Жаҳон | 11:45 / 14.10.2022
5008
2 дақиқада ўқилади

БАА авиакомпанияси Абу Даби—Самарқанд йўналишида арзон қатновларни йўлга қўяди

Авиакомпания сайтида парвозлар 2022 йил 13 декабрдан бошланиши маълум қилинган.

Фото: Wizz Air Abu Dhabi

Бирлашган Араб Амирлигининг Wizz Air Abu Dhabi авиакомпанияси расмий сайтида 2022 йил 13 декабрдан бошлаб Абу-Даби—Самарқанд йўналишида йўловчиларни таший бошлашини эълон қилди.

Wizzair.com сайтида Абу-Даби—Самарқанд йўналишида парвозлар ҳафтада икки марта — сешанба ва шанба кунлари амалга оширилиши маълум қилинган.

Учиш жадвали маҳаллий вақт билан:

— Абу-Дабидан учиш вақти 6:30 да, Самарқандга 10:45 да қўнади;

— Самарқанддан учиш вақти 11:20 да, Абу-Дабига 13:55 да қўнади.

Чипталар нархи 149 дирҳам (40 доллар ёки Марказий банкнинг айни дамдаги курси бўйича 443 минг сўм) дан бошланади. Бу нарх ҳозирча фақат БААдан Ўзбекистонга келадиган сайёҳлар учун экани айтилмоқда.

«Марказий Осиё Wizz Air Abu Dhabi авиакомпанияси учун асосий ривожланаётган бозор ҳисобланади. Биз ушбу тарихий регионга ўз парвозларимизни кенгайтиришда давом этамиз. Самарқандга ташкил этилаётган янги қатнов Airbus A321 neo самолётларида амалга оширилади. Самарқанд маданиятлар чорраҳасида жойлашган, ҳар бир киши бориб кўриши керак бўлган қадимий шаҳар ҳисобланади», дейди авиакомпания бошқарув директори Майкл Берлиус.

Авиакомпания сайтларида дастлабки парвоз учун чипталар бир томонга учиш учун 90 доллардан таклиф этилмоқда. Агар чипталар кейинроққа олинса, унинг санасига қараб 60 ва 40 долларгача пасайиб боради.

Маълумот учун, 2022 йил 1 октябрдан эътиборан Самарқанд халқаро аэропортида «Очиқ осмон» режими жорий этилди.

«Очиқ осмон» режими Самарқанд халқаро аэропортининг техник имкониятларини инобатга олган ҳолда халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ хорижий авиакомпаниялар учун рейслар ва йўналишлар бўйича чекловлар бекор қилинишини англатади.

Эндиликда хорижий авиакомпаниялар ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битим мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар Самарқанд халқаро аэропортига авиақатновларни амалга ошира олади.

Мавзуга оид