Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Бу ерда Россиядагидек текшир-текширлар йўқ» — Украинада ишлаётган ўзбек уста
Ўзбекистонлик Ҳабибулло Солиев ўз шогирдлари билан бир неча йиллардан бери Украинада қурилиш соҳасида меҳнат қиляпти. Улар билан Киев вилоятида учрашиб, яшаш ва иш шароитлари билан қизиқдик.
Ҳозирги кунда Украинада 45 мингга яқин ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда, 3 мингдан ортиғи таълим олмоқда. Хусусан, андижонлик Ҳабибулло Солиев бир неча йиллардан бери бу мамлакатда муҳожирликда меҳнат қиляпти.
Kun.uz мухбирлари Украинага сафари давомида уста йигит ва унинг шогирдлари билан мулоқотда бўлди.

Осешчина – Киев вилоятининг Вишгород туманига қарайдиган кичик қишлоқ бўлиб, Днепр дарёси бўйидаги сўлим жойда жойлашган. Ҳамюртларимиз мана шу қишлоқда қурилган янги дала ҳовлида меҳнат қилишмоқда.
«Бир неча йиллардан бери Украинада ишлаяпмиз. Қурилиш ишлари билан шуғулланамиз. Асосан ички пардозлаш ишларни бажарамиз – сувоқ, обои, гипсокартон, кафель ва бошқалар», дейди Ҳабибулло Солиев.
Меҳнат муҳожирларини қийнайдиган асосий муаммолардан бири – иш ҳақини ўз вақтида олиш, десак муболаға бўлмайди. Ҳабибуллонинг сўзларига кўра, Украинада кўп йиллар давомида ишлаб келаётган бўлса-да, иш берувчиларнинг бирор марта алдаб, пулини бермаган ёки кечиктириб юборган ҳолатлар бўлмаган.
«Хусусий уй эгалари билан ишлаймиз, уларнинг буюртмасини бажарамиз. Иш берувчиларимиз жуда яхши инсонлар, маошимизни ўз вақтида беришади. Бизга яратилаётган шароитлардан, маошнинг миқдоридан мамнунмиз. Бунда муаммо йўқ.
Яшаш шароитимиз яхши. Мана, қиш бўлишига қарамай, қурилиш объектида хоналар иссиқ, шароитлар яхши қилинган», дейди у.
Уста йигит Украинадаги меҳнат шароитлари ҳақида ҳам гапириб ўтди.
«Бу ерда ишлаш Ўзбекистондан фарқ қилади. Иш берувчи буюртма беради, шароит яратади. Озиқ-овқат, еб-ичиш масаласини ўзимиз ҳал қиламиз. Ўз ҳисобимизга бозор қиламиз, ўзимиз овқат тайёрлаймиз».
Ватандан узоқда ишлаётган ҳамюртларимиз одатда ўзга юртларда ўзини бегонадек ҳис қилишидан шикоят қилишган. Украинада хорижликларга, хусусан ўзбекистонликларга бўлган муносабат қандайлиги билан ҳам қизиқдик.
«Украина халқи ўзбекларга ўхшаган жуда меҳмондўст, хориждан келганларни ҳурмат қиладиган халқ экан. Нимаики яхши сўзлар бўлса, шунга лойиқ одамлар. Улардан хурсандмиз», деди Ҳабибулло Солиев.
Баъзи мамлакатларда куч ишлатар идораларнинг меҳнат муҳожирларига бўлган муносабати ёмонлиги, нохуш ҳолатлар кўп бўлишини, босим қилиб, товламачилик йўли билан пул ундиришлари ҳақида эшитганмиз. Украинада маҳаллий полициянинг меҳнат муҳожирларига муносабати қандай?
«Украинани бошқа давлатлар билан, масалан Россия билан солиштирсак, бу ерда 3 ойгача ҳеч қандай рухсатнома ёки патент олмасдан ишлашимиз мумкин. Агар бу муддат ўтиб кетса ҳам, кўчаларда полиция тўхтатиб, ҳужжат текшириб ёки ишлаётган жойимизга қўққисдан бостириб келган ҳолатлар бўлмаган. Кўча-кўйда юришимизда ҳам ҳеч қанақа муаммо йўқ. Худди ватандагидек бемалол юрамиз», дейди Солиев.
Уста йигитнинг қўл остида икки шогирди ишламоқда. Улардан бири 25 ёшли Достонбек Давлатов Украинага яқинда келган.
«Ҳабибулло ака билан биргаликда қурилиш соҳасида ишлаяпмиз.
Асосан қурилиш ишлари билан шуғулланамиз. Меҳнат шароитларимиз, ётоғимиз яхши, овқатларни ўзимиз тайёрлаймиз. Бозорни ўзимиз қиламиз. Ишлаганимизга яраша ҳақимизни ўз вақтида олиб келяпмиз. Олмай қолган ҳолатлар бўлмади», дейди Достонбек.
Ўзбек халқи меҳнаткашлиги билан ҳурмат қозонган, ҳеч қаерда кам бўлмаган. Хорижда ишлаётган уста йигитлар мисолида бунга яна бир бор амин бўлдик. Ҳамюртларимизга яхши ниятларни тилаб, улар билан хайрлашдик.
Нурмуҳаммад Саид, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид

21:34
АҚШ биринчи марта Украинага ёрдам кўрсатиш учун «Кўнгиллилар коалицияси» йиғилишига қўшилди

20:32
Европа комиссияси Украинани қайта тиклаш жамғармаси ташкил этилишини эълон қилди

15:07
Рим папаси яна Ватиканга Украина бўйича музокараларга таклиф қилди

13:37