Иқтисодиёт | 15:02 / 27.05.2025
3267
3 дақиқада ўқилади

2025 йилнинг I чорагида Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2,2 млрд долларга кўпайди

2025 йилнинг 1 апрел ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат қарзи 42,4 млрд долларга етди. Давлат қарзининг 35,5 млрд доллари – ташқи қарз, 6,9 млрд доллари эса – ички қарз. Давлат қарзи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,1 млрд долларга ёки 20 фоизга ошган.

Фото: REUTERS

2025 йилнинг 1 апрел ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат қарзи 42 млрд 431 млн долларни ташкил этди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Давлат қарзининг 35,55 млрд долларини – ташқи қарз, 6,87 млрд долларини эса – ички қарз ташкил этган.

Давлат қарзи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7 млрд 82 млн долларга кўпайган. ЯИМга нисбатан улуши ҳам 1,8 фоизга ошиб, 31,7 фоиздан 33,5 фоизга етган.

Таққослаш учун, 2024 йилнинг 1 апрел ҳолатига давлат қарзи 35 млрд 349 млн долларни ташкил этган. Бир йил ичида ушбу кўрсаткич 20 фоизга ошган.

Жалб қилинган қарз маблағлари нимага ишлатилган?

2024 йил якунига кўра, жами давлат ташқи қарзининг 45 фоизи (15 млрд 291 млн доллар) бюджетни қўллаб-қувватлашга, 17 фоизи (5,74 млрд доллар) ёқилғи-энергетика соҳасига, 8 фоизи (2,8 млрд доллар) транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 9 фоизи қишлоқ ва сув хўжалигига (2,9 млрд доллар) йўналтирилган.

Ўзбекистон кимлардан қарз олган?

Жорий йил 1 январ ҳолатига давлат ташқи қарзининг кредиторлар кесимида тақсимланиши қуйидагича:

  • Жаҳон банки — 7,6 млрд доллар;
  • Осиё тараққиёт банки — 7,4 млрд доллар;
  • Халқаро инвесторлар (халқаро евробондлар) — 4,1 млрд доллар;
  • Хитой молия ташкилотлари – 3,8 млрд доллар;
  • Япония молия ташкилотлари — 2,9 млрд доллар;
  • Осиё инфратузилма инвестициялари банки — 1,6 млрд доллар;
  • Ислом тараққиёт банки — 944 млн доллар;
  • Франция молия ташкилотлари – 977 млн доллар;
  • Корея молия ташкилотлари — 740 млн доллар;
  • Халқаро валюта жамғармаси — 669 млн доллар;
  • Германия давлат банки — 415 млн доллар;
  • Европа тикланиш ва тараққиёт банки — 341 млн доллар;
  • Бошқа молиявий ташкилотлар — 1,9 млрд доллар.

Аввалроқ 2024 йил якунига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 64,1 млрд долларни ташкил қилгани хабар берилганди. Шундан корпоратив ташқи қарз ҳажми 30,2 млрд долларга тенг бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда жалб қилинадиган ташқи қарзнинг чекланган ҳажми 5,5 млрд доллар бўлиши кутиляпти. Шундан 3 млрд доллари давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун, қолган қисми эса инвестиция лойиҳаларига йўналтирилади.

Мавзуга оид