Жамият | 08:11 / 20.02.2025
4559
2 дақиқада ўқилади

Андижонда “Тозалаш“ тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилди

Андижонда 11 йил аввал содир этилган жиноят фош қилинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Видеодан кадр

Тадбирлар давомида қарийб 11 йил аввал босқинчилик жиноятини содир этган шахсларнинг жиноий қилмиши фош этилди. Шаҳрихон туманида яшовчи фуқаронинг хонадонига 2014 йил 21 май тунида икки нафар ниқобли шахс пичоқ ва ов қуроли билан кириб, хонадон эгаси ва унинг оиласига ҳужум қилган. 

Номаълум шахслар пул талаб қилган. Уй эгаларига кимгадир бу ҳақда мурожаат қилган тақдирда ўлдириб кетиш билан таҳдид қилган. Уй эгасининг телефонини синдириб, номаълум томонга яширинган. 

Ушбу жиноятни 1990 ва 1993 йилда туғилган икки нафар шахс содир этгани аниқланиб, улардан бири қўлга олинди. Унинг жиноий шеригига нисбатан эса қидирув олиб борилмоқда. 

Жиноятни содир этишда фойдаланилган ов милтиғи олиниб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди. 

Хўжаобод туманида 1984 йилда туғилган шахс бошқарувидаги Lacetti автомашинаси тўхтатиб текширилди. Унда жами 2 кг гашиш гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди. 

Яна бир ҳолатда ноқонуний майнинг фермасини ташкил этган шахс аниқланди. Унинг хонадонидаги майнинг қурилмалар ва совитиш омбори туман электр тармоқлари корхонаси билан шартнома тузмасдан, ноқонуний равишда тармоққа уланиб фаолият юритиб келган.

Бунинг оқибатида 1,2 млрд сўмлик зарар етказилган.

Мавзуга оид