Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Киев ва Москвада митинглар. Уруш суратлари
Киевда митингга чиққанлар шаҳар ҳокимиятидан армия учун пул ажратишни талаб қилмоқда, Москвада эса сафарбар қилинганларнинг рафиқалари ўтказган акция иштирокчилари қўлга олинди.
Киевда норозилик акцияси
Киевда шаҳар маъмурияти биноси олдида ҳарбийларни қўллаб-қувватлаш, Украина қуролли кучлари эҳтиёжлари учун молиялаштиришни ошириш ҳамда бюджет харажатлари шаффофлигини таъминлаш талаблари билан коррупцияга қарши янги акция бўлиб ўтди. Бундан ташқари, бу сафар талабларга шаҳарни янада инклюзив қилиб, яраланган ва ногиронлиги бор ҳарбий фахрийлар учун қулай муҳит яратиш бўйича чақириқлар ҳам қўшилган.
Шаҳар маъмурияти биноси олдида бу каби акция ўтказилиши одат тусини олмоқда, охиргиси уч ойга яқин вақт олдин бўлиб ўтганди. Акция ташкилотчиларидан бири Мирослав Гавришчук «Суспилне» нашрига айтишича, Киевда ҳозирда бюджет харажатларининг атиги бир фоизига яқини ҳарбийларни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилади, ҳолбуки Украинанинг бошқа шаҳарларида бу кўрсаткич анча юқорироқ. «2023 йилги таҳлилларга кўра, Киевда бюджет профицити кузатилган, бу эса қўшимча маблағлар ҳам мавжудлигини англатади», — деган Гавришчук. Унинг сўзларига кўра, ўтган йил давомида ўтказилган бу каби акциялар қисман натижа берган — шаҳар ҳокимияти ҳарбийларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 3,3 миллиард гривна (880 минг доллар атрофида) ажратган.

Vlada Liberova / Libkos / Getty Images
Донбассга жўнаб кетишга тайёрланаётган ҳарбийлар
Яқинда CNN нашрида чиққан мақоласида Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужний Украина шахсий таркибни тўлдиришда қийинчиликларга дуч келаётгани, РФ ҚК эса инсон ресурсларида катта устунликка эришаётганини тан олганди. Украина қуролли кучлари йўқотишларга учрашда давом этмоқда, шу билан бирга Украина ҚК ҳарбий хизматчиларининг ўртача ёши ортиб бормоқда — The Sunday Times баҳоларига кўра, ҳозирда бу 43 ёшни ташкил этади. Ҳукумат бу муаммони ҳал этиш учун сафарбарлик учун қуйи ёш чегарасини 27 дан 25 га туширишни таклиф қилмоқда — ҳозирда бундан ёшроқ йигитларни фақат уларнинг розилиги билан жангга юбориш мумкин. Володимир Зеленский яқин вақтлар ичида қўшимча 450–500 минг кишини сафарбар қилиш режалари ҳақида гапирган, аммо бу масалада якуний қарор ҳали қабул қилинмаган.

Moktar Hamdi / Sipa / Scanpix / LETA

Moktar Hamdi / Sipa / Scanpix / LETA
Сафарбар қилинган аскарларнинг рафиқалари Москвадаги акцияда
Шанба куни Москвадаги Кремл деворлари олдида Россияда сафарбарлик эълон қилинганига 500 кун тўлгани муносабати билан уюштирилган акция бўлиб ўтди. Оқ рўмол ўраган аёллар Александровский боғидаги Номаълум аскар қабрига келишди ва Мангу олов олдига гулдасталар қўйишди. Акция сафарбар қилинганларнинг рафиқалари тузган «Пут домой» гуруҳи томонидан ҳар шанба куни ўтказилади — бу сафаргиси ҳисоб бўйича тўққизинчиси бўлди. Бу сафар акцияни мухолифатчи Максим Кац ва Алексей Навалнийнинг жамоаси қўллаб-қувватлаб, бошқаларни ҳам унда иштирок этишга чақирди.
Москва прокуратураси бунга жавобан бир кун олдин «келишилмаган оммавий маросимларда иштирок этганлик» учун жавобгарлик борлиги ҳақида огоҳлантирганди — ва акция куни чиндан ҳам иштирокчилар қўлга олинди. Аммо қўлга олинганларнинг аксари воқеани ёритиш учун келган журналистлар бўлишган. Хусусан, «Осторожно, новости», Sota.Vision, «Коммерсант», France Press, Spiegel таҳририятлари ўз ходимлари ушлангани ҳақида хабар беришган, шунингдек «За права человека» ҳаракати фаоллари полиция бўлимига олиб борилган. Шу билан бир вақтда, Владимир Путиннинг Покровкадаги сайловолди штаби олдида қўлга олиш жараёни бўлиб ўтган, бу ерда полиция акцияни ёритиш учун келган яна етти журналистни ушлаган.

Reuters / Scanpix / LETA



Reuters / Scanpix / LETA

Фото: Гоша Гузовский
Покровскдан эвакуация
Покровск — Донецк областининг аннексия қилинган Донецкдан 50 километр, фронт чизиғидан 40 километр масофада жойлашган шаҳри. Покровск ҳудуди деярли ҳар куни ўққа тутилади. Қуйидаги кадрларда — Покровскда яшовчи кекса аёлларнинг Украинадаги «Восток SOS» хайрия фонди томонидан шаҳардан эвакуация қилиниши жараёни акс этган.

Diego Herrera Carcedo / Anadolu / Getty Images


Diego Herrera Carcedo / Anadolu / Getty Images


Diego Herrera Carcedo / Anadolu / Getty Images
Мавзуга оид

08:53
Киев қурол ишлаб чиқарувчиларга маҳсулотини урушда синаб кўришни таклиф қилмоқда

07:34
Будапешт: Европа Иттифоқи бюджетининг 20 фоизи Киевга кетади

20:47 / 20.07.2025
Украина Россияга музокараларнинг янги раундини ўтказишни таклиф қилди

20:19 / 20.07.2025