Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Термизга олиб борувчи йўлда таъмирлаш ишлари қай йўсинда олиб борилмоқда?
Шу кунларда хизмат сафари билан Сурхондарёга боришга тўғри келди. Албатта, Ўзбекистоннинг энг жанубий вилоятига автомобилда боришга қарор қилганимиз сабабли М-39 “Тошкент-Термиз”автойўлининг Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудидан ўтган ва капитал қурилаётган қисмларида ишлар қайдаражада олиб борилаётганини ҳам кузатиш имконига эга бўлдик.

Тўғрисини айтганда, йўлнинг, айниқса Сурхондарё вилоятидаги аксар қисми таъмирланиб бўлингани ва равон экани ҳайдовчилар учун анча қулайлик тақдим этмоқда. Бироқ йўлнинг кўприклар қурилаётган қисмларида айрим жиҳатларга эътибор берилса, янада яхши бўлар эди.
Хусусан, кечаси ҳаракатланганда йўл қисмининг торайиши ҳақида ахборот берувчи белгиларни деярли кўриб бўлмайди. Улар ёруғликни қайтармайди. Бундан ташқари, кўприкка яқинлашганда қўйилган тўсиқлардаги йўналтирувчи қизил чизиқлар ҳам шундай. Анча яқин келгандан кейингина йўл йўналиши қайси томонга ўзгаришини била оласиз, холос. Бу эса, кечки вақтда жиддий оқибатларга сабаб бўлувчи омиллардан бири ҳисобланади.
Кичик қуёш панелларидан фойдаланилмаса ҳам, ёруғлик қайтарувчи жиҳозлар воситасида йўл йўналиши кўрсатиб турилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди, назаримизда. Бундан ташқари, равон йўлда келаркансиз, тўсатдан тошли-шағалли йўлнинг бошланиши, баъзи жойларда ҳайдовчи бундан огоҳлантирилмаслиги белгиланган тезликда келган ҳайдовчини ҳам шошириб қўяди. Йўл қурилиши бўйича мутасаддилар мазкур йўлда қурилиш меъёрларига қанчалик риоя қилинаётганини танқидий ўрганиб чиқишса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Сурхондарёдан қайтарканмиз, Китоб довонидан ўтиб, Қашқадарё-Самарқанд чегарасига келганимизда қизиқ бир ҳолатга дуч келдик. Шундоққина, Самарқанд ёзуви туширилган энг баланд нуқтада маҳаллий аҳоли қурут, қуритилган мева каби маҳсулотлар билан савдо қилмоқда. Каттагина текис кенглик. У ерда қурилиши тугалланган, аммо фойдаланилмаётган биноларга ҳам кўзимиз тушди. Харидорлар орасида, аксари кекса ёшли 40га яқин хорижлик сайёҳ ҳам бор эди. Шу ўринда, уларнинг кўпчилиги ниманидир қидириб, атрофга боқаётгани, ҳайрон қолгандек ўзаро бир-бирига қарашларига диққат қилдик ҳамда улар нимани қидираётганини тусмоллашга уриндик.
Бу эса, кўп вақтни олмади. Улар ҳожатхона қидираётганига доир тахминимиз тўғри чиқди. Кўпчилиги теварак-атрофни айланиб ҳам чиқишди. Тўғри, текисликда, Самарқанд ёзувининг орқасида қўлбола ҳожатхона бор эди, бироқ уни “ҳожатхона” дейишга тил бормайди. 4та устун атрофи матоми-эй, бир нарса билан ўраб қўйилган. Унинг ҳам бир томони деярли очиқ.
Шу ўринда мутасаддиларга яна бир таклиф. Шу ерда ҳўл ва қуруқ мевалар савдоси билан шуғулланувчиларнинг бошини қовуштириб, барча талабларга жавоб берувчи санузел тармоғини ҳашар йўли билан барпо қилиш имкони наҳотки бўлмаса. Савдогарлар ўзлари ташаббус билдирмаётган экан, кимдир бу ишни назоратга олиши керакми-йўқми? Балки бирор тадбиркорга ер ажратиб берилса, пуллик ҳожатхона қуриш имкони ҳам пайдо бўларди. Хуллас, катта-ю кичик ҳожатингиз Китоб довонидан ўтгач, айни Самарқанд чегарасига етганда қийнаб қолса, ҳозирча, озгина сабр қилишингизга тўғри келади.
Мавзуга оид

19:02 / 01.08.2025
Россиялик овчи Сурхондарёда ноёб морхўрни овлаш учун 100 минг доллар тўлагани маълум бўлди

14:28 / 31.07.2025
Тошкентдан Самарқанд ва Андижонга пулли йўллар қурилиши 2026 йилда бошланиши мумкин

21:50 / 30.07.2025
Самарқандда 1 миллиард 200 миллион долларлик 14 та янги лойиҳа шакллантирилди

15:32 / 30.07.2025