Жаҳон | 11:49 / 26.05.2025
1230
3 дақиқада ўқилади

Доналд Трамп Евроиттифоқдан импорт учун божларни 9 июлгача кечиктирди

АҚШ президенти Европа Иттифоқидан олиб кириладиган барча маҳсулотларга 50 фоизлик бож жорий этишни 9 июлгача кечиктиришини эълон қилди. Бу қарор савдо музокараларига яна бироз вақт бериш мақсадида қабул қилинди.

Фото: Оқ уй

Доналд Трамп 25 май куни Truth Social ижтимоий тармоғидаги эълон қилган хабарида Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен билан суҳбатлашганини маълум қилди. Трамп илгари, агар бир ҳафта ичида савдо битимига эришилмаса, 1 июндан божлар кучга киришини айтган эди.

Трамп Европа Иттифоқи билан олиб борилаётган музокаралардан норозилигини билдириб, 90 кунлик муроса ойнаси давомида Иттифоқ томонидан етарли ён беришлар бўлмаганини танқид қилган эди. Бироқ кескин божлар таҳдиди дунёнинг энг йирик иқтисодиётларидан бири билан савдо урушига олиб келиши хавфини оширди.

Якшанба куни Трамп бу масалада вақтинчалик орқага чекинди.

«Бугун мен Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйендан қўнғироқ қабул қилдим. У Европа Иттифоқи билан савдо бўйича 50 фоизлик бож жорий этилиши муддатини узайтиришни сўради. Мен бу муддатни 2025 йил 9 июлгача узайтиришга рози бўлдим — буни қилиш мен учун шараф бўлди. Комиссия президенти музокаралар тез орада бошланишини айтди», — деб ёзди Трамп.

Фон дер Ляйен эса ижтимоий тармоқдаги баёнотида Трамп билан «яхши суҳбат» бўлганини, савдо битими тузиш учун Европа томонига қўшимча вақт кераклигини билдирган. У музокаралар «тез ва қатъий» тарзда давом эттирилишини айтди.

«Европа Иттифоқи ва АҚШ дунёдаги энг муҳим ва яқин савдо шериклигига эга», — деб ёзган Евроиттифоқ расмийси.

Бу божлар – Трампнинг глобал иқтисодиётга катта ноаниқлик олиб кирган савдо сиёсатидаги навбатдаги бурилишидир.

Трампнинг Европага қарши бож таҳдиди, у Хитой импортларига қўйилган 145 фоизлик божларни вақтинча юмшатишга рози бўлганидан бир неча ҳафта ўтиб эълон қилинди. Иқтисодчилар бундай божлар ва у билан боғлиқ ноаниқликлар дунё бўйлаб бизнес сармояларининг сусайишига ва таъминот занжирлари бузилишига олиб келаётганини огоҳлантириб келмоқда. Кўплаб таҳлилчилар глобал инқироз эҳтимолини ошган деб баҳоламоқда. 

Мавзуга оид