йилда туғилган. Менга турли ҳикояларни айтиб берди. Айтишича, ўша мавсумдан олдин у ҳам «Пахтакор»га ўтишига сал қолган экан. Лекин Ашхободда аризасини қабул қилишмаган ва у ҳарбий хизматга, Ростовнинг СКА жамоасига кетган.
Михаил Аннинг ўғли эканим менга ёрдам берганми ёки халақит? Кўпроқ ёрдам берган. Шу маънодаки, мен доим, ҳар қандай вазиятда инсон бўлиб қолишга уриндим. Ахир барибир мени таққослашади, гапиришади. Ўнгга юрасан, чапга юрасан, дарров айтишади – «отаси бундай қилмаган бўларди». Ўзимдан ёмон хотира қолдиришни истамайман, зеро отамдан фақат яхши гаплар қолган. Ҳалигача одамлар мени кўрганда отам ҳақида қандайдир яхши воқеани айтиб беришади.

Фото: Игор Рабинер, «СЭ»
Ҳар йили 11 август куни «Пахтакор-79» ҳалокатга учраган кунни ёдга оламиз. Мен «Пахтакор» академияси тизимида ишлаганим учун биламан, клуб бу санага алоҳида тайёргарлик кўради, жиддий эътибор қаратади. Бугунги ўйинчиларидан тортиб, раҳбарият, ходимлар, ҳаммаси аввал «Пахтакор» стадионидаги ёдгорликка, кейин Боткин қабристонига ташриф буюришади. Ким раҳбар бўлишидан қатъи назар клубдаги бу анъана доим сақланиб келган.
Аксарият футболчиларнинг тобути бошқа қабристонларга қўйилган. Ўрта Чирчиқ туманида корейслар диаспорасининг ўз маркази бор. Отам ўша ерда, Свердлов колхозида туғилган, улғайган ва ўша ерга кўмилган. Йилда икки марта отамнинг қабрини зиёрат қиламан. Баҳорда қабрни бўяш керак, кузда ҳам қараб қўйишга тўғри келади.
Украинанинг Куриловка қишлоғида, ўша самолётлар тўқнашган жойга ҳеч бормаганман. Аммо бир куни ўша ердан келган бир одам билан гаплашгандим. Улар ўша ерда «Пахтакор» учун ёдгорлик ўрнатишибди. Ҳалокат қандай содир бўлганини, самолёт қисмлари ерга қанақа сочилганини айтиб беришганди.

Wikimedia Commons
Бир ўзбек мухлиси эса Куриловкага велосипедда борибди. У ернинг тупроғини олиб келиб, отамнинг қабрига сепган, вафот этган ҳар бир футболчининг оиласига бир ҳовучдан тупроқ берганди. У айнан шунинг учун Украинага борган экан».
Қаҳрамон Асланов тайёрлади
Мавзуга оид

16:07 / 11.08.2020
Самога сочилган 17 сарлочин. 41 йил аввалги «Пахтакор-79» авиаҳалокати хронологияси

23:34 / 11.08.2019
Тошкентда меҳмон СССР, ҳамон формадаги Азамат ва Миржалол, ҳет-трик қилган «Олтин тўп» соҳиби — «Пахтакор»-79 хотира ўйинидан галерея

21:43 / 11.08.2019
«Улар бизнинг бир бўлагимиз эдилар» — самарқандлик мухлислар «Пахтакор»-79 жамоасини қандай эслашади?

16:41 / 11.08.2019