Жамият | 12:28 / 07.03.2025
56
5 дақиқада ўқилади

“Беш дақиқа”: Ҳемингуэй билан сукутни бузамиз

“Беш дақиқа” бу – ҳафталик видеолойиҳа. Ҳар бир сонида битта асарни муҳокама қиламиз. Мақсад фақатгина китобни тарғиб қилиш эмас, балки у орқали ҳаётни англаш, тафаккур қилиш, дунёга маърифат кўзи орқали қарашга интилишдир.

Китоб ўқишни қайта қадрлаш, ундаги маъноларни ҳаёт билан боғлаш – биз учун энг муҳим вазифа.

Бугун сиз билан муҳокама қиладиганимиз – Эрнест Ҳемингуэйнинг “Чол ва денгиз” асари.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Эрнест Ҳемингуэй – ХХ аср жаҳон адабиётининг буюк намояндаларидан бири. У нафақат ёзувчи, балки жангчи, саёҳатчи ва маҳоратли журналист сифатида ҳам тан олинади. Ҳар бир асарида ҳаётнинг оғриқли, чуқур ҳақиқатлари бор.

Унинг услуби кам сўзлайди ва кўп маъно беради. Айниқса, “Чол ва денгиз” ана шу услубнинг ёрқин намунаси.

Бу асар 1952 йили чоп этилган. Орадан бир йил ўтиб, Пулицер мукофоти, 1954 йилда Нобел мукофотига лойиқ кўрилди. Нобел бу асарни "инсон руҳининг юксак ифодаси" сифатида баҳолади.

85-кунингизни кутяпсизми?

Асарнинг бош қаҳрамони Сантьяго исмли чол. У Куба қирғоғидаги кичик қайиқда балиқ овларди. Ёлғиз ва муҳтож инсон. 84 кундан бери бирорта балиқ тутолмаган. Аммо 85-куни у яна денгизга чиқади.

Ўша куни у улкан марлин балиғи билан тўқнашади ва афсонавий курашини бошлайди. Балиқ осонликча таслим бўлмайди, чол ҳам бўш келмайди. Уларнинг кураши икки кун давом этади. Охир-оқибатда чол балиқни енгади. Уйга қайтар чоғида эса денгиздаги акулалар ҳужумига учрайди. Йиртқичлар балиқни бўлак-бўлак қилиб ейди. Қирғоққа етиб келганда эса, улкан балиқдан фақат суяк қолган эди.

Асарнинг асосий ғояси инсон мағлуб бўлиши мумкинлиги, аммо уни бутунлай тор-мор этиб бўлмаслиги ҳақида. Ҳеч қандай нутқда бу ибора айтилмаса-да, матндаги ҳар бир ҳаракатда бу мазмун яққол кўринади.

Биз ҳам қайиқдамиз...

“Чол ва денгиз” бу – фақат балиқчилар ҳикояси эмас. Бу ҳар бир инсоннинг ҳаётдаги кураши.

Ҳар биримиз қайиқдамиз. Ҳар биримиз ўз "85-кунимиз"ни кутяпмиз - имконият келади ва у билан бирга синов ҳам келади.

Биз орзу қиламиз, курашамиз, етишамиз ва баъзан - қўлимизда ҳеч нарса қолмайди. Лекин курашлар ортидан катта тажриба, англанган ҳақиқатлар, ўзликни йўқотмаслик йўлидаги хулосаларимиз бизда қолади.

Сантьяго ўз балиғини акулалардан омон сақлаб қололмади. Душманлар қаҳрамоннинг мукофотини бўлак-бўлак қилиб олишди. Шуниси аниқки, чол ўз шаънини сақлаб қолди, ҳақиқатини исботлай билди.

Асарда инсон қадри, сабр-матонати - шу қадар чуқур тасвирланадики, ўқиб, ўзингизни қайиқда ҳис қиласиз. Ҳаёт қайиғидан ўз улушингизни олиш учун курашга отланасиз, ҳеч нарса имконсиз эмаслигига амин бўласиз.

Дунё тан олган асар

“Чол ва денгиз” юзлаб тилларга таржима қилинган. Турли форматларда қайта-қайта кино, театр, мультфильмлар яратилган.

Кўпгина мактаб ва университетларда бу асар мажбурий ўқитилади. Чунки бу китоб фаол ҳаёт фалсафасини ўргатади.

Ҳақиқатга юзланиш, оғриқни қабул қилиш, лекин ўзингни йўқотмаслик. Бу орқали Ҳемингуэй бизга шунчаки китоб эмас, кўзгу тутади.

Асарда шундай сатр бор: «Одамзодни янчиб ташлаш мумкин, лекин уни енгиб бўлмайди».

Бу гапда улкан маъно бор. Бу инсонга берилган руҳий иммунитет - шартлар оғир бўлиши мумкин, лекин руҳият кучли бўлса, инсон синмайди.

Чол шикастланган, чарчаган, ёлғиз, лекин – мағрур. Унинг ҳар бир ҳаракатида "таслим бўлмаслик" ҳисси бор.

Акулалар - синов...

Мен учун бу асар мағлубиятдан сўнг яна қайтиб уриниш ҳақида.

Чолнинг қайиғи - ҳаёт. Балиқ - орзу. Акулалар - синов. Йўқотган бўлсангиз ҳам, ҳаракат қилганингизни ҳеч ким тортиб ололмайди.

Ҳозир, айни шу пайтда, сиз қандай кураш ичидасиз? Сизга ҳам акулалар ҳужум қиляптими? Орзу қилишдан қўрқмаяпсизми? Қайта-қайта оёққа туришга, курашишга тайёрмисиз? Унда ҳаракатни бошланг!

...

“Беш дақиқа”нинг илк сони шулардан иборат. Умид қиламизки, беш дақиқангизга рози бўласиз. Кейинги ҳафтада, яна бир асар муҳокамасида учрашгунча соғ ва омон бўлинг.

Исомиддин Пўлатов.

Мавзуга оид