Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Буйраги алмаштирилган беморлар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасидаги дори можароси қандай ечим топади?
Буйрак алмаштирган беморлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилаётган, аҳволни оғирлаштирувчи «Ролиграф» дори воситаси ўрнига шу пайтгача қабул қилиб келинган ва асоратсиз «Панграф» дорисини берилишини талаб қилишмоқда.
Ўзбекистонда буйраги алмаштирилган беморлар сони 600 нафардан ортиқ. Улар иммунитетни пасайтирувчи дори воситаларини мунтазам қабул қилишлари керак ва бу дорилар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бепул таъминланади.
Аммо жорий йил август ойидан бошлаб беморларга таклиф этилаётган «Ролиграф» дори воситасини кўпчилик қабул қилишни истамай, ўрнига шу пайтгача қўлланилиб келинган «Панграф» дориси берилишини талаб қилишмоқда.
Баҳс-мунозаралар бир неча ойдан бери давом этиб келмоқда. Бу орада беморлар бир неча марта вазирлик қошида тўпланиб, ўз норозиликларини намойиш қилишган, талабларини билдиришган.
Уларнинг сўзларига қулоқ тутилса, аксариятлари «Ролиграф» дори воситасини қабул қила бошлаганлари учун аҳволлари оғирлашганини айтадилар. Янги восита ўрнига шу пайтгача қабул қилиб келинган ва асоратларини билдирмаган «Панграф» дорисини беришларини сўрашяпти. Беморларнинг мутлақ кўпчилиги асоратлар ҳақида эшитишлари билан бу дорини ичишни тўхтатишган. Ичиб кўриб, натижасини кузатишга қўрқишган ҳам. Чунки улар кимнингдир буйраги билан ҳаёт кечираётган, ўз таъбирлари билан айтганда «нариги дунё остонасига бориб қайтган», ўз таналари устида таваккал қила олмайдиган инсонлар бўлиб, ҳар бир дорига ҳадик билан қарашларини тушуниш мумкин.
Бу масала бўйича мунозаралар кучая бориб, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда қатор чиқишлар бўлганидан кейин, ССВ биноси олдидаги бир неча марта йиғилишлардан сўнг вазирлик 7 октябрь куни қуйидагича расмий баёнот берди (қисқартирилди):
«Юртимизда ишлаб чиқарилган ёки импорт қилинган ҳар бир дори воситасининг ҳар бир серияси сифат назоратидан ўтказилиб, мувофиқлик сертификати ҳам расмийлаштирилади.
Таъсир этувчи моддаси такролимус бўлган, таъсири жигар, буйрак ёки юрак аллотрансплантатлари ажралиши реакциясининг олдини олишда қўлланиладиган, бешта компания томонидан ишлаб чиқариладиган 5 савдо номидаги дори воситалари ҳамда тўртта компания томонидан ишлаб чиқариладиган, таъсир этувчи моддаси микофенолат мофетил сақловчи 4 савдо номидаги дори воситалари Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, тиббиёт амалиётида қўлланилишга рухсат этилган.
— Айни пайтда беморларимизга берилаётган «Ролиграф» дори воситасининг таркиби ва таъсир этувчи моддаси «Панграф» дори воситаси билан бир хил, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош трансплантологи Улуғбек Йўлдошев. — Яна бир эътиборли жиҳати, «Панграф», «Програф», «Такролимус» дори воситалари суткасига икки марта қабул қилинган бўлса, улардан фарқли ўлароқ «Адваграф» ва «Ролиграф» дори воситаларининг таъсири узайтирилган бўлиб, улар суткасига бир марта қабул қилинади, холос. Эслатиб ўтамиз, мазкур дори воситаларини ўз вақтида ва белгиланган миқдорда истеъмол қилиш тавсия этилади...» — деган сўзлар бор Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими тарқатган маълумотда.
Аммо бу баёнот ҳам, вазирликнинг кейинги ҳаракатлари ҳам норози бўлаётган беморларни қониқтирмади ва 17 октябрь куни 50 нафарга яқин беморлар ҳамда уларнинг яқинлари яна Соғлиқни сақлаш вазирлиги олдига тўпландилар.
«Бу ердаги одамлар қайсидир жигарининг бир аъзосини олганлар, нариги дунё остонасидан қайтган одамлар. 2 йил ёки 4–5 йил Худонинг берган умрини яшаб юрибди. Бизнинг устимизда тажриба ўтказиб бўлмайди. Бир марта организмни ишдан чиқарсак, қайтиб ўзимизга кела олмаймиз. Буни тушуниш учун катта профессор бўлиш шарт эмас, ўн одамда ёмон кўрсаткич бўлгани бизга етарли», — дейди Равшан Муродов.
