Ўзбекистон | 20:07 / 19.06.2023
32797
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг катта ҳудуди чанг ичида қолди (видеолар)

Кучли шамол туфайли Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида 40 мингдан ошиқ истеъмолчи электр тармоғидан узилди.

Фото: Telegram / В Стране O'z

19 июн куни Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида кучли чанг бўронлари кузатилмоқда. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ноқулай об-ҳаво туфайли кўчаларда ҳаракатланиш қийинлашганини кўриш мумкин.

ФВВ Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилояти ҳудудларида содир бўлган гидрометеорологик табиат ҳодисаси юзасидан маълумот тақдим этди.

Унга кўра, 19 июн куни Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида кучли шамол эсиши натижасида чангли бўронлар содир бўлди. Ўзбекистонда, шунингдек, Марказий Осиё ва қўшни мамлакатларда чангли бўрон ҳодисалари азалдан тез-тез учраб туради. Одатда, ҳавога кўтарилган қум ва чанг массалари шамол кучсизлашгандан сўнг тарқалади ва ерга ўтиради.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан жабрланганлар тўғрисида ФВВга мурожаатлар келиб тушмаган.

Айни вақтга келиб ғарбий ҳудудларда вазият барқарорлашган, ўз навбатида Тошкент шаҳрида кучли чанг бўрони кузатилмоқда.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовга кўра, республика ҳудудларида кузатилаётган чанг бўронлари давомли кузатиладиган чанг бўронлар эмас.

«Чанг бўронлари баландлиги ва мавжуд синоптик вазиятдан келиб чиқиб, ушбу табиат ҳодисасини жойларда 2-3 соатгача давом этишини прогноз қилиш мумкин. 

Биринчилардан бошланган Бухоро ва Навоий вилоятларида чанг бўрони билан боғлиқ вазият анча барқарорлашмоқда», деган у ўз телеграм-каналида.

Кучли шамол туфайли тўрт вилоятда 40 мингдан ортиқ хонадон электр таъминотидан узилган

Энергетика вазирлиги хабар қилишича, 19 июн куни соат 17:00 га қадар Бухоро ва Навоий вилоятларида кучли шамол туфайли бир неча ўн минглаб хонадонлар электр узатиш тармоғидан узилди.

Жумладан, Бухоро вилоятининг Шофиркон, Пешкў ва Ғиждувон туманларида 6 минг, Навоий вилоятининг Нурота, Навбаҳор, Конимех ва Кармана туманларида 23 560 истеъмолчи электр таъминотидан узилган.

«Ҳудудда кучли шамол эсиши пасайгандан сўнг электр таъминоти қайта тикланади», — дея қўшимча қилди Энергетика вазирлиги.

Кейинроқ вазирлик соат 18:00 га келиб кучли шамол оқибатида Самарқанд вилоятининг Пахтачи ва Қўшработ туманларида ҳам 9 минг хонадон электр таъминотисиз қолганини маълум қилди.

Оқибатда туманлардаги жами 9 минг хонадон электр энергиясисиз қолган.

Жиззах вилоятида эса соат 19:00 ҳолатига кўра Жиззах шаҳри, Фориш, Арнасой, Дўстлик, Шароф Рашидов, Ғаллаорол ва Пахтакор туманларидаги жами 12 250 та истеъмолчининг электр таъминотида узилиш кузатилган.

Мавзуга оид