«Менинг турмуш ўртоғимга 64 яшар қайнонам бир буйрагини берган. Ўзи операцияга жуда кўп харажат қилдик. Камига янги доридан ошқозон-ичак тизими бузилиб, креатини 1000 га чиқиб кетибди. Ҳозир яна диализга тушиб қолиши мумкин. Мен энди қаердан пул топаман? Эримнинг соғлиги нима бўлади? Олдинги дорида бунақа муаммо бўлмаган, беришсин бизга ўша дорини, бизнинг бошқа талабимиз йўқ», — деди бемор Баҳодир Пўлатовнинг аёли Дилором Пўлатова.
Йиғилганларнинг барчаси шу талабни такрорлашаяпти.
Вазирлик мутасаддилари йиғилганларни кўчадан бинога, мажлислар залига таклиф қилишди. Барчани қабул қилган вазир ўринбосари Баҳодир Низомов соҳага оид мутахассисларни ҳам муҳокамага жалб қилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош трансплантологи Улуғбек Йўлдошев олдин айтган фикрини яна такрорлади ва «Ролиграф» дори воситасининг таркиби ва таъсир этувчи моддаси «Панграф» дори воситаси билан бир хил эканлигини таъкидлади.
Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштирш давлат маркази бўлим бошлиғи Мукаррам Эргашева юртимизга кириб келувчи ҳар бир дори воситаси сингари «Ролиграф» ҳам қатор текширувлардан ўтказилганлиги, аммо клиник синовлардан аввал ўтганлиги сабаб жаҳон тажрибасига кўра қайта ўтказилмаслиги, бу жуда кўп вақт ва маблағ талаб қилишини билдирди.
— Бу дорилар GMP талабларига мувофиқ ишлаб чиқарилган. Керакли клиник синовлар ўтказилганидан кейингина ўз давлатида ва бошқа давлатларда рўйхатдан ўтказилиб, тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган, — деди М.Эргашева.
Беморлар бу дори воситаси ҳақида интернетда ҳам маълумот топа олмаганликлари, ўзлари операция қилинган Ҳиндистоннинг қатор клиникалари, Туркия, Россия ва АҚШ каби давлатларда ҳам бу дорини билишмаслиги, ишлаб чиқарувчиси ҳам номаълумлиги бўйича эътироз билдирдилар.
Бунга жавобан «Ролиграф» етказиб берган «PharmHealth» фирмаси ҳуқуқшуноси Шуҳрат Қаюмов шундай деди:
— Бу дорининг заводи 1965 йилдан бери фаолият юритади. Хорижда бу дорини билишмаётгани сабаби «Ролиграф» номи фақат Ўзбекистон учун қўлланган. Таркиби «Панграф» каби айнан такролимус моддаси. Бу ном билан фақат Ўзбекистонда чиққанлигига сабаб инсулин билан бўлгани сингари бепул берилган дори воситасининг четга сотувга чиқариб юборилишининг олдини олиш. Нега «Панграф»нинг ўзи олиб келинмагани сабаби бизнинг фирма тендерда ютган ҳамда «Ролиграф»ни уч баробар арзон нархда етказиб бермоқда. Мана, завод, фирмамиз ҳақида, дори ҳақида ҳужжатларни тақдим этаман.
Берилган ҳужжатларга кўра айни заводнинг маҳсулотлари Кения, Нигерия, Филиппин, Шри-Ланка, Кувайт, Катар, Бутан, Лесото, Замбия каби қатор давлатларнинг Соғлиқни сақлаш вазирликлари томонидан маъқуллангани кўрсатилган.
Беморларнинг дорининг арзонлиги сифатига кафолат бўлмаслиги, аксинча, баҳосига учиб, қабул қилувчиларнинг ҳаётини хавф остида қолдириш мумкин эмаслиги бўйича эътирозларига вазир ўринбосари Баҳодир Низомов шундай жавоб берди:
— Тендер жараёни белгиланган тартибларга мувофиқ шаффоф ўтказилган. Биз дори воситаси харид қилганимизда унинг номини кўрсатмаймиз. Унинг фаол моддаси ва қўйилган талабларни билдирамиз. Бу жараёнда нарх охирги бўлиб ўрганилади ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмайди.
Беморлардан бири Қурбон Султонов қуйидаги таклифни билдирди:
— Майли, бизнинг «Ролиграф»га эътирозимиз йўқ, кимга маъқул бўла, организми кўтарса ичаверсин. Лекин бизга тўғри келадиган «Панграф» дорисини маълум муддатдан кейин етказиб беришнинг иложи борми? Майли, биз икки-уч ой, борингки, тўрт ой кутайлик. Лекин шундан кейин вазирлик керакли дорини оласизлар, деб ваъда берсин. Бизнинг бошқа талабимиз йўқ.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Низомов кўпчилик беморлар қўллаб-қувватлаган бу таклифни ўрганиб чиқиш ва жавоб бериш учун 24 соат сўради.
Белгиланган муддат ўтганидан сўнг учрашувга келганларнинг айтишича, вазирлик мутасаддилари бу тендер бўлиб ўтганлиги, энди кейинги тендерда албатта талаб қилинган дориларни харид қилинишини билдирганлар.
Шу куннинг ўзида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдаги баёноти эълон қилинди. Унда шундай сўзлар бор:
«БУЙРАК ТРАНСПЛАНТАЦИЯСИ ЎТКАЗИЛГАН БЕМОРЛАРНИНГ ДОРИ ТАЪМИНОТИДА ХАВОТИРГА ЎРИН ЙЎҚ
Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказилган беморларга давлат томонидан берилаётган иммуносупрессор дорилар масаласида турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Хусусан, давлат томонидан берилаётган дорилар баъзи беморларнинг соғлиғига таъсир этаётгани, «Панграф» ўрнига берилаётган «Ролиграф» дори воситасидан беморлар хавфсираётгани ҳақида сўз юритилаяпти. Бу борадаги барча мурожаатлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари томонидан атрофлича ўрганилди.
Маълумки, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, дори воситаларининг сифати, самарадорлиги ва безарарлиги тегишли экспертизадан ўтказилиб, ўрнатилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнггина тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилади. Бундан ташқари, юртимизда ишлаб чиқарилган ёки импорт қилинган барча дори воситасининг ҳар бир серияси сифат назоратидан ўтказилиб, мувофиқлик сертификати ҳам расмийлаштирилади. Жумладан, буйрак трансплантацияси ўтказилган беморларга берилаётган дорилар ҳам ҳар томонлама чуқур синовдан ўтказилган.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида буйрак ва жигар кўчириб ўтказилган 664 нафар бемор рўйхатда бўлиб, улардан 590 нафар бемор такролимус ва микофенолат мофетил препаратлари билан давлат томонидан бепул таъминланмоқда. Дори воситаларининг ўз вақтида беморларга етказиб берилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, қатъий назоратга олинган.
Бироқ, кейинги вақтларда бундай дориларни етказишда қисқа муддатли узилишлар бўлиб, дори захираси камайди. Давлатимиз томонидан бу муаммога ўз вақтида ечим топишнинг шошилинч чоралари кўрилди.
Шу боис, 2019 йил июль ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги иммуносупрессор дори воситаларини етказиб бериш бўйича танлов ўтказди. Беморларни ушбу зарур дори воситалари билан таъминлаш «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунга асосан очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида амалга оширилди. Бунинг натижасида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «PharmHealth» МЧЖ ўртасида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган «Ролиграф», «Аллосепт» иммуносупрессор дори воситаларини харид қилиш бўйича шартнома тузилди. Ҳозирги пайтда буйрак ва жигар трансплантация қилинган беморларнинг иммуносупрессор дори воситаларига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланди.
Шу ўринда айтиш керакки, «Аллосепт» ва «Ролиграф» дори воситалари республикамиз ҳудудида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ва тегишли мувофиқлик сертификатларига эга. Ролиграфнинг таркиби беморларга илгаридан бериб келинган «Панграф»нинг таркиби билан мутлақо бир хил. «Аллосепт» дорисига келсак, у ҳам илгаридан ишлатиб келинадиган «Майсепт» дорисининг аналог шаклидир. Ушбу дори воситалари зарур ишлаб чиқариш амалиёти — GMP талабларига мувофиқ ишлаб чиқарилган бўлиб, ўз давлатида ва бошқа хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказилиб, тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган. Шу ўринда такрор айтамизки, ҳар бир доривоситаси GMP, яъни халқаро талабларга мувофиқ ишлаб чиқарилдими, демак, унга нисбатан шубҳа бўлиши ноўрин ҳисобланади.
Интернет тармоғида, шунингдек, ҳозирда Ўзбекистонда истеъмолда бўлган «Аллосепт» доривоситаси қадоғини халқаро реестрлардан топа олмаганликлари ҳақида ҳам фикр билдирилган. Бунинг сабаби шуки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 27 октябрдаги «Дори воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ, дори воситасини мамлакатимизда рўйхатдан ўтказиш жараёнида унинг Ўзбекистондаги истеъмолчига мўлжалланган ўрамининг макети тасдиқланади. Шунинг учун ушбу макет бошқа давлатлар реестрига киритилиши талаб этилмайди. Ҳар бир мамлакатда мазкур давлат талабларига мувофиқ дори воситаси ўрамининг макети тасдиқланади.
Яна бир мурожаатда беморлар «Панграф», «Майсепт» дори воситаларидан «Аллосепт», «Ролиграф» препаратларига ўтишганида ич кетиши, кўнгил айниши, ҳолдан тойиш каби ҳолатларни бошдан кечирганликлари айтилади. Аммо, Соғлиқни сақлаш вазирлигига бугунги кунгача бу борада бирор бир расмий мурожаат келиб тушмаган. Бундай мурожаатларга жавобан шуни айтишимиз мумкинки, айни пайтда академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида буйрак трансплантация ўтказилган беморлар «Ролиграф» ва «Аллосепт» иммуносупрессив дори воситалари билан даволаняпти. Бундан ташқари, айни пайтда юртимизда рўйхатга олинган 664 нафар бемордан 278 нафар киши ҳам айнан ушбу дори воситаларини истеъмол қилишмоқда. Мана қарийб икки ойдирки, улар айнан шу дориларни қабул қилаяпти, аммо ножўя таъсири ҳақида шикоят бўлмади. Ҳозирги кунда Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам ушбу дори воситасини қабул қилган беморлар сони 30 нафардан ортиқ кишини ташкил этади. Шу кунгача ушбу беморларда ҳам ножўя таъсир кузатилгани йўқ.
Аслида, ҳеч қандай дори воситаси йўқки, ножўя таъсир кузатилмаса. Ҳатто олдин қабул қилинган дориларда («Майсепт», «Панграф») ҳам ножўя таъсир тез-тез кузатилиб турган. Бундай ҳолатда дарҳол шифокор билан маслаҳатлашиш лозим. Агар ножўя таъсир айнан шу дори воситасидан бўлаётгани аниқланса, дорининг дозасини вақтинча камайтириш ёки зарур бўлса бошқа зарур даво муолажалари тавсия этилади. Бундай тактик тавсиялар бутун дунё трансплантолог шифокорлари томонидан деярли бир-хилда олиб борилади.
Шу ўринда бу дорилар ҳақидаги маълумотларни дуч келган шифокордан эмас, иммуносупрессант дорилар билан ишлашни биладиган, бу борада тажрибаси, энг муҳими, бундай дориларни ишлатишга юридик ҳуқуқи бўлган шифокорлардан сўрашингизни илтимос қилган бўлардик. Акс ҳолда, бу дорилар «ноқонуний цехларда тайёрланган» каби исбот қилинмаган тахминлар юзага келаверади.
Буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказилган беморларнинг барчасигабир хил дори буюрилиши масаласида ҳам ҳар хил мулоҳазалар юритилаяпти. Аввало, трансплантациядан кейинги даврда барча беморлар иммуносупрессант дориларни доимий равишда қабул қилиб бориши ҳаёти учун муҳим. Бу йўналишда кенг тарқалган даволаш услуби уч компонентли схема бўлиб, биринчи навбатда айнан таркибида такролимус элементини сақловчи дориларни беришдан иборатдир. Демак, такролимусдан ташқари бошқа дорини бера олмаймиз. Акс ҳолда трансплантация қилинган аьзо зарарланиб, иш фаолиятини йўқотади. Такролимусни қайсидир сабабларга кўра бемор қабул қила олмасагина (ножўя таьсирлар ривожланган ҳолларда), уни фақат таркибида циклоспорин сақловчи дорига алмаштиришимиз мумкин. Дунё статистикасига эьтибор берсак, трансплантацияни бошидан ўтказган беморларнинг 80 фоизи такролимусни, қолган 20 фоизи эсациклоспоринни қабул қилиб келади.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда буйрак ва жигар трансплантация ўтказилган беморларнинг дори таъминотида хавотирга ўрин йўқ. Бу борада барча жараёнлар, жумладан, дориларнинг сифати, ўз вақтида етказилиши ва беморларнинг кузатуви Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қатъий назоратида.
Ботир ДАМИНОВ, Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази директори
Улуғбек ЙЎЛДОШЕВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош трансплантологи
Зоҳид МАТКАРИМОВ, Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази қон-томир жарроҳи, нефролог».
Мазкур баёнот ҳолат юзасидан эътироз билдираётган беморларни қониқтирмаслиги аниқ. Демак бу масалага якуний нуқта қўйилди, деб бўлмайди. Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Аброр ЗОҲИДОВ, журналист.
Дониёр ЯКУБОВ, тасвирчи.
Мавзуга оид

14:00 / 17.02.2025
Дориларни сут билан ичиш уларнинг таъсирини яхшилайди — тадқиқот

15:12 / 18.01.2025
Алоҳида дори воситаларини клиник тадқиқотларсиз давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби белгиланди

20:04 / 14.10.2024
Чилонзорда салкам 44 минг долларга қалбаки дори сотганлар ушланди

18:53 / 30.07.2